@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Аҳолининг ижтимоий тармоқларда вақт ўтказиши бўйича таҳлил

 2026-09-13 15:02:01   |     Просмотров: 1422

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва уларда вақт оътказиш кундалик ҳаётимиздаги асосий одатлардан бирига айланди. Бу ҳолат, оъз навбатида, кундалик режаларимиз, қадриятларимиз ва одатларимизни оъзгартириш даражасига етиб борди. Соъров натижалари биз тасаввур қилмаган бошқа қизиқ жиҳатларни ҳам коърсатди ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тенденсияси ортида бошқа манзара борлигини очиб берди.

“Юксалиш” ҳаракатининг “Опинионс” социологик тадқиқотлар маркази Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда оътказган мазкур оърганиш натижаларини эътиборингизга ҳавола этамиз. “Ижтимоий тармоқлар даврида ҳаёт” мавзусида ўтказилган ижтимоий сўровда мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидан 1 371 нафар респондент иштирок этди. Сўровда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш мақсадлари, уларга сарфланайотган вақт, ўқиш, иш ва уйқуга таъсири ўрганилди.

Фойдаланиладиган платформалар

Респондентлар белгилаган жавобларга кўра, энг кўп фойдаланиладиган платформа Telegram бўлиб, уни иштирокчиларнинг 88,9 фоизи, яъни 1 219 нафари, танлаган. Кейинги ўринларда Instagram (73,5 фоиз) ва YouTube (61,8 фоиз) туради. Facebook'дан эса иштирокчиларнинг 24,7 фоизи (338 нафар) фойдаланишини билдирган.

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш мақсадлари

Натижаларга кўра, респондентларнинг 69,9 фоизи, яъни 958 нафари, ижтимоий тармоқлардан дўстлари ва оила аъзолари билан мулоқот қилиш учун фойдаланади. Янгиликларни кузатишни 64 фоиз (877 нафар), таълим олишни 43,8 фоиз (600 нафар), кўнгилочар контентни 42,2 фоиз (579 нафар), даромад ва касбий мақсадларни эса 40,6 фоиз (557 нафар) иштирокчи танлаган. Бу саволда бир нечта жавобни белгилаш мумкин бўлган.

Юқоридаги натижаларда кўрганингиздек, ижтимоий тармоқ фақат кўнгилочар майдон эмас. Рэспондентларининг аксарияти ижтимоий тармоқлардан ахборот ва мулоқот воситаси сифатида фойдаланаётган бўлса, маълум қатлам ижтимоий тармоқлар орқали даромад олишини назарда тутган.

Вақтимизни бошқариш ўзимиздан бошланади

“Ижтимоий тармоқлардан иш ёки ўқиш кунларида кунига қанча вақт фойдаланасиз?” деган саволга жавоб берганларнинг 37,3 фоизи, яъни 512 нафари, иш ёки ўқиш кунларида ижтимоий тармоқларга кунига 2 соатдан ортиқ вақт сарфлайди. Респондентларнинг 12,4 фоизи (170 нафар) эса 4 соатдан кўпроқ фойдаланишини билдирган. Дам олиш кунларида эса 4 соатдан ортиқ вақт сарфлайдиганлар улуши 19,7 фоизга, яъни 270 нафарга етган.

Иштирокчиларнинг ярмидан кўпи, яъни 57 фоизи (781 нафар) ижтимоий тармоқларда сарфлаётган вақтини меъёрида деб ҳисоблайди. Бироқ 33,4 фоизи (458 нафар), яъни ҳар уч кишидан бири, ижтимоий тармоқларда керагидан кўпроқ қолиб кетаётганини тан олган.

Вақтни камайтиришга уринганлардан 511 нафари (61 фоизи) бунга эришган, 327 нафари (23,9 фоизи) эса эриша олмаган. Респондентларнинг 28 фоизи вақтни камайтиришга эҳтиёж сезмаслигини билдирган.

Бу фақат ёшларнинг муаммоси эмас

Ижтимоий тармоқларда узоқ вақт ўтириш ҳақида гап кетганда, тасаввуримизда бу асосан ёшларнинг одатидек кўринади. Аммо сўровдаги бандлик гуруҳлари бошқа манзарани ҳам кўрсатган.

Масалан, кунига 2 соатдан ортиқ фойдаланадиганлар улуши нафақадагилар орасида 54 фоиз, уй-рўзғор ишлари билан банд респондентларда 43,7 фоиз бўлган. Мактаб ўқувчиларида 27,3 фоиз, талабаларда бу кўрсаткич 32,7 фоизни ташкил этган.

Уйқу ва кундалик ишларга таъсир юқори

Сўровда қатнашганларнинг 62,2 фоизи, яъни 853 нафари, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш уйқусига таъсир қилишини билдирган. 18 ёш ва ундан катта респондентларнинг 58,1 фоизи эса иш ёки кундалик вазифаларига муайян даражада халақит беришини қайд этган. Ушбу саволга бир неча вариантли жавоб бериш мумкин бўлган.

13–17 ёшли иштирокчилар орасида уйқуга таъсирни сезганлар улуши 74,4 фоиз. Шу ёш гуруҳининг қарийб тўртдан уч қисми ижтимоий тармоқлар ўқиш ёки уй вазифаларига ҳам халақит беришини билдирган.

Ўсмирларнинг 66,7 фоизи ота-онаси уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини доимий назорат қилишини, 28,2 фоизи эса баъзан назорат қилишини кўрсатган. 5,1 фоиз ўсмирларнинг ота-онаси уларнинг бу борада назорат қилмаслигини билдирган.

Ортиқча вақт сарфлаш энг кўп ташвиш уйғотмоқда

Респондентлар энг кўп танлаган муаммо ортиқча вақт сарфлаш бўлиб, унинг улуши 30,1 фоизни, яъни 413 нафарни, ташкил этган. Иштирокчиларнинг 18,6 фоизи (255 нафар) сохта ёки ишончсиз ахборотни, 13,2 фоизи (181 нафар) эса фирибгарлик ва шахсий маълумотларнинг тарқалишини ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда энг кўп ташвиш уйғотадиган муаммо деб ҳисоблаган.

Қолган фойдаланувчилар эса, уйқу ва саломатликка таъсир (6,9 фоиз), оила аъзолари ўртасидаги мулоқотнинг камайиши (6,9 фоиз), ҳақорат ва тазйиқ (4,2 фоиз) каби омилларни кўрсатиб ўтишган. 8,5 фоиз  респондентлар ижтимоий  тармоқлардан фойдаланиш муаммо олиб келмайди деб ҳисоблаган.

Юксалиш кундалик одатлардан бошланади

Сўров натижалари ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш масаласида жамиятнинг барча қатламлари масъулиятини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Контент ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ва муаллифлар аудитория эътиборини фақат кўришлар сонини ошириш воситаси сифатида қабул қилмаслиги лозим. Улар миллий қадриятлар, таълим, касбий ривожланиш ва соғлом турмуш тарзига хизмат қиладиган сифатли контентни кўпайтириши, ёлғон ёки текширилмаган ахборот тарқалишининг олдини олиши ҳамда болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган материалларнинг мазмунига алоҳида масъулият билан ёндашиши зарур.

Ёшлар, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда маънавий-маърифий йўналишларга масъул давлат идоралари ва ташкилотлар ижтимоий тармоқлардан онгли, хавфсиз ва меъёрида фойдаланиш бўйича тизимли дастурлар ишлаб чиқиши тавсия этилади. Таҳлил натижалари асосида айтиш мумкинки, тарғибот ва тушунтириш ишлари фақат ёшларни эмас, катта ёшдаги аҳолини ҳам қамраб олиши керак.

Таълим муассасалари ва маҳаллаларда вақтни бошқариш, медиа саводхонлик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, сохта ахборотни аниқлаш, айниқса, ижтимоий тармоқлардан онгли фойдаланиш бўйича амалий машғулотларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Умуман олганда, мазкур таҳлил натижалари ижтимоий тармоқлар билим олиш, мулоқот қилиш ва меҳнат фаолиятини ривожлантириш учун катта имконият яратишини кўрсатди. Бироқ, улардан назорациз фойдаланиш вақтнинг самарасиз сарфланиши, саломатликка ва кундалик вазифаларга салбий таъсири қилишини ҳам кузатдик.

Демак, олдимиздаги асосий вазифа ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш эмас, балки улардан онгли, хавфсиз ва аниқ мақсад асосида фойдаланиш маданиятини шакллантиришдир.

 “Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати