@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Менинг оилам – менинг ҳуқуқим” акцияси: натижалар ва таҳлил

 2026-04-01 16:19:11   |     Просмотров: 1307

25–27-март кунлари “Юксалиш ҳаракати” ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамкорлигида республика бўйлаб ўтказилган “Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акцияси кенг жамоатчиликни қамраб олди. Мазкур ташаббус аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилди.

Уч кун давомида 123 нафар нотариус ва юристлар жалб этилиб, улар томонидан 3000 дан ортиқ фуқарога ҳуқуқий кўмак берилди. Шундан 2356 нафар фуқаро индивидуал тартибда бепул ҳуқуқий маслаҳат олди. Бу кўрсаткич аҳолининг ҳуқуқий масалаларга бўлган эҳтиёжи юқори эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Берилган маслаҳатлар таҳлили фуқаролар энг кўп қуйидаги йўналишларда мурожаат қилганини кўрсатди: уй-жой олди-сотдиси масалалари етакчилик қилиб, 528 та мурожаат қайд этилди. Шунингдек, автотранспорт олди-сотдиси ва ишончномалар бўйича 432 та, мерос ва васиятнома масалалари бўйича 372 та, ҳадя шартномалари юзасидан 367 та мурожаат бўлган. Бошқа ижтимоий-ҳуқуқий масалалар 199 тани, меҳнат ва оилавий муносабатлар 182 тани ташкил этди. Бундан ташқари, ариза расмийлаштириш (113 та), ижара шартномалари (72 та), ҳужжатларни таржима қилиш ва миграция (59 та), субсидия олиш (32 та) каби масалалар бўйича ҳам фуқароларга тушунтиришлар берилди.

Ҳудудлар кесимида ўтказилган таҳлил акциянинг республика бўйлаб кенг қамровда ташкил этилганини кўрсатади. Энг юқори фаоллик Қашқадарё вилоятида кузатилиб, 31 та нуқтада 360 нафар фуқаро қамраб олинди. Шунингдек, Фарғона (185 нафар), Наманган (182 нафар), Қорақалпоғистон Республикаси (181 нафар), Жиззах (180 нафар) ва Самарқанд (175 нафар) вилоятларида ҳам фуқаролар фаоллиги юқори бўлди. Бошқа ҳудудларда ҳам барқарор иштирок қайд этилиб, акциянинг барча ҳудудларни қамраб олгани ҳамда аҳолига ҳуқуқий ёрдамни жойларда етказиш самарадорлиги таъминланганини кўрсатди.

Акциянинг муҳим жиҳатларидан бири — ҳужжатларни жойида расмийлаштириш имконияти яратилганидир. Натижада 72 та ҳужжат бевосита тадбир давомида тайёрланиб, фуқароларнинг вақт ва харажатларини тежашга эришилди.

Ўтказилган тадбир натижалари шуни кўрсатадики, бундай амалий ва очиқ форматдаги ҳуқуқий кўмак акциялари аҳолига янада яқинлашиш, уларнинг муаммоларини тезкор ҳал этиш ҳамда ҳуқуқий маданиятни оширишда муҳим аҳамият касб этади.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати