Қарши юридик техникумида Контент яратиш маркази очилди
4-май куни Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида жойлашган юридик техникумда замонавий Контент яратиш марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур ташаббус, аввало, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва ёшларнинг медиа салоҳиятини ошириш йўлида муҳим амалий қадам сифатида эътироф этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, марказ Европа Иттифоқи кўмагида, Konrad Adenauer жамғармаси ҳамда “Юксалиш” ҳаракати ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда инклюзив жамоатчилик тараққиёти учун фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Энг муҳими, ушбу марказ аҳолининг, айниқса ёшларнинг медиа саводхонлигини ошириш, фейк ахборотларга қарши иммунитетни шакллантириш ҳамда рақамли кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу ерда ёшлар нафақат назарий билим, балки атроф-муҳит барқарорлиги, гендер тенглиги каби долзарб йўналишларда сифатли медиа маҳсулотлар яратиш бўйича амалий тажриба орттирадилар.
Лойиҳани амалга ошириш учун қарийб 6 минг евро маблагъ ёъналтирилиб, марказ тўлиқ замонавий техника ва жиҳозлар билан таъминланди. Хусусан, ноутбуклар, профессионал камералар ва смартфонлар ёшлар учун сифатли контент яратиш имкониятларини кенгайтиради.
Тантанали очилиш маросимида Konrad Adenauer жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий дастури раҳбари Андре Алгермиссен ушбу ташаббусга юқори баҳо бериб, қуйидагиларни таъкидлади:
“Мазкур марказнинг айнан Қарши шаҳрида очилаётгани қувонарли. Ишончим комилки, у нафақат лойиҳа доирасида, балки узоқ муддатда ҳам самарали натижалар беради ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди”.
Якунда тадбир иштирокчилари ҳам яратилган шароитлар ёшларни янги билимлар сари ундаши, уларни ижтимоий фаолликка жалб этишини алоҳида таъкидладилар. Янги очилган Контент яратиш маркази нафақат инфратузилма, балки ёшлар фикрини шакллантирувчи, уларни жамияти ҳаётида фаол бўлишларини таъминловчи ва замонавий ахборот маконида ўз ўрнини топишига хизмат қилувчи муҳим платформа сифатида майдонга чиқмоқда.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати