“Юксалиш” ҳаракатида “Жаҳон халқлари ассамблеяси” вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2026 йил 21 апрел куни “Юксалиш” ҳаракатида “Жаҳон халқлари ассамблеяси” халқаро нодавлат ташкилотлари иттифоқи Бош кенгаш раиси Светлана Смирнова ҳамда ассамблея вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув “Юксалиш” ҳаракати ва Ассамблея ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, жамоат дипломатиясини кучайтириш ҳамда қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда томонлар жамоат дипломатиясини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда халқаро майдонда қўшма ташаббусларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, халқаро саммитлар, форумлар ва мулоқот майдонларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ёшлар иштирокини кенгайтириш ҳамда Евроосиё маконида барқарор алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
“Юксалиш” ҳаракати томонидан ташкилот фаолияти, жумладан, Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми ва экспертлар алянси доирасидаги ташаббуслар тақдимоти ўтказилди. Учрашувда фуқаролик жамияти соҳасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро мулоқотни ривожлантириш ҳамда жамоат дипломатиясини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати