“Радарларидан йўқолди”: нега Ўзбекистондаги фаол кексалик марказлари фақат бир йиллик ташаббусга айланиб қолиши мумкин?
Кексаларнинг ижтимоий яккаланиши муаммосига эксперт нигоҳ
Яқинда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида, “Нуроний” жамғармаси қошидаги Кексалар ижтимоий клубида Очиқ эшиклар куни ўтказилди. 2025-йил март ойида @hamrohcare ташкилоти, “Инсон” маркази ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида йўлга қўйилган ушбу лойиҳа пойтахт пенсионерлари учун муҳим воқеа бўлган эди. Клуб қисқа вақт ичида кексалар учун мулоқот, таълим ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватловчи масканга айланди.
Аммо орадан бир йил ўтиб, лойиҳа қийин вазиятга дуч келди. Давлат молиялаштируви тўхтатилгани сабабли Клуб ёпилиш, ҳомий излаш ёки ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиш масаласини кўриб чиқмоқда. Афсуски, сўнгги вариант амалда деярли имконсиз. Чунки пенсионерлар учун мўлжалланган ижтимоий марказ тўлиқ тижорат тамойиллари асосида ишлаши қийин.
Умуман олганда, таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда кўплаб пенсионерлар ижтимоий сиёсат марказидан четда қолмоқда. Меҳнат фаолияти тугаши билан инсон аста-секин давлат дастурларидан ҳам чекиниб боради. Натижада у ўзини жамият ҳаётидан узилгандек ҳис қилиши мумкин.
“Меҳнат таътили”дан ижтимоий яккаланиш сари
Мамлакатда пенсия ёши эркаклар учун 60, аёллар учун 55 ёш этиб белгиланган. Бироқ кўплаб иш берувчилар бу ёшни фаол меҳнатнинг якуни сифатида қабул қилади. Шундан сўнг инсон, ҳатто куч-ғайрати ва тажрибаси етарли бўлса ҳам, фаол ижтимоий ҳаётдан четда қолиши мумкин.
Анъанавий қарашларга кўра, кексаларга ғамхўрлик қилиш асосан оила зиммасидаги вазифа ҳисобланади. Бироқ бугунги кунда миграция, шаҳарлашув ва турмуш тарзининг ўзгариши бу ёндашувни мураккаблаштирмоқда. Кўплаб кексалар фарзандларидан узоқда яшайди ёки кун давомида ёлғиз қолади.
Шу билан бирга, шаҳар дастурларида кексалар кўпинча асосий мақсадли гуруҳ сифатида белгиланмайди. Бюджет режалаштириш жараёнида ҳам уларнинг эҳтиёжлари ҳар доим ҳам устувор йўналиш сифатида кўрилмайди. Масалан, кўзойнак, эшитиш аппарати ёки стоматологик протез каби хизматлар қиммат бўлиб, бу харажатлар кўпинча пенсионерларнинг ўзига юк бўлади.
Бундан ташқари, ахборот ва маслаҳат берувчи дастурлар етарли эмас. Когнитив салоҳиятни сақлаш, руҳий саломатликни қўллаб-қувватлаш, ёлғизликка мослашиш каби масалалар бўйича тизимли ёндашув шаклланмаган. Натижада ижтимоий яккаланиш депрессия ва сурункали касалликлар хавфини оширади. Бу эса нафақат шахсий, балки жамият учун ҳам жиддий муаммо ҳисобланади.
Глобал жараёнлар ва “кумуш иқтисодиёт”
Аҳолининг қариши бутун дунёда кузатилаётган жараёндир. БМТ прогнозларига кўра, 2050-йилга бориб 65 ёшдан ошганлар сони 1,6 миллиардга етади. Шу боис кўплаб давлатлар бу жараённи муаммо сифатида эмас, балки имконият сифатида кўрмоқда.
“Кумуш иқтисодиёт” тушунчаси айнан шуни англатади: кексалар нафақат ёрдамга муҳтож қатлам, балки фаол истеъмолчи, кўнгилли ва тажрибали мураббий ҳамдир. Бироқ бунинг учун улар ижтимоий ҳаётга жалб этилиши, ўқитилиши ва қўллаб-қувватланиши керак. Шу мақсадда кўплаб мамлакатларда махсус марказлар ташкил этилган бўлиб, улар соғлом турмуш, таълим ва мулоқотни бирлаштиради.
Ўзбекистонда мавжуд вазият
Гарчӣ Ўзбекистон аҳолиси нисбатан ёш бўлса-да, пенсия ёшидаги фуқаролар сони ортиб бормоқда. Ўртача умр кўриш давомийлиги ҳам ошмоқда. Демак, келажакда фаол кексалик масаласи янада долзарб бўлади.
Яккасаройдаги Клуб тажрибаси муҳим саволни ўртага қўяди: лойиҳани бошлаш етарлими ёки унинг барқарорлигини ҳам таъминлаш керакми? Айни пайтда давлат бошланғич босқичда ёрдам беради, аммо узоқ муддатли молиявий механизмлар етарлича ишлаб чиқилмаган.
Аслида, бу Клуб бутун республика учун намуна бўлиши мумкин эди. Чунки у кексаларга ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилиш имконини яратади.
Халқаро тажриба нимани кўрсатади?
Қозоғистонда 120 та Фаол кексалик маркази давлат бюджети ҳисобидан ишлайди. Олмаотанинг ўзида 19 та филиал мавжуд бўлиб, пенсионерлар бепул тил ўрганади, спорт билан шуғулланади ва маданий тадбирларда қатнашади.
Шунингдек, Чехия ва Германияда давлат нодавлат нотижорат ташкилотларни грант ва субсидиялар орқали қўллаб-қувватлайди. “Кумуш университетлар” лойиҳалари орқали кексалар янги билимларни эгаллайди. Россияда эса “Москва узоқ умр кўриш” дастури ҳар бир туманда бепул машғулотлар ташкил этади.
Демак, халқаро тажриба шуни кўрсатадики, бундай марказлар фақат давлатнинг тизимли ёрдами билан барқарор ишлайди.
Хулоса
Кексалар клублари шунчаки ҳордиқ маскани эмас. Улар соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий интеграцияни бирлаштирган муҳим ижтимоий институтдир. Энг муҳими, улар касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бу эса узоқ муддатда давлат учун ҳам иқтисодий жиҳатдан фойдали.
Шу сабабли, узоқ муддатли давлат кафолатлари ёки бизнес ҳамда ННТлар иштирокидаги барқарор ҳамкорлик механизмлари зарур. Ахир мамлакат равнақига ҳисса қўшган инсонлар жамият ҳаётидан четда қолмаслиги керак.
Яккасаройдаги “Нуроний” тажрибаси ёпилиш билан якунланмаслиги лозим. Аксинча, у бутун республика бўйлаб фаол кексалик марказларини қўллаб-қувватлашнинг аниқ ва барқарор тизимини яратиш учун туртки бўлиши керак.
Виктория Аширова
Биокимё фанлари номзоди, ННТ соҳасида 30 йиллик тажрибага эга эксперт, “Илм Нури” ННТ ҳузуридаги “Кумуш авлод” дастури раҳбари.