@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Мактаб кутубхоналари ҳолати бўйича жамоатчилик мониторинги натижалари муҳокама қилинди

 2026-08-21 18:58:38   |     Просмотров: 1018

21-август куни Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда “Юксалиш” ҳаракати ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари кутубхоналарининг жорий ҳолати, бадиий китоб фонди ва ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан ўтказилган жамоатчилик мониторинги натижалари тақдим этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати, “Юксалиш” ҳаракати, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Республика болалар кутубхонаси вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, соҳа мутахассислари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мониторинг 250 та умумтаълим мактабини қамраб олди

“Юксалиш” ҳаракати томонидан 2026-йилнинг 18–26-май кунлари ўтказилган жамоатчилик мониторинги Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 250 та умумтаълим мактабини қамраб олди. Ўрганишлар шаҳар ва туман марказлари билан бирга олис қишлоқ ҳудудларида ҳам олиб борилди.

Мониторинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 39-мақсади, 2026-йилга мўлжалланган давлат дастури ҳамда устувор ислоҳотлар дастурларида жамиятда китобхонликни ривожлантириш ва аҳолига ахборот-кутубхона хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг жойлардаги ижросини ўрганишга қаратилди.

Ўрганиш жараёнида мактаб кутубхоналарининг умумий китоб фонди ва унинг таркиби, бадиий ҳамда болалар адабиётлари билан таъминланганлик даражаси, фонднинг янгиланиш ҳолати, ўқув заллари ва моддий-техник база, интернет ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятлари, рақамлаштириш даражаси ҳамда кутубхоналарни малакали мутахассислар билан таъминлаш ҳолати таҳлил қилинди.

Ижобий тажрибалар ҳам бор

Мониторинг давомида айрим ҳудудларда мактаб кутубхоналарини ривожлантиришга қаратилган самарали тажрибалар ҳам қайд этилди.

Хусусан, Навоий вилоятида битирувчилар ва ҳомийларни мактаб кутубхоналари китоб фондини бойитишга жалб этувчи “Мактабимга туҳфа” акцияси йўлга қўйилган. Бундан ташқари, ўрганилган 29 та мактабда ҳар бир ўқувчига тўғри келадиган бадиий адабиётлар сони халқаро тавсияларда қайд этилган кўрсаткичдан юқори экани аниқланди.

Бироқ мониторинг натижалари мактаблар ва ҳудудлар ўртасида китоб фонди, инфратузилма ва замонавий кутубхона хизматларидан фойдаланиш имкониятлари бўйича сезиларли тафовутлар сақланиб қолаётганини ҳам кўрсатди.

221 та мактабда китоб фонди тавсия этилган даражадан паст

Ўрганилган 250 та мактабнинг 221 тасида, яъни 88,4 фоизида ҳар бир ўқувчига тўғри келадиган китоблар сони халқаро тавсияларда белгиланган кўрсаткичдан паст экани қайд этилди.

Айрим мактабларда бадиий адабиётлар сони бир ўқувчига атиги 0,5–1 нусхадан тўғри келмоқда. Баъзи мактаб кутубхоналарининг жами китоб фонди эса 500 нусхага ҳам етмайди.

Ҳудудлар кесимида ҳам сезиларли фарқлар мавжуд. Масалан, Қашқадарё вилоятининг айрим мактабларида бир ўқувчига 0,5 та, Самарқанд вилоятидаги айрим мактабларда 0,6 та, Тошкент шаҳрининг айрим мактабларида эса 0,7–0,8 та бадиий адабиёт тўғри келаётгани аниқланди.

Шунингдек, айрим мактабларда лотин ёзувидаги замонавий бадиий адабиётлар етишмаслиги қайд этилди. Бу эса бугунги кунда лотин графикаси асосида таълим олаётган ўқувчилар учун мавжуд китоб фондидан самарали фойдаланишни қийинлаштирмоқда.

Ҳар тўртинчи ўрганилган мактабда китоб фондининг сезиларли қисми эскирган

Мониторинг китоб фондларини янгилаш масаласида ҳам тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Ўрганилган 62 та мактабда, яъни 25 фоизида китоб фондининг 30 фоиздан 75 фоизгача қисми эскирган. Яна 34 та мактабда мавжуд китобларнинг 5 фоиздан 30 фоизгача қисми фойдаланишга яроқсиз ҳолатда сақланаётгани аниқланди.

Айрим ҳудудлардаги мактабларда китоб фондининг эскириш даражаси 50–75 фоизгача етган.

Бу ҳолат кутубхона фондларини мунтазам инвентаризациядан ўтказиш, эскирган ва яроқсиз адабиётларни белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш ҳамда уларнинг ўрнини замонавий, ўқувчиларнинг ёши ва қизиқишларига мос адабиётлар билан тўлдириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Давлат дастурида белгиланган айрим адабиётлар мактабларга етиб бормаган

Мониторинг давомида давлат дастурларида кўзда тутилган адабиётлар билан таъминлаш масаласи ҳам ўрганилди.

Натижаларга кўра, 207 та мактабда ўзбек адабиётининг рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган асарлари мавжуд эмаслиги қайд этилди.

Шунингдек, 2025-йилда нашр этилган “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 50 жилдлик тўплами 64 та мактаб кутубхонасида мавжуд эмаслиги аниқланди.

Муҳокамада мазкур адабиётларни ҳудудларга етказиб бериш тизимини такомиллаштириш ва мактабларнинг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб китоб фондини шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.

90 та мактабда алоҳида ўқув зали мавжуд эмас

Мактаб кутубхоналарининг моддий-техник базаси ҳам мониторингнинг асосий йўналишларидан бири бўлди.

Ўрганилган 250 та мактабнинг 90 тасида, яъни 36 фоизида алоҳида ўқув зали мавжуд эмас. Шундан 30 та мактабда ўқув зали умуман ташкил этилмаган, 60 та мактабда эса синфхона, китоб омбори ёки кутубхонанинг бир қисми ўқув зали сифатида мослаштирилган.

Айрим ҳолатларда кутубхона ва ўқув залларидан китоб сақлаш омбори сифатида фойдаланилаётгани, мебел ва китоб жавонлари эскиргани, хоналарнинг ёритилиши талаб даражасида эмаслиги ҳам кузатилган.

Бу эса кутубхонани фақат китоб сақланадиган хона эмас, балки ўқувчилар эркин мутолаа қилиши, изланиши ва билим олиши мумкин бўлган замонавий макон сифатида ривожлантириш заруратини кўрсатади.

Ҳар учта мактабдан бирида рақамли имкониятлар етарли эмас

Мониторингнинг яна бир муҳим йўналиши кутубхоналарни рақамлаштириш ҳолати бўлди.

Ўрганилган 82 та мактабда, яъни 32,8 фоизида кутубхоналарда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш учун етарли шароит яратилмаган. Айрим кутубхоналарда компютер ёки интернет мавжуд эмас, айримларида мавжуд техника эскирган, китоблар ҳисоби ва каталоглар эса ҳануз қоғоз шаклида юритилмоқда.

Баъзи мактаб кутубхоналарида компютер мавжуд бўлса-да, у интернет тармоғига уланмаган ёки кутубхона эҳтиёжидан бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда. Айрим ҳудудларда эса кутубхоначилар иш жараёнида шахсий ноутбукларидан фойдаланишга мажбур бўлаётгани қайд этилган.

Мониторинг натижалари мактаб кутубхоналарини ягона электрон тизимга интеграция қилиш, электрон каталог, китобларни қидириш ва ҳисобини юритиш тизимини жорий этиш, ўқувчилар учун электрон ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш зарурлигини кўрсатди.

112 та мактаб кутубхонасини бошқа соҳа мутахассислари юритмоқда

Кадрлар масаласи ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди.

Ўрганилган 112 та мактабда, яъни 44,8 фоизида кутубхоначилик фаолиятини бошқа мутахассислик эгалари олиб бораётгани аниқланди. Улар орасида бошланғич синф ўқитувчилари, технология ва фан ўқитувчилари, иқтисодчилар, бухгалтерлар, психологлар ва бошқа соҳа вакиллари бор.

Шунингдек, айрим мактабларда кутубхоначилар иш вақтининг катта қисмини ижара дарсликларини қабул қилиш, саралаш, тарқатиш ва ҳисобини юритиш каби уларнинг асосий вазифаларидан ташқари ишларга сарфлаётгани қайд этилди.

Муҳокамада кутубхоначи фақат китобларни ҳисобга олувчи ходим эмас, балки ўқувчини мутолаага жалб қилувчи, унга керакли адабиёт ва ахборотни топишда кўмаклашувчи мутахассис бўлиши кераклиги таъкидланди.

Мактаб кутубхоналарини “Ақлли кутубхона” моделига ўтказиш таклиф қилинди

Жамоатчилик мониторинги натижаларидан келиб чиқиб, мактаб кутубхоналарини ривожлантириш бўйича қатор амалий таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

Хусусан, барча мактаб кутубхоналарининг китоб фондини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, фондларни болаларнинг ёши ва психологик хусусиятларини ҳисобга олган замонавий бадиий ва болалар адабиётлари билан мунтазам бойитиш, лотин ёзувидаги янги нашрлар улушини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, янги бадиий адабиётлар харид қилиш ва замонавий кутубхона инфратузилмасини яратишга маҳаллий буджет ҳамда буджетдан ташқари маблағларни йўналтириш механизмини такомиллаштириш, “Ташаббусли буджет” дастурида мактаб кутубхоналарини модернизация қилиш ва янги китоблар харид қилиш учун алоҳида лойиҳа йўналишини жорий этиш таклиф қилинди.

Эскирган ва фойдаланишга яроқсиз китобларни ҳисобдан чиқариш тартибини соддалаштириш, мактаб кутубхоналари ва ўқув заллари учун замонавий талабларни ишлаб чиқиш ҳам муҳим вазифалар сифатида белгиланди.

Бундан ташқари, кутубхоналарни босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш, “Ақлли кутубхона” экотизимига ўтиш, ягона электрон каталог, ИД-карталар, электрон китоблар ва рақамли ўқув ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш таклиф этилди.

Кутубхона соҳаси бўйича махсус маълумотга эга бўлмаган ходимлар учун қисқа муддатли қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш ҳамда кутубхоначиларни уларнинг лавозим вазифаларига кирмайдиган ортиқча техник ва маъмурий ишларга жалб қилишни чеклаш зарурлиги билдирилди.

Тадбир давомида мониторинг натижалари юзасидан очиқ мулоқот, савол-жавоб ва фикр алмашинуви ўтказилди. Вазирлик ва идоралар вакиллари, сенаторлар, мутахассислар ҳамда жамоатчилик вакиллари аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва мактаб кутубхоналарини замонавий билим ҳамда маърифат масканига айлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Муҳокама якунида мониторинг натижалари асосида ишлаб чиқилган тавсиялар тегишли ташкилотларга тақдим этилиши белгиланди.

Мактаб кутубхоналарини ривожлантириш нафақат уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ёки китоблар сонини кўпайтириш, балки болаларда мутолаа маданиятини шакллантириш, билим олишга қизиқишни кучайтириш ва ёш авлод учун сифатли ахборот муҳитини яратиш билан чамбарчас боғлиқ. Шу жиҳатдан жамоатчилик мониторинги натижалари мавжуд ҳолатни холис баҳолаш ва келгусидаги тизимли чора-тадбирларни белгилаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати