@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тинчлик ва барқарорлик: жамоатчилик фикри натижалари

 2026-04-22 11:53:35   |     Просмотров: 1594

Бугунги мураккаб геосиёсий вазиятда тинчлик ва барқарорлик масаласи нафақат давлат сиёсатининг устувор йўналиши, балки жамият кайфиятининг асосий кўрсаткичига айланмоқда. Шу мақсадда “Юксалиш” ҳаракати томонидан 2026 йил апрел ойида “Ўзбекистон жамоатчилигининг тинчлик ва барқарорликка муносабати” мавзусида ижтимоий сўров ўтказилди.

Мазкур тадқиқотда республика бўйлаб 1 166 нафар респондент иштирок этди. Сўров мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олиб, юқори фаоллик Тошкент шаҳри (149 нафар), Фарғона (132 нафар), Қашқадарё (114 нафар) ва Наманган (112 нафар) вилоятларида кузатилди. Иштирокчиларнинг 58 фоизи эркаклар, 42 фоизи аёллар бўлиб, уларнинг асосий қисми 18–45 ёш оралиғидаги фуқаролардан иборат. Сўровда жамиятнинг турли қатламлари — давлат хизматчилари, ННТ вакиллари, тадбиркорлар, талабалар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар қатнашди.

Жамоатчилик кайфияти: ҳамдардлик ва тинчликсеварлик устувор

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон жамиятида тинчлик масаласига бефарқлик йўқ — аксинча, юқори даражадаги ҳамдардлик ва дахлдорлик ҳисси устун. Респондентларнинг 91,8 фоизи бошқа ҳудудлардаги ҳарбий ҳаракатларга нисбатан қайғу ва ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, хавотир ва қўрқув каби ҳиссиётлар ҳам юқори улушни ташкил этади.

Бу натижалар фуқароларнинг можароларни куч ишлатиш орқали ҳал қилишни қабул қилмаслигини, жамиятда тинчликсевар кайфият устун эканини яққол кўрсатади. Аҳоли глобал воқеаларга бефарқ эмас, балки уларга нисбатан онгли ва ҳиссий жиҳатдан фаол муносабатда.

Нейтраллик сиёсатига ишонч: барқарорлик кафолати сифатида

Сўровнинг муҳим жиҳатларидан бири — Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик сиёсатига бўлган муносабатдир. Натижаларга кўра, респондентларнинг 86,2 фоизи ушбу сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Бу кўрсаткич шуни англатадики, фуқаролар мамлакатнинг нейтрал ташқи сиёсий йўналишида миллий хавфсизлик ва суверенитетнинг муҳим омилини кўрмоқда. Яъни, жамият томонидан амалдаги ташқи сиёсат курси кенг қўллаб-қувватланмоқда ва унинг легитимлиги мустаҳкам.

Тинчликни таъминлаш йўллари: дипломатия устувор

Респондентлардан глобал ва минтақавий можароларни ҳал этишнинг энг самарали усуллари ҳақида сўралганда, мутлақ кўпчилик дипломатик ёндашувни танлади:

  • 68,4% — давлат раҳбарлари ўртасидаги тўғридан-тўғри музокараларни энг самарали йўл деб ҳисоблайди;
  • 42,1% — халқаро ташкилотлар (жумладан, БМТ) ролини кучайтириш зарурлигини таъкидлайди;
  • 11,7% — низоларни томонларнинг ўзаро келишуви орқали ҳал қилиш тарафдори;
  • Атиги 2,4% респондент ҳарбий куч ишлатишни мақбул вариант сифатида кўрсатган.

Бу рақамлар шуни англатадики, жамият онгида куч эмас, мулоқот ва ҳамкорлик устувор қадриятга айланган. Фуқаролар глобал муаммоларни ҳал қилишда дипломатия ва халқаро ҳуқуқ нормаларига таянишни энг мақбул йўл деб билмоқда.

Минтақавий тинчликка эътибор кучаймоқда

Сўров натижалари шуни ҳам кўрсатдики, Ўзбекистон жамоатчилиги орасида нафақат глобал, балки минтақавий тинчликка бўлган эътибор ҳам сезиларли даражада ортиб бормоқда. Хусусан, респондентларнинг 15,4 фоизи Марказий Осиёда тинчликни таъминлаш ва мустаҳкамлашни устувор йўналиш сифатида қўллаб-қувватлашини билдирган. Бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан минтақавий барқарорликка нисбатан онгли ва фаол муносабат кучайиб бораётганини англатади. Фуқаролар тобора кўпроқ Марказий Осиёни умумий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш макони сифатида кўра бошламоқда.

Тинчлик ҳақидаги қарашлар: глобал ёндашув устун

Сўровда иштирок этганларнинг аксарияти учун тинчлик фақат миллий ёки минтақавий тушунча эмас. Респондентларнинг 82,5 фоизи учун энг муҳим тамойил — бутун дунёда тинчлик эканлиги қайд этилди. Бу эса фуқароларнинг фикрлаши глобал даражада шаклланиб бораётганини кўрсатади.

Хулоса

Ўтказилган тадқиқот натижалари Ўзбекистон жамияти тинчликсевар, масъулиятли ва дипломатияга йўналтирилган эканини тасдиқлайди. Фуқаролар нафақат жаҳон кун тартибини кузатмоқда, балки ундаги жараёнларга нисбатан ўз позициясини аниқ ифода этмоқда.

Жамиятнинг асосий хулосаси бир жумлада ифодаланади:
тинчлик — бу можароларнинг йўқлиги эмас, балки уларни мулоқот, ишонч ва ҳамкорлик орқали ҳал қилиш қобилиятидир.

Бу ёндашув Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий устувор йўналишлари билан уйғун бўлиб, мамлакатда барқарорликни таъминлашнинг муҳим ижтимоий асосини шакллантиради.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати