@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Университетларда кийиниш талаблари: форма тартибми ёки танлов?

 2026-04-29 09:49:47   |     Просмотров: 2870

Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларида талабаларнинг ташқи кўриниши ва кийиниш маданияти масаласи жамиятда кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди. Бу масала нафақат тартиб-интизом, балки таълим муҳити, академик эркинлик ва университет маданияти билан ҳам бевосита боғлиқ ҳисобланади. "Юксалиш" ҳаракати Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти билан биргаликда сўров ўтказилиб, натижалари таҳлил қилинди.

Ўзбекистонда ОТМлар учун мактаблардаги каби ягона мажбурий форма тизими жорий этилмаган. Кийим-кечак масаласи асосан ҳар бир университетнинг ички тартиб-қоидалари ва одоб-ахлоқ кодекслари орқали тартибга солинади. Шу билан бирга, “Олий таълимни 2030-йилгача ривожлантириш консепсияси” доирасида академик мустақилликни кучайтириш, ОТМларда ички маданият ва этика стандартларини ривожлантиришга алоҳида урғу берилмоқда. Айрим олий таълим муассасаларида эса 2025-йилдан бошлаб махсус одоб-ахлоқ кодексларини такомиллаштириш вазифалари белгиланган.

Мазкур масала юзасидан талабалар позициясини ўрганиш мақсадида “Юксалиш” ҳаракати томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти билан ҳамкорликда республика бўйлаб ижтимоий сўров ўтказилди. Сўровда жами 12 221 нафар талаба иштирок этди.

Талабалар форма масаласига қандай қарайди?

Биринчи савол натижалари шуни кўрсатдики, олий таълим муассасаларида кийиниш талаблари масаласида талабалар фикри бир хил эмас, балки турли ёндашувларга эга.

Респондентларнинг 54,9 фоизи (6683 та жавоб) университетларда маълум кийиниш талаблари бўлишини қўллаб-қувватлаган. Уларнинг фикрича, тартибли ва эстетик муҳит таълим жараёнининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. 26,8% (3267 та жавоб) талабалар бу масалага нисбатан нейтрал муносабат билдирган. Улар учун форма ёки кийиниш талаблари таълим сифатига бевосита таъсир қилувчи омил сифатида кўрилмайди. Яна 18,3% (2261 та жавоб) респондент эса форма талабларига қарши эканини билдирган. Ушбу гуруҳ фикрича, кийиниш талабанинг билим даражаси ёки академик натижаларига ҳал қилувчи таъсир кўрсатмайди.

Форма таълим муҳитига қандай таъсир қилади?

Сўров натижалари талабалар кийиниш масаласига кўпроқ амалий ва мувозанатли ёндашаётганини кўрсатди. Хусусан, 42,5% (5182 та жавоб) форма талабалар ўртасида тенглик ҳиссини шакллантириши мумкинлигини қайд этган. Шунингдек, 38,4% (4675 та жавоб) респондент форма академик муҳитни тартибли ва расмийроқ қилишини таъкидлаган.

Бундан ташқари, 22,5% (2750 та жавоб) талабалар форма интизом ва масъулиятни оширишга хизмат қилишини билдирган бўлса, 21,7% (2650 та жавоб) уни олий таълим муассасасининг умумий имижини шакллантирувчи омил сифатида баҳолаган.

Шу билан бирга, респондентларнинг сезиларли қисми таълим сифати бошқа омилларга боғлиқлигини ҳам алоҳида қайд этган. Жумладан, 30,2% (3682 та жавоб) таълим самарадорлиги талабанинг шахсий мотивацияси, интизоми ва билим олишга бўлган муносабатига боғлиқ эканини, форма эса ҳал қилувчи омил эмаслигини билдирган. Айрим ҳолларда эса форма салбий жиҳатларга ҳам эга бўлиши мумкин. 14,2% (1737 та жавоб) респондент кийиниш талаблари ноқулайлик ёки маълум даражада психологик босим келтириб чиқаришини қайд этган. Шунингдек, сўров натижалари талабалар қатъий форма тизимидан кўра умумий кийиниш маданияти қоидаларини афзал кўришини кўрсатди. Хусусан, 46,2% (5628 та жавоб) очиқ ёки ҳаддан ташқари калта кийимларни чеклаш зарурлигини билдирган бўлса, 44,2% (5382 та жавоб) классик ёки ярим классик услубни мақбул деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, 38,6% (4703 та жавоб) қулай ва содда кийимларга рухсат берилиши кераклигини, 26,7% (3265 та жавоб) кийимларда катта ёзувлар ва реклама элементлари бўлмаслиги лозимлигини қайд этган. Шу билан бирга, 22% (2688 та жавоб) респондент аниқ форма мажбурий бўлмаслиги кераклигини билдирган. Нисбатан камроқ иштирокчилар эса жуда ёрқин ранглар (13,1% — 1601 та жавоб) ва спорт кийимларини (8,5% — 1047 та жавоб) чеклаш мумкинлигини таъкидлаган.

Натижалар шуни кўрсатадики, талабалар академик муҳитда маълум эстетик ва маданий меъёрлар бўлишини қўллаб-қувватлайди, бироқ қатъий ва ягона форма тизимига эҳтиёж нисбатан паст.

Мулоқот – асосий ечим

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, талабалар кийиниш масаласини ҳал этишда мажбурий чоралар эмас, балки очиқ ва конструктив мулоқотни устувор деб ҳисоблайди.

Респондентларнинг 52,8 фоизи (6434 та жавоб) университетлар бу масалани тушунтириш ишлари ва очиқ мулоқот орқали ҳал қилиши кераклигини таъкидлаган. Бу эса талабалар орасида муаммоларни келишув асосида бартараф этишга эҳтиёж юқори эканини кўрсатади. Шунингдек, 17,7% (2173 та жавоб) иштирокчи талабалар кенгашлари билан биргаликда муҳокама қилиш амалиётини қўллаб-қувватлаган. Уларнинг фикрича, қарорлар талабалар иштирокида қабул қилинса, уларнинг қабул қилиниши ва самарадорлиги ошади.Нисбатан камроқ — 10,7% (1317 та жавоб) респондент эса кийиниш масаласини ички регламентлар ва расмий қоидалар орқали тартибга солишни маъқул деб ҳисоблаган.

Умуман олганда, натижалар талабаларнинг аксарияти кийиниш маданиятини шакллантиришда мажбурийликдан кўра ишонч, тушунтириш ва ҳамкорликка асосланган ёндашувни афзал кўришини тасдиқлайди.

Кийиниш маданиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар

Тадқиқот натижалари асосида олий таълим муассасаларида кийиниш маданиятини янада самарали шакллантириш бўйича бир қатор амалий таклифлар илгари сурилди.

Аввало, ОТМларда “форма” тушунчасидан босқичма-босқич воз кечиб, унинг ўрнига замонавий ва мослашувчан “дресс-cоде” — кийиниш тамойиллари тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ. Бу ёндашув қатъий мажбурийликдан кўра умумий маданий меъёрларни шакллантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, ҳар бир университет йилда камида бир марта талабалар фикрини ўрганиб бориши ва мавжуд қоидаларни қайта кўриб чиқиши зарур. Бу эса қоидаларнинг долзарблигини сақлаш ва уларни талабалар эҳтиёжларига мослаштириш имконини беради. Биринчи курс талабалари учун эса “академик муҳит ва ташқи кўриниш маданияти” мавзусида махсус йўналтирувчи модул жорий этиш таклиф этилади. Бу орқали талабалар университет муҳитига мослашиш жараёнида зарур тушунчаларга эга бўлади. Бундан ташқари, кийиниш маданиятини назорат қилишда жазоловчи ёндашувлардан воз кечиб, талабалар кенгашлари иштирокини кучайтириш муҳим. Бундай ҳамкорлик асосидаги модел қоидаларнинг қабул қилиниши ва бажарилиш самарадорлигини оширади.

ОТМ имижини мустаҳкамлаш мақсадида университет бренди билан боғлиқ ихтиёрий атрибутика — логотипли кийимлар, белгилар ва аксессуарларни ривожлантириш ҳам тавсия этилади. Бу талабалар ўртасида тегишлилик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, “эстетик ва маданий муҳит индекси”ни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Мазкур индекс кийимни назорат қилиш воситаси эмас, балки университетдаги умумий маданий муҳит, визуал тартиб ва талабалар қониқиш даражасини комплекс баҳолашга қаратилган бўлиши лозим.

Талабаларнинг изоҳлари

Сўров давомида талабалар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар кийиниш масаласига нисбатан турли ёндашувлар мавжудлигини кўрсатди.

Кўпчилик талабалар олий таълим жараёнида асосий эътибор ташқи кўринишга эмас, балки билим ва сифатли таълимга қаратилиши лозимлигини таъкидлади. Хусусан, айрим талабалар “олий таълим мажбурий эмас, шу сабаб форма ҳам мажбурий бўлмаслиги керак” деган фикрни илгари сурган бўлса, бошқалар “ўқитувчилар талабанинг кийими эмас, унинг билимини талаб қилиши керак”лигини қайд этди.

Шунингдек, бир қатор иштирокчилар форма таълим сифатига сезиларли таъсир кўрсатмаслигини, у фақат ташқи тартибни таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, талабалар орасида “ҳар ким ўзига қулай, аммо умумий меъёрлар доирасида кийиниш тарафдори бўлиши керак” деган мувозанатли ёндашув ҳам кенг қўллаб-қувватланган.

Умуман олганда, талабаларнинг изоҳлари очиқ мулоқот, ўзаро келишув ва эркинликни ҳурмат қилиш асосида шаклланган кийиниш сиёсати янада самарали бўлишини кўрсатади.

Олий таълим вазирининг форма масаласига муносабати

Мазкур масала юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳам ўз позициясини билдириб ўтди. Унинг фикрича, талабалар кийими бевосита таълим сифатига таъсир қилмайди, бироқ бу масала жамиятдаги умумий тартиб ва мувозанат билан боғлиқ.

Вазирнинг таъкидлашича, бугунги кунда ОТМларда кийиниш талаблари марказлашган тартибда эмас, балки ҳар бир олий таълим муассасасининг ички сиёсати ва бренди билан белгиланади. Яъни, вазирлик томонидан университетларга ягона форма жорий этиш бўйича ҳеч қандай топшириқ берилмаган.

“Ҳеч ким томонидан унақа топшириқ бўлмаган. Лекин ҳар бир олий таълим муассасаси ўзининг брендини яратиши керак. ОТМ – бу нафақат таълим маскани, балки маданият ўчоғи ҳам”, – дея таъкидлади вазир.

Шунингдек, у кийиниш масаласида ортиқча қатъийлик тарафдори эмаслигини билдириб, “агар талаба озода, тартибли кийиниб юрса, нега унга мажбурий талаб қўйиш керак?” деган фикрни илгари сурди.

Бироқ вазир бу масаланинг бошқа томони ҳам борлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, “кийим таълим сифатига таъсир қилмайди, лекин бу жамият. Агар умумий талаблар бўлмаса, турли хил кийиниш услублари пайдо бўлиб, бу айрим ҳолатларда тўқнашув ва зиддиятларга олиб келиши мумкин”.

Мазкур ёндашувдан келиб чиқиб, вазир кийиниш масаласида мутлақ эркинлик эмас, балки мувозанатли ва маданий меъёрларга асосланган ёндашув зарурлигини таъкидлайди.

 Якуний хулоса

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, асосий тенденсия – ОТМларга мос кийиниш маданияти (дресс-cоде) тизимини ривожлантиришга қаратилган. Талабалар қатъий тартибдан кўра мослашувчан, кам чекловли ва мулоқотга асосланган ёндашувни афзал кўрмоқда. Шу билан бирга, академик муҳитда минимал эстетик ва ахлоқий меъёрлар бўлиши зарурлиги ҳам эътироф этилган. Келгуси йилларда университетларда кийиниш масаласини ҳал қилишда асосий йўналиш – тартиб ва эркинлик ўртасидаги мувозанатни сақлаш, қарорларни талабалар иштирокида қабул қилиш ва мажбурий ёндашувлардан воз кечиш бўлиб қолиши кутилмоқда.

Бу ёндашув олий таълим муассасаларида замонавий, очиқ ва ҳурматга асосланган академик муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати