@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қон донорлиги: муаммо тизимдами ёки жамиятда?

 2026-07-15 15:30:02   |     Просмотров: 1411

“Юксалиш” ҳаракати томонидан республика бўйлаб ўтказилган ижтимоий сўров натижалари мамлакатда қон донорлиги, донорларни шошилинч излаш, тизимнинг шаффофлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлиги билан боғлиқ муаммолар ҳақида аҳолининг фикрини ўрганишга ёрдам берди.

 Сўнгги 3 йил давомида “Юксалиш” ҳаракати томонидан ташкил этилган донорлик тадбирларида 5 мингдан ортиқ фуқаро қатнашди ва жами 2 241,85 литр қон тўпланди. Бу жамиятда оз бўлсада донорликка қизиқиш ва ёрдам беришга тайёрлик юқори эканини тасдиқлайди. Бироқ қон захирасини барқарор таъминлаш учун бир марталик акциялардан мунтазам донорлик тизимига ўтиш зарур.

Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026-йил 20-январдаги “2026-2030-йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида мамлакатда беғараз қон  донорлари сонини 300 минг нафардан 900 минг нафаргача етказиш кўзда тутилган.

 Ҳаракат томонидан ўтказилган сўровда 606 нафар респондент иштирок этди.  Уларнинг 46,3 фоизи қон донорлиги ҳақида яхши маълумотга эга, 41,4 фоизи эса қисман тушунчаси борлигини билдирган. Демак, респондентларнинг қарийб 88 фоизи донорлик ҳақида камида умумий тасаввурга эга.

Мазкур юқори кўрсаткичнинг асосий сабаби шундаки, сўровнома асосан аввал донорлик акцияларида иштирок этган фуқаролар ўртасида ўтказилган. Шу боис натижалар донорлик жараёнлари билан бевосита таниш ва тажрибага эга инсонларнинг фикрларини акс эттиради ҳамда тизимдаги реал ҳолатни чуқурроқ баҳолаш имконини беради.

Респондентларнинг 495 нафари, яъни 83,5 фоизи, аввал қон топширган ёки келажакда донор бўлишни режалаштирган. 

Жумладан:

  • 11,6 фоизи доимий донор;
  • 22,8 фоизи донорлик акцияларида бир неча бор қатнашган;
  • 14,2 фоизи қариндоши ёки таниши учун қон топширган;
  • 34,9 фоизи ҳали донор бўлмаган, аммо келажакда қон топширишни режалаштирган;
  • 16.5 фоизи донорлик ҳақида маълумотга эга эмас.

Асосий мотив инсон ҳаётини сақлаб қолиш

Респондентларнинг 65,7 фоизи қон топширишдаги асосий сабаб сифатида бошқа инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бериш истагини кўрсатган.

Таққослаш учун, имтиёз, компенсация ёки махсус мақом олишни муҳим деб билганлар атиги 7,9 фоизни ташкил этган. Қариндошлар ва дўстларнинг илтимоси 12,9 фоиз, корпоратив ёки оммавий тадбирларда қатнашиш эса 13,5 фоиз респондент учун асосий мотив бўлган.

Сўров натижаларига кўра, 122 нафар респондент донорларни ижтимоий тармоқлар, танишлар ёки қариндошлар орқали шошилинч излашга мажбур бўлган. Яна 99 нафар респондент зарур қон гуруҳи топилмагани сабабли операция ёки тиббий муолажа кечиктирилганини билдирган.

Умуман олганда, 221 респондент, яъни 37,4 фоиз иштирокчи, қон танқислиги билан бевосита тўқнаш келган. Мазкур юқори кўрсаткичнинг асосий сабаби шундаки, сўровнома асосан аввал донорлик акцияларида иштирок этган фуқаролар ўртасида ўтказилган. Шу боис натижалар донорлик жараёнлари билан бевосита таниш ва тажрибага эга инсонларнинг фикрларини акс эттиради ҳамда тизимдаги реал ҳолатни чуқурроқ баҳолаш имконини беради.

 

Таққослаш учун, 117 респондент керакли қон шифохона томонидан тақдим этилганини айтган. Бу айрим ҳолларда тизим эҳтиёжни қоплаётганини, бошқа вазиятларда эса беморларнинг яқинлари шахсий алоқалар орқали донор излашга мажбур бўлаётганини кўрсатади.

Мазкур ҳолат қон захираларини ҳудудлар, тиббиёт муассасалари ва қон гуруҳлари кесимида самарали мувофиқлаштириш зарурлигини англатади.

“Донор топиб келинг” амалиёти ишончга таъсир қилмоқда

Респондентларнинг 109 нафари донор топиш мажбурий шарт сифатида қўйилганини, яна 96 нафари эса бундай талаб қатъий тавсия қилинганини билдирган.

Жами 205 респондент, яъни 34,7 фоиз иштирокчи, ўрнини босувчи донор излаш талаби ёки кучли тавсиясига дуч келган.

Фуқаролар бундай тавсияни тиббий ёрдам олиш учун мажбурий талаб сифатида қабул қилиши мумкин. Натижада ихтиёрий донорлик босим остидаги мажбуриятга айланиб, тиббиёт муассасаларига ва қон таъминоти тизимига бўлган ишончни пасайтиради.

Шу сабабли беморлар ва уларнинг яқинларига қон олиш тартиби, донорликнинг ихтиёрийлиги ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш шартлари аниқ тушунтирилиши лозим.

Респондентлар қон тақсимоти тизимининг шаффофлигини 5 баллик мезонда 3,6 балл билан баҳолаган. Иштирокчиларнинг 54,3 фоизи тизимга 4 ёки 5 балл, 18,4 фоизи эса 1 ёки 2 балл берган. Бу кўрсаткичлар тизимга нисбатан тўлиқ ишончсизлик йўқлигини, бироқ қон захираси, мавжуд эҳтиёж ва тақсимот мезонлари бўйича ахборот етарли эмаслигини кўрсатади. Шу боис ҳудудлар ва қон гуруҳлари бўйича мавжуд эҳтиёж ҳамда захира ҳақида шахсий маълумотларни ошкор қилмаган ҳолда мунтазам ахборот бериб бориш мақсадга мувофиқ.

Фуқароларнинг аксарияти аниқ тартибни билмайди

Шошилинч қон зарур бўлганда қаерга мурожаат қилиш ва қандай ҳужжатлар кераклигини респондентларнинг фақат 34,9 фоизи тўлиқ билади. 43,7 фоизи бу ҳақда тахминий тушунчага эга ва зарурат туғилганда интернетдан маълумот излашини билдирган. 21,5 фоизи эса умуман билмайди. Демак, респондентларнинг 65 фоиздан ортиғи фавқулодда вазиятда бажарилиши керак бўлган тартиб ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас.

Давлат шифохоналарида қон бериш шартлари бўйича ҳам тушунчалар турлича:

  • 36 фоизи қон тиббий кўрсатма асосида бепул берилиши кераклигини билади;
  • 27,4 фоизи қон фақат қариндош донор топилганда бепул бўлади, деб ҳисоблайди;
  • 11 фоизи норасмий тўлов қилишга тўғри келади, деган фикрда;
  • 25,7 фоизи жавоб беришга қийналган.

Бу натижалар фуқаролар орасида ҳуқуқий ва амалий ахборот етишмаслиги мавжудлигини кўрсатади. Тиббиёт муассасаларида мурожаат тартиби, бемор ҳуқуқлари ва зарур ҳужжатлар ҳақида содда йўриқномалар жойлаштирилиши зарур.

Ахборот етишмаслиги ва соғлиқ билан боғлиқ хавотирлар

Донорлик ҳақида етарли билимга эга бўлмаган респондентларнинг 27,4 фоизи зарур маълумот берилса, албатта донор бўлишини билдирган. Яна 35,6 фоизи вазиятга қараб ёки яқин инсони учун қон топширишга тайёр.

Шунингдек, қон топширишни режалаштирмаётган респондентларнинг 72,4 фоизи бунга соғлиқ билан боғлиқ сабабларни кўрсатган. 10,2 фоизи қўрқувни, 9,2 фоизи эса вақт етишмаслигини асосий тўсиқ сифатида қайд этган.

Демак, донорликни тарғиб қилиш жараёни малакали тиббий тушунтиришлар билан бирга олиб борилиши керак. Фуқароларга ким донор бўла олиши, қандай чекловлар мавжудлиги ва қон топшириш жараёни қандай кечиши содда тилда тушунтирилиши лозим.

Ташкилотларда хоҳиш бор, аммо механизм етарли эмас

Респондентларнинг 43,5 фоизи ўз ташкилотида мобил қон топшириш гуруҳини қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр. 26,6 фоизи эса бундай тадбирлар аллақачон ўтказилаётганини билдирган. Шундай қилиб, иштирокчиларнинг 70,1 фоизи мобил донорлик тадбирларига ижобий муносабатда.

Бироқ мустақил равишда “Донорлар куни”ни ташкил қилишга тайёрлар улуши 24,7 фоизни ташкил этган. Яна 12,5 фоиз респондент ахборот ва услубий ёрдам зарурлигини билдирган.

Таклиф ва хулосалар

Сўров натижалари ва респондентларнинг таклифларидан келиб чиқиб, қуйидаги йўналишлар устувор аҳамиятга эга:

  • ихтиёрий донорларнинг ягона рақамли реестрини яратиш;
  • қон гуруҳлари бўйича эҳтиёж ҳақида тезкор хабар бериш тизимини жорий этиш;
  • беморларнинг ҳуқуқлари ва қон олиш тартиби бўйича ягона йўриқнома ишлаб чиқиш;
  • ҳудудлар кесимида қон захираси ҳақида очиқ ва мунтазам ахборот бериш;
  • таълим муассасалари, корхоналар, давлат идоралари ва маҳаллаларда мунтазам донорлик тадбирларини ташкил этиш;
  • донорлик бўйича тиббий ва ҳуқуқий тушунтириш ишларини кучайтириш.

Хулоса

Тадқиқот натижалари асосий муаммо фуқароларнинг донорликка тайёр эмаслигида эмас, балки ушбу тайёрликни мунтазам, шаффоф ва самарали тизимга айлантириш механизмлари етарли эмаслигида эканини кўрсатди. Ўзбекистонда барқарор донорлик тизимини шакллантириш учун бир марталик акциялардан доимий донорлар базаси, рақамли бошқарув, очиқ ахборот ва аниқ тартибларга асосланган моделга ўтиш зарур.

Зеро, бу қон донорлиги бўлсин, ёки хайрия – инсонларнинг бир-бирларига қай даражада ёрдам беришга тайёр эканини кўрсатади. Бу, ҳеч шубҳасиз, жамият фаоллигининг энг муҳим белгисидир.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати