@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Биз — донормиз!” хайрия акциясининг жорий йилги мавсуми якунланди

 2026-06-12 11:16:09   |     Просмотров: 1268

“Юксалиш” ҳаракати томонидан жорий йил 2-майдан 10-июнгача давом этган акция доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қон топшириш тадбирлари ташкил этилди. Унда фуқаролар, ташкилотлар ходимлари, ҳарбий хизматчилар, фаол ёшлар ва кўнгиллилар инсон ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган эзгу ташаббусда фаол иштирок этди.

Акция давомида донорлик қони захираларини тўлдириш, аҳолининг донорлик ҳақидаги хабардорлигини ошириш ҳамда жамиятда ўзаро ёрдам ва ижтимоий масъулият маданиятини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йилги акция Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятларда ташкил этилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида “Йўлқурилиш” АЖ, Коррупсияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Юнон маданияти маркази биноларида қон топшириш тадбирлари ўтказилди. Ҳудудларда эса вилоят қон қуйиш марказлари, қон хизмати марказлари, ҳарбий қисмлар ва тиббиёт муассасалари акцияга мезбонлик қилди.

Жорий мавсум давомида республика бўйлаб ўтказилган донорлик тадбирларида 1 325 нафар донор иштирок этиб, улар томонидан жами 607 литр қон беғараз топширилди.

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткичлар Самарқанд (118,5 л.) ва Бухоро (100 л.) вилоятларида қайд этилди.

Ҳудудлар кесимида йиғилган донорлик қони миқдори:

  1. Самарқанд вилояти — 118,5 литр
  2. Бухоро вилояти — 100 литр
  3. Хоразм вилояти — 69,5 литр
  4. Андижон вилояти — 48,8 литр
  5. Қашқадарё вилояти — 48,8 литр
  6. Наманган вилояти — 39 литр
  7. Навоий вилояти — 35 литр
  8. Тошкент шаҳри — 28,3 литр
  9. Қорақалпоғистон Республикаси — 27,2 литр
  10. Тошкент вилояти — 23,5 литр
  11. Сирдарё вилояти — 22,2 литр
  12. Фарғона вилояти — 16,4 литр
  13. Жиззах вилояти — 15,3 литр
  14. Сурхондарё вилояти — 14,2 литр

Акция орқали йигъилган донорлик қони мураккаб жарроҳлик амалиётларини бошдан кечираётган беморлар, оғир жароҳат олган фуқаролар, онкологик касалликлар билан курашаётган инсонлар ҳамда қон қуйишга муҳтож беморлар ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, акция давомида йиғилган қон захиралари тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжманд беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

“Юксалиш” ҳаракати “Биз — донормиз!” хайрия акциясида фаол иштирок этган барча юртдошларимизга, ҳамкор ташкилотларга, тиббиёт ходимларига ва кўнгиллиларга самимий миннатдорлик билдиради.

Ҳар бир топширилган қон ортида инсон ҳаёти, оила умиди ва жамиятнинг меҳрга таянган кучи турибди.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати