@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

«Юксалиш» ҳаракати «Ҳалоллик сари илк қадам» лойиҳасини бошламоқда

 2026-09-29 11:45:44   |     Просмотров: 966

«Юксалиш» ҳаракати болаларда ҳалоллик, адолат ва масъулият каби қадриятларни эрта ёшдан шакллантиришга қаратилган «Ҳалоллик сари илк қадам» лойиҳасини амалга оширишга киришмоқда.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги буюртмаси асосида, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ижтимоий буюртмалар танлови доирасида амалга оширилади.

Ҳалоллик қадриятлари болаларга содда ва қизиқарли усулда етказилади

Лойиҳанинг асосий мақсади мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ҳамда бошланғич синф ўқувчиларида ҳалоллик, адолат, масъулият, ўзгалар ҳақига ҳурмат ва коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришдан иборат.

Бунда болаларга ушбу тушунчалар уларнинг ёшига мос эртаклар, расмлар, интерфаол ўйинлар ва кундалик ҳаётий вазиятлар орқали содда ва қизиқарли шаклда тушунтирилади.

Лойиҳа 8 ой давомида Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод, Қашқадарё вилоятининг Косон, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳридаги мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларини қамраб олади.

2 500 нусхада ўқув-методик материаллар тайёрланади

Лойиҳа доирасида жами 2 500 нусхада ўқув-методик материаллар ишлаб чиқилиб, таълим муассасаларига етказилади.

Жумладан:

  • мактабгача ёшдаги болалар учун 1 000 нусхада қўлланма;

  • бошланғич синф ўқувчилари учун 1 000 нусхада қўлланма;

  • «Ҳалоллик» тўгараклари фаолияти учун 500 нусхада намунавий дастур тайёрланади.

Шунингдек, мактабгача ёшдаги болалар учун камида 10 та интерфаол «Ҳалоллик ўйини» ишлаб чиқилади.

Мактаблардаги «Ҳалоллик» тўгараклари учун эса бир ўқув йили давомида ҳафтада бир марта ўтказишга мўлжалланган машғулотлар дастури яратилади. Педагоглар болаларнинг ёшига мос методик воситалар билан таъминланади.

Энг намунали «Ҳалоллик» тўгараклари аниқланади

Лойиҳа доирасида «Энг намунали ҳалоллик тўгараги» танловининг низоми ва баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида яратилган методик материаллар ва ёндашувларни мамлакат миқёсидаги бошқа таълим муассасаларида кенг қўллаш бўйича амалий тавсиялар тайёрланади.

Лойиҳанинг асосий кутилаётган натижаси болаларда мактабгача ёшдан бошлаб бошланғич таълим босқичигача ҳалоллик қадриятларини изчил шакллантиришга хизмат қиладиган яхлит методик тизим яратишдан иборат.

Лойиҳа ҳужжатларига кўра, уни амалга ошириш учун ижтимоий буюртма доирасида 500 миллион сўм маблағ сўралган, «Юксалиш» ҳаракатининг лойиҳа доирасидаги ўз улуши эса 50 миллион сўм этиб белгиланган.

«Юксалиш» ҳаракати матбуот хизмати