@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сув тизими билан қамраб олиш масаласини ўрганди

 2025-06-09 16:49:24   |     Просмотров: 3811

Дунёдаги глобал иқлим ўзгариши шароитида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув ресусларидан самарали фойдаланиш орқали қимматли табиий бойлигимизни тежаш мақсадида Ўзбекистонда кенг кўламли инвестиция дастурлари амалга оширилмоқда.

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилдаги 63,7 фоиздан 2024 йилда 81 фоизга етказилди. Бу даврда 9,0 минг кмдан ортиқ ичимлик суви тармоқлари жорий ва мукаммал таъмирланиб, ичимлик суви ишлаб чиқариш иншоотлари сони 2024 йил якунида 10 992 тага етди. 2017-2024 йилларда илк бор 9 млн аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

2024 йил якунида аҳолини тоза ичимлик суви ва оқова сув билан таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан “Юксалиш” ҳаракати томонидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “”Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони 94-бандида бюджетдан ажратиладиган 1,3 трлн сўм маблағлар ҳисобидан 79 та лойиҳа доирасида 200 дан ортиқ маҳаллада 1,1 минг км тармоқ ва 64 та иншоот қуриш, аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 81 фоизга етказиш, 1,3 млн нафар аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, 3 млн нафар аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш белгиланган.

Мониторинг доирасида республика бўйлаб 101 та маҳаллада давлат бюджети, маҳаллий бюджетлар ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган 99 та лойиҳа танлов йўли билан ўрганилиб, ичимлик суви ва оқова сув тизими билан таъминланиши бўйича аҳоли фикри ўрганилди.

Натижада, расмий ҳисоботларда тўлиқ бажарилиб, фойдаланишга топширилган деб кўрсатилган 23 та лойиҳа доирасида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари якунига етказилмагани, 28 та лойиҳа бўйича объектлар белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмагани, 15 та маҳаллада ишлар якунланган бўлишига қарамай, таъминот тўлиқ йўлга қўйилмагани, 9 та лойиҳа бўйича ишлар сифатсиз бажарилгани маълум бўлди.

 

I. “Ўзсувтаъминот” АЖ мониторинг доирасида ўрганилган 99 та объектдан 67 тасида ичимлик суви ва оқова сув иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ҳамда тармоқ тортиш ишлари тўлиқ бажарилиб, фойдаланишга топширилган ва қолган 32 та лойиҳалар бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари давом эттирилаётганлиги ҳақида расмий маълумот берган.

Бироқ, ўрганишлар давомида фойдаланишга топширилган деб кўрсатилган 67 та лойиҳанинг 23 тасида лойиҳалар доирасида бажарилиши белгиланган ишлар тўлиқ амалга оширилмаганлиги аниқланди.

Мисол учун, Асака тумани “Эргашобод”, “Олақанот” МФЙда, Шаҳрихон туманидаги “Бобочек” МФЙда қурилиш ишлари охирига етказилмай қолиб кетган.

II.  28 та маҳаллада лойиҳалар бўйича объектлар белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилмаган ёки қурилиш ишлари тўлиқ якунланмасдан фойдаланишга топшириб юборилган.

Жумладан, Наманган вилояти Чуст туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви “Фаровон” кўчасида янги қурилган кўп қаватли уйларнинг оқова сув тизимида монтаж ишлари якунига етказилмаган.

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Ал-Хоразмий” турар-жой мажмуасида оқова сув тармоғи ётқизиш ва оқова сув иншоотида қурилиш ишлари якунланмасдан хонадонлар фойдаланишга топширилган.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Бахт”, “Истиқлол”, “Аҳиллик” маҳаллаларида оқова сув тармоқларини қуриш ишлари якунланиб, фойдаланишга топшириган бўлса-да, оқова сув тизими ишга тушмаган.

III.   9 та маҳаллада қурилиш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва тармоқ тортиш ишлари сифатсиз амалга оширилган.

Масалан, Жиззах вилояти Жиззах шаҳридаги “Улуғбек” ва “Калия” МФЙларда ўрнатилган сув минорасининг темир қопламаси сифатсиз материаллардан тайёрлангани, миноранинг остки қисми нисбатан кичиклиги сабабли хавфсизлик меъёрларига мос эмаслиги маълум бўлди. Наманган вилояти Чуст туманидаги “Гулзор” маҳалласининг янги кўп қаватли уйида оқова сув тизими сифатсиз қурилгани оқибатида ёқимсиз ҳид ва техник муаммолар юзага келмоқда. Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида эса 20 кмлик оқова тармоқлари белгиланган муддатда ва меъёрларга риоя қилинмаган ҳолда қурилгани аниқланди.

IV.   15 та маҳаллада лойиҳалар бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланган бўлса-да, ичимлик ва оқова суви таъминоти тўлиқ йўлга қўйилмаган ёки сув таъминотида узилишлар мавжуд.

Мисол учун, Жиззах вилояти Арнасой туманидаги “Зарафшон” МФЙда 2024 йилда 1 та сув иншооти қурилиб, 7 та кўп қаватли уйга (жами 70 та хонадон, 500 га яқин аҳолига) ичимлик суви олиб келинган бўлса-да, мазкур маҳаллада ичимлик суви 3 кунда бир маротаба ярим соат берилиши, 7 та икки қаватли уйда сув иккинчи қаватгача чиқмаслиги аниқланди. Навоий вилояти Нурота туманидаги “Деҳибаланд” МФЙнинг учта кўчасида, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани “М.Улуғбек”, “Нурафшон”, “Янги ҳаёт” ва “Лутфикор” МФЙларида ҳам сув куннинг маълум соатларида берилиши маълум бўлди.

V. Маҳаллаларни ичимлик суви билан таъминлаш борасида масъул идоралар томонидан дастурларни амалга ошириш ва назорат қилиш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган.

Хусусан, мониторинг жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 сентябрдаги “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони иловаларида белгиланган мақсадли кўрсаткичларнинг туман ва шаҳарлар кесимидаги манзилли маълумотлари сўралганда, корхона томонидан бу каби ҳисобот юритилмаганлиги ва лойиҳалар бошқа дастурлар асосида олиб борилиши маълум қилинди.

Мониторинг жараёнида ўрганилган барча маҳаллалар аҳолиси билан бевосита суҳбат жараёнида юқорида келтирилган ҳолатлар аҳолини ташвишга солаётгани маълум бўлди.

Ўтказилган жамоатчилик мониторинги натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва олдини олиш юзасидан қуйидагилар таклиф этилади:

-  сув лойиҳалари бўйича ҳар бир туманга бириктирилган техник муҳандисларни ҚМҚ 2.04.02-19 “Сув таъминоти. Ташқи тармоқлар ва иншоотлар” қурилиш меъёрлари ва қоидалари” бўйича ўқитиш;

-  сув ва оқова сув тизими объектларини фойдаланишга топширишда “Сувтаъминот” АЖ техник мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокини таъминлаш;

-  масъул ташкилотлар томонидан аҳолини ичимлик суви ва оқова сув билан таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишнинг очиқ ҳисоботини юритиш тизимини жорий этиш;

-  лойиҳаларни аниқ режалаштириш ва барча ҳудудларни қамраб олиш, лойиҳаларни тайёрлашда барча хонадонларни қамраб олишни кафолатлайдиган дастурий таъминот ва мониторинг тизимларидан фойдаланиш;

-  режалаштирилаётган лойиҳаларда хориж тажрибаси асосида замонавий технологиялардан фойдаланиш;

Тоза ичимлик суви билан етарли даражада таъминланганлик - инсон ҳуқуқи ва муносиб ҳаёт кафолатидир. “Юксалиш” ҳаракати жамоатчилик, масъул идоралар ва фуқароларни аниқланган муаммоларни ҳамкорликда ҳал этишга, холис назорат ва самарали ислоҳотлар сари қадам ташлашга чақиради.