@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ёшлар ва болалар манфаатларини ҳисобга олган маҳаллий бошқарув тизимини ривожлантириш бўйича ишлар давом этмоқда

 2026-06-12 17:20:00   |     Просмотров: 1480

БМТнинг “Ўзбекистонда маҳаллий бошқарувни ёшлар ва болалар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда трансформация қилиш” қўшма дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар давом этмоқда.
Мазкур дастур Швейсария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (СДC) томонидан молиялаштирилган бўлиб, УНИCЕФ, БМТ Тараққиёт дастури (УНДП) ҳамда “Юксалиш” ҳаракати ҳамкорлигида Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларидаги 12 та пилот туман ва шаҳарда амалга оширилмоқда.
Дастур доирасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш мақсадида Қўшма дастур Бошқарув қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда давлат органлари, пилот ҳудудлар ҳокимликлари, маҳаллий ишчи гуруҳлар, ёшлар маслаҳат гуруҳлари вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ривожланиш бўйича ҳамкор ташкилотлар иштирок этди.
Йиғилиш давомида дастлабки босқич натижалари, молиявий ижро ҳолати ҳамда дастурнинг келгусидаги устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Барча пилот ҳудудларда маҳаллий ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилгани, бу эса ҳудудларни ривожлантириш бўйича қарорларни далилларга асосланган ҳолда қабул қилиш, режалаштириш ва мониторинг жараёнларини кучайтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Дастур доирасида ҳокимликлар, маҳаллий кенгашлар ва маҳаллаларнинг фаолияти бўйича фунционал ҳамда институционал таҳлиллар ўтказилди. Ушбу таҳлиллар натижаларга асосланган бошқарув, самарали бюджетлаштириш, ҳисобдорлик ва маҳаллий режалаштириш тизимини такомиллаштириш учун асос бўлмоқда.
Шунингдек, Термиз шаҳри, Юқори Чирчиқ, Шовот ва Чироқчи туманларида амалий мураббийлик ва техник кўмак ишлари ташкил этилди. Натижада ўрта муддатли режалаштириш, режа ва бюджет уйғунлигини таъминлаш, асосий самарадорлик кўрсаткичларини (КПИ) белгилаш ҳамда мониторинг воситаларини жорий этиш бўйича амалий кўникмалар шакллантирилди.
Дастур ҳудудларида 200 нафардан ортиқ манфаатдор томонлар иштирокида ташрифлар, маслаҳатлашувлар ва техник сессиялар ташкил этилди. Шунингдек, натижага йўналтирилган бошқарув ва дастурий бюджетлаштириш бўйича ўтказилган семинар-тренингларда маҳаллий ишчи гуруҳларнинг 120 нафардан ортиқ аъзоси иштирок этиб, стратегик режалаштириш, КПИ ишлаб чиқиш, мониторинг ва ҳисобот юритиш бўйича билим ва кўникмаларини оширди.
“Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов мазкур лойиҳа маҳаллий бошқарув тизимини фуқаролар, айниқса, ёшлар эҳтиёжлари билан уйғунлаштиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ёшларнинг қарор қабул қилиш жараёнларига жалб этилиши маҳаллий бошқарувда янги мулоқот майдонларини шакллантирмоқда.
Йиғилишда 2026-йилда дастурни кенгайтириш бўйича устувор вазифалар белгиланди. Жумладан, маҳаллий даражада натижаларга асосланган бошқарув ва бюджетлаштириш тизимини мустаҳкамлаш, давлат ва ижтимоий хизматларни режалаштиришда аниқ маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда маҳаллий қарор қабул қилиш жараёнларида ёшлар иштирокини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ёшлар маслаҳат гуруҳлари фаолиятини ривожлантириш, ёшлар ташаббуслари асосидаги маслаҳатлашувларни кенгайтириш ҳамда ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги мувофиқлаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича режалар муҳокама қилинди.
2024-йил октябр ойида бошланган мазкур қўшма дастур 2028-йил декабригача давом этади. Дастур доирасидаги ташаббуслар болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда инклюзив, ҳисобдор ва самарали маҳаллий бошқарув тизимини шакллантиришга қаратилган.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати