@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Марказий Осиё – 2030: янги минтақавий архитектура сари

 2026-04-13 17:37:42   |     Просмотров: 1399

Бугунги кунда, аввало, Марказий Осиё давлатлари эксперт ҳамжамияти ҳали минтақада рўй бераётган чуқур жараён ва тенденсияларни тўлиқ англаб улгургани йўқ. Трансформация жараёнлари шунчалик тез кечмоқдаки, ҳатто минтақадан ташқарида ҳам ҳали бу ўзгаришларнинг асл моҳияти тўлиқ тушунилмаган. Аслида эса бугунги Марказий Осиё — бу энди “кеча” ҳам эмас, ҳатто “бугун” ҳам эмас, балки аллақачон “эртанги кун”дир.

Марказий Осиё янги минтақавий архитектурани шакллантирмоқда ва у, шубҳасиз, глобал миқёсда шаклланаётган янги дунё тартибига ҳамоҳанг бўлади.

Минтақадаги таркибий ўзгаришларнинг бошланиш нуқтаси сифатида 2017 йил алоҳида аҳамият касб этади. Айнан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви” формати йўлга қўйилди. Ушбу форматдаги илк учрашув 2018 йилда Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Бюрократик ва ортиқча протоколлардан холи бўлган ушбу янги ёндашув минтақадаги трансформация жараёнларини тез, самарали ва натижадор кечишига хизмат қилди.

Хўжанддаги тарихий бурилиш: келажакка йўл очган “туташ нуқта”

2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси бўйича шартноманинг имзоланиши тарихий воқеа бўлди. Бу қарор асрлар давом этган муаммоларга якуний нуқта қўйди.

Нега бу муҳим? Чунки туташ нуқта оддий географик координата эмас. Бу — ишонч ва биродарлик рамзи. Эндиликда минтақа давлатлари ўтмишдаги ўзаро эътирозлар билан яшамаяпти, балки келажакка қараб дадил қадам ташламоқда. Бугун беш давлат — алоҳида-алоҳида йўналишда ҳаракат қилаётган куч эмас, балки ягона муштга бирлашган кучдир.

Иқтисодиёт: ягона минтақавий бренд сари

Иқтисодиёт қачон самарали ишлайди? Аввало сиёсий масалалар ҳал этилганда. Шунда иқтисодий қонуниятлар табиий равишда ишга тушади.

Бугунги кун талаби — ягона минтақавий иқтисодий маконни шакллантиришдир. Бунинг ёрқин мисоли — саноат кооперацияси. Яъни маҳсулотларни рақобатчи сифатида эмас, балки ҳамкор сифатида биргаликда ишлаб чиқариш.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари бу борада бутун минтақа учун намуна бўла олади. Келажакда эса ягона “Марказий Осиё бренди” остида қўшма маҳсулотлар ишлаб чиқариш янги босқични бошлаб беради.

Сув: минтақанинг ҳаёт томири

Сув — бу минтақанинг беш давлати учун ҳаёт томири. У ҳеч қачон оддий товар сифатида қаралмаслиги керак.

Бу масала мураккаб, унда ҳиссиёт ва субектив ёндашувлар ҳам мавжуд. Мутахассисларнинг ҳисоб-китоблари турлича бўлиши мумкин. Аммо сўнгги йиллар тажрибаси шуни кўрсатдики, минтақа давлатлари раҳбарлари бир-бирини эшитишни ўрганди ва мувозанатли қарорлар қабул қилмоқда.

Айнан давлат раҳбарлари даражасида бу муаммоларни ҳал этиш мумкин. Чунки улар узоқ муддатли истиқболни аниқроқ кўра олади.

Минтақавий субектлик: янги модел сари

Бугунги кунда минтақа “C5+1” форматидан тобора чиқиб, янги босқич — “Марказий Осиё плюс” форматига ўтмоқда. Бу эса минтақанинг мустақил геосиёсий субект сифатида шаклланаётганидан далолат беради.

Европа Иттифоқи модели — парламент ва ҳукумат каби устун миллатлараро институтларга асосланган тизим — Марказий Осиё учун мос эмас. Бу ерда ҳар бир давлат учун мустақиллик ва суверенитет муқаддас қадрият ҳисобланади.

Шу боис энг мақбул йўл — икки томонлама муносабатларни барча давлатлар ўртасида иттифоқчилик даражасига олиб чиқишдир. Бу ёндашув умумий минтақавий масалаларни миллатлараро институтларсиз ҳал қилиш имконини беради.

Маслаҳат учрашувларида қарорлар қабул қилинади, ҳукуматлар эса уларни амалга оширади. Буларнинг барчаси ўзаро ишонч ва очиқликка асосланган. Бу — жаҳон амалиётида деярли учрамайдиган янги интеграция моделидир.

Келажак манзараси: 2030 йил — янги Марказий Осиё

Минтақадаги “турбулентлик” даври ва тўпланган энергия чиқиши жараёни 2030 йилга бориб якунланади. Шундан сўнг барқарорлик ва изчил ривожланиш босқичи бошланади.

Марказий Осиё 2030 йилга келиб тўлиқ шаклланган ягона минтақа сифатида намоён бўлади.

Бугунги жараёнлар минтақа учун янги имкониятлар очмоқда. Евросиёнинг марказида жойлашган ҳудуд, аҳолининг тез ўсиб бораётгани (яқин истиқболда 100 миллион кишига етиши), бой табиий ресурслар — буларнинг барчаси Марказий Осиёга глобал эътиборни кучайтирмоқда.

Янги Марказий Осиё — бу минтақавий дипломатик хаб. Янги Марказий Осиё — бу транспорт ва логистика маркази.

Келажакда минтақа барқарорлик, тинчлик ва хавфсизлик ҳудуди сифатида эътироф этилади. Ҳатто узоқ истиқболда Марказий Осиё нейтрал минтақа мақомини ҳам қўлга киритиши мумкин.

Шубҳасиз, Марказий Осиё янги глобал архитектуранинг муҳим йўналишларини белгиловчи марказлардан бирига айланади.

Виктор Ким
Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа ва сиёсатшунослик институти илмий ходими

Материал ИА “Дунё” агентлигининг Виктор Ким билан ўтказган интервюси асосида тайёрланди:
https://youtu.be/mkQWw6A9F_k?si=P0UhsOyo-FtM6TOW