ННТ уйларини ташкил этиш бўйича Президент Фармонининг жойлардаги ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этиш белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сонли Фармонига кўра, ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари уйларини зарур офис анжомлари, мебель, буюмлар ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда уларга нодавлат нотижорат ташкилотларини бепул жойлаштириш вазифаси кўзда тутилган.
“Юксалиш” ҳаракати томонидан мамлакатнинг ҳар томонлама ривожланишига ҳисса қўшаётган фуқаролик жамияти институтларига муносиб шароитларни яратиб бериш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилди.
Давлат томонидан фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга эътибор натижасида:
- ННТлар фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатлари сезиларли даражада либераллаштирилди. Жамоат ташкилотлари фаолиятини чекловчи тўсиқлар бартараф этилмоқда.
- Ҳудудий давлат органлари ҳузурида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун жамоат фондлари ташкил этилди. Уларнинг фаолиятини ривожлантириш учун маҳаллий бюджетлардан маблағлар ажратилмоқда.
- Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати икки ойдан бир ойга қисқартирилди. Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва уларнинг рамзларини қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш муддати икки баробарга – бир ойдан 15 кунгача қисқартирилди.
- Адлия органи билан ННТларининг тадбирларни келишиш тартиби хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилди;
- Республика бўйлаб 13 та нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари ташкил этилган, уларда жами 250 га яқин нодавлат ва нотижорат ташкилоти жойлаштирилган.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ННТ уйларини ташкил этиш ва уларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш билан боғлиқ айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.
Хусусан:
1) Сурхондарё вилоятида ННТлар уйини ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси бугунги кунга қадар таъминланмаган.
ННТлар уйи ташкил этиш учун зарур инфратузилмага эга бўлган бино ажратилмагани натижасида маҳаллий ННТлар жой қидириб сарсон бўлаётгани аниқланди.
2) ННТлар уйига Бухоро вилоятида – атиги 4 та, Сирдарё вилоятида – 6 та ва Наманган вилоятида – 14 та ННТ жойлаштириган, холос. Ваҳоланки, ушбу ҳудудларда муваффақиятли фаолият олиб бораётган, жойга муҳтож бўлган бошқа ННТлар етарлича.
Солиштириш учун: ўрганишлар давомида ҳудудларда ташкил этилган ННТлар уйларида Андижон вилоятида 22 та, Фарғона вилоятида 25 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида 37 тадан, Самарқанд вилоятида 38 та ННТ замонавий шароитларга эга биноларда самарали фаолият юритаётгани маълум бўлди.
Бироқ Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан юқоридаги Фармонда белгиланган вазифа ижросига юзаки ёндашилиб, вилоят архиви фаолият юритиб келаётган бино Наманган вилояти ННТлар уйи сифатида кўрсатилган.
Бинода электр ва оқова сув тармоқлари авариявий ҳолатга келиб қолган, умуман олганда бино ННТлар фаолиятини йўлга қўйиш учун яроқсиз ҳолатда.
3) Ташкил этилган ННТ уйларида бинони сақлаш ва коммунал тўловлар билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд.
Биноларни балансда сақловчи ташкилотларнинг масъулиятсизлиги, маҳаллий ҳокимликлар томонидан зарур маблағлар ўз вақтида ажратилмагани туфайли Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида коммунал тўловларни ўз вақтида тўламаслик ва натижада тармоқдан узиб қўйиш ҳолатлари кузатилди.
Шунингдек, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ННТ уйлари молиялаштиришдаги муаммолар ва хизмат кўрсатиш ходимлари билан таъминланмаганлиги сабабли куз-қиш мавсумида истиш тизимидан фойдалана олмаган.
Хулоса ўрнида:
Жамоатчилик мониторинги натижаларидан кўриниб турибдики, ушбу соҳада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган фармон ва қарорлар фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бироқ амалиётда уларда белгиланган вазифаларнинг тўлақонли ижроси таъминланмаган. ННТлар уйларига жойлаштиришдаги хатоликлар, молиялаштиришдаги узилишлар ва инфратузилмани сақлаш бўйича масъулиятсизлик мазкур ҳудудларда иш олиб бораётган ННТлар ўз фаолиятини тўлақонли йўлга қўя олмаслиги, жамиятга фойда олиб келиши мумкин бўлган янги ташаббуслардан воз кечишга мажбур бўлиши ёки ўзлари илгари сураётган лойиҳаларнинг асосий молиявий ресурсларини ижара харажатларига сарфлаши оқибатида мақсадли гуруҳлар билан етарли даражада ишлай олмаслигига сабаб бўлади.
Бу эса юртимизда олиб борилаётган фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошириш бўйича ислоҳотлар самарадорлигини чеклайди.
ННТларнинг рисоладагидек фаолият юритиши, янги ташаббусларни амалга ошириши ва жамият ривожига ҳисса қўшиши учун, аввало, уларнинг иш шароитини яхшилаш, қулай муҳит яратиш керак. Шунинг учун, маҳаллий бошқарув органларидан ўз ҳудудларидаги ННТ уйларининг ҳолатига бефарқ бўлмаслик, мавжуд камчиликларни ҳамкорликда бартараф этишни сўраб қоламиз.