@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” автомобиль йўлларидаги хавфсизлик масаласини ўрганди

 2025-06-24 14:21:46   |     Просмотров: 3103

“Юксалиш” ҳаракати томонидан жорий йилнинг апрель-май ойларида 2024-2025 йилларга мўлжалланган Давлат дастурларида Автомобиль йўлларида транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилди.

Сўнгги йилларда чуқур ислоҳотлар доирасида Республика бўйича ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, масъул идоралар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилнинг ўзида жами 53 761 дона янги йўл белгиси ўрнатилган ва яроқсизлари алмаштирилган. Шу билан бирга, 313 дона йўл йўналишлари ва масофани кўрсатувчи кўрсаткичлар ўрнатилган. Йўл ҳаракатини тартибга солиш мақсадида 136 та янги светофор объекти қурилган ва мавжудлари реконструкция қилинган, 31 та электрон табло ўрнатилган.

Шунингдек, 2025 йил бошидан 1 апрелга қадар республика бўйлаб 12 655 дона янги йўл белгиси ўрнатилган ва эскилари янгисига алмаштирилган. Йўл ҳаракатини тартибга солиш мақсадида 83 дона йўл кўрсаткичлари ўрнатилган, 56 та янги светофор объектлари қурилган ва мавжудлари реконструкция қилинган. Қолаверса, йўлларда 13 дона электрон ахборот таблолари ўрнатилган.

Ўрганишлар давомида соҳада яратилаётган шароитлар билан бир қаторда, автомобиль йўлларида транспорт воситалари ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар ижросида қатор муаммолар борлиги аниқланди.

Ўрганилган объектларнинг 14 тасида автомобиль йўлларининг техник ҳолати қониқарсиз даражада эканлиги, таъмирлаш ишлари сифатсиз ва белгиланган йўл қўрилиш стандартларига зид равишда амалга оширилгани аниқланди.

Масалан, Жиззах вилояти Зафаробод-Чимқўрғон йўналишларидаги йўллар таъмирталаб ҳолатга келганлиги автомобилларнинг ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётгани аниқланди.

Андижон вилояти Булоқбоши туманида 4К-92 “Андижон-Нефтепром-Тожикобод” автомобиль йўлининг 4-10 км қисмларида жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари сифатсиз бажарилиб, техник нормаларга зид равишда амалга оширлган.

Самарқанд туманидаги "Янги ариқ" МФЙ Фарҳод кўчаси кўп йиллар давомида таъмирланмаган.

Мониторинг давомида 8 та ҳолатда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўл чизиқларини чизиш, йўл белгилари ва кўрсаткичларини ўрнатиш, алмаштириш, сақлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишлари сифатсиз ҳамда белгиланган стандартларга зид равишда бажарилгани сабабли ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солиши маълум бўлди.

Хусусан, Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ ва Паркент туманларида ўрнатилган айрим йўл белгилари шаҳарсозлик нормаларига зид равишда (ШНҚ 2.05.02-07) катта дарахт, светофор ёки бошқа объектлар ортига/орасига жойлаштирилган. Натижада, белгиларнинг пиёдалар ва ҳайдовчиларга кўриниши имкониятлари чекланаётганлиги аниқланди.

Қарши шаҳрининг И.Каримов, Мустақиллик,  Насаф ва Буюк Турон кўчаларида ўрнатилган йўл белгилари ва қурилмалари дарахтлар ва тўсиқлар орасида қолиб, ҳаракат иштирокчиларига кўринмай қолганлиги маъдум бўлди.

17 та ҳолатда аҳоли пунктларида, айниқса, мактаблар, бозорлар атрофи ва аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур бўлган йўлаклар (тротуарлар) таъмирталаб ҳолатга келиб қолган ва янги йўлаклар сифатсиз қурилганлиги кўринди.

Хусусан, Марғилон шаҳридаги “Узумзор” МФЙ, Туркистон кўчаси ҳудудидаги пиёдалар учун мўлжалланган кўприк ҳозирги кунда таъмирталаб аҳволдалиги, объектнинг асфалт қопламаси кўчиб, темир устунлар чириш даражасига етиб келгани маълум бўлди.

Хоразм вилоятида шу кунгача қурилиши режалаштирилган 42 км тротуардан фақатгина 1 км қисми қурилган, холос.

Жиззах шаҳри “А.Темур” МФЙ ҳудудида қурилган 3,2 км тротуарнинг 500 метрга яқин қисми, Фориш тумани “Оқтом” МФЙда қурилган 1 км тротуарнинг 100 метрга яқин қисми тупроқ билан текисланмаган.

Ўрганишлар давомида 6 та ҳолатда мактаблар олдида тезликни 30 км/соатгача чеклаш каби огоҳлантирувчи белгилар, пиёдалар ўтиш жойини билдирувчи “зебра” чизиқлари, тезликни пасайтирувчи сунъий нотекисликлар мавжуд эмаслиги аниқланди.

Мисол учун, Музработ туманидаги 1-сонли умумтаълим мактаб жойлашган автомобиль йўлида мактабга яқинлашаётган қисмда тезликни пасайтириш йўл белгилари ўрнатилмаган, йўл чизиқлари ва пиёдалар йўлаги чизиқлари кўринмайдиган ҳолатга келиб қолган.

Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани, Наврўз кўчасида жойлашган мактабгача таълим муассасаси яқинида янги асфальт қопламаси ётқизилган, аммо “люк”лар устидаги қопқоқларсиз очиқ қолдириб кетилган. Бу болалар хавфсизлиги учун катта хавф туғдирмоқда.

Мониторинг давомида ногиронлиги бўлган шахсларга  йўл инфратузилмасидаги мавжуд ноқулайликларга ҳам эътибор қаратилди.

Масалан, Олтинкўл тумани автомобиль йўлида қурилган автобус бекатлари лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш инобатга олинмаган.

Қарши шаҳар “Насаф” кўчасидаги пиёдалар ўтиш жойида тротуарларни ажратиб турган ариқлар устки қисми ёпилмагани натижасида, ногиронлиги бўлган шахслар ҳаракати чеклаб қуйилган. Шунингдек, “Мағзон” маҳалласидаги “Кўзи ожизлар” мактаби олдида пиёдалар ўтиш жойи ва тротуарни туташтирувчи йўлакча носоз бўлиб, чуқурликлар мавжуд, бундан ташқари, катта ариқнинг устки қисми ёпилмаган, бу кўришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг хавфсиз ҳаракатланишида тўсиқлар пайдо қилмоқда.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Маҳтумқули” ҳамда “Шахрисабз” кўчалари (6-сонли туғруқхона, Бош прокуратура биноси атрофлари) пиёдалар йўлакларида ногиронлиги бўлган шахслар, болалар аравачаси ҳамда кексаларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатланиши учун шароит йўқлиги аниқланди. Йўлаклар зинасимон тепаликлардан иборат бўлиб, аравачалар ўтадиган пандус ва махсус қўрилмалар ўрнатилмаган. Шунингдек, Шайҳонтохур тумани, “Фурқат” кўчаси, Олмазор тумани “Себзор” кўчаларидаги автомобиль йўллар чеккасидаги пиёдалар йўлаклари ҳам ногиронлиги бўлган шахслар ҳаракатланиши учун мутлақо яроқсиз.

Шу билан бирга, мазкур ўрганишларга соҳа экспертлари жалб қилиниб, улар билан мавжуд муаммолор юзасидан муҳокама ўтказилди. Муҳокамада “TRANSKASB” корхоналар уюшмаси бошқарув раисининг ўринбосари Н.Зокиров,  “TRANSKASB” корхоналар уюшмаси масъул ходими Ш.Хамзаев, “Archemistry” блоги муаллифи, урбанист И.Солиев, Барқарор шаҳар ва транспортни режалаштириш бўйича мутахассис Б.Сирожев иштирок этди.

Экспертлар томонидан қўйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди:

- амалдаги Йўл ҳаракати қоидалари (ЙҲҚ) ва тегишли норматив ҳужжатларда кўплаб хатолар, мантиқий зиддиятлар, тушуниш қийин бўлган ва мужмал ифодалар мавжуд. Бу эса қоидаларнинг нотўғри талқин қилинишига ва ҳуқуқни қўллашда муаммоларга олиб келмоқда;

- мамлакатда катта миқдорда йўл белгилари етишмайди, айни пайтда кўплаб жойларда белгилар ортиқча, мантиқсиз, бир-бирини такрорлайдиган ёки кераксиз ўрнатилган ("Тўхташ тақиқланган" белгиси каби). Йўл чизиқлари кўпинча эскирган, стандартларга мос келмайди ёки ҳайдовчиларни беихтиёр қоидабузарликка ундайди;

- йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасидаги (йўл белгилари, чизиқлар, светофорлар, йўл қопламасига оид) аксарият техник стандартлар 1986 йилда қабул қилинган ва бугунги кун талабларига, замонавий транспорт оқими ва халқаро амалиётга мос келмайди;

- айрим йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун белгиланган жарималар миқдори уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига ва фуқароларнинг иқтисодий аҳволига номутаносиб равишда юқори. Жарималардан тушадиган маблағларнинг сарфланиши етарлича шаффоф эмас;

- мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш сифати паст, ўқитувчиларнинг малакаси етарли эмас. ЙПХ ходимларининг айримлари ЙҲҚ ва тегишли қонунчиликни етарлича билмайди;

-кўплаб йўллар, автобус бекатлари ва пиёдалар ўтиш жойлари ногиронлиги бўлган шахслар, болалар аравачалари билан ҳаракатланувчилар учун мослаштирилмаган. Айрим йўл участкаларининг кимнинг балансида эканлиги ноаниқ, бу эса уларни таъмирлаш ва сақлашда муаммолар туғдирмоқда;

- йўл қурилиши ва реконструкцияси лойиҳаларида хавфсизлик масалаларига етарлича эътибор берилмайди. Йўл чизиқларини чизиш ва белгиларни ўрнатишга масъул ташкилотнинг ИИВ таркибида бўлиши манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин.

“Юксалиш” ҳаракати йўл инфратузилмасидаги муаммолар фақат рақамлар билан эмас, инсон ҳаёти ва хавфсизлиги билан боғлиқ эканлигини таъкидлаган ҳолда, масъул идора вакилларини бу муаммоларга эътибор қаратишга чақиради.