VI Тошкент аксилкоррупсия форуми ўз ишини бошлади
Мазкур нуфузли халқаро форум коррупсияга қарши курашиш бўйича илғор тажрибаларни алмашиш, превентив механизмларни муҳокама қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Форум доирасида институционал очиқлик ва ҳисобдорлик, ҳудудий даражада коррупсиянинг олдини олиш, коррупсияга қарши таълим ҳамда жамоатчилик иштирокини кучайтиришга бағишланган сессиялар ташкил этилган.
Унда 10 дан ортиқ давлатларнинг коррупсияга қарши курашиш идоралари вакиллари, шунингдек, йирик халқаро ташкилотлар экспертлари иштирок этмоқда. Форум доирасида “Юксалиш” ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қоъмита раиси Бобур Бекмуродов “Давлат органларининг институционал шаффофлиги ва ҳисобдорлиги орқали жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш” мавзусидаги сессияда иштирок этди.
Мазкур сессияда давлат бошқарувида очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кучайтириш, жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини ривожлантириш, фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда коррупсиянинг олдини олишда институционал ёндашувларнинг роли юзасидан фикр алмашилди.
Бугунги кунда коррупсияга қарши самарали курашиш нафақат ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, балки давлат бошқарувида очиқлик маданиятини шакллантириш, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтиришни ҳам талаб этади. Шу маънода, VI Тошкент аксилкоррупсия форуми коррупсияга қарши курашиш бўйича миллий ва халқаро саъй-ҳаракатларни уйғунлаштиришга хизмат қилувчи муҳим мулоқот майдони сифатида аҳамият касб этмоқда.
“Юксалиш” ҳаракати фуқаролик жамияти институти сифатида давлат бошқарувида очиқлик, ҳисобдорлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда бу йўналишда конструктив мулоқотни ривожлантиришда фаол иштирок этишда давом этади.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати