@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

"Юксалиш" ҳаракати ва Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти ҳамкорлик меморандумини имзолади

 2025-02-28 18:11:50   |     Просмотров: 2817

28 февраль куни «Юксалиш» ҳаракати, Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти, Ўзбекистондаги ЖССТ ваколатхонаси, Ўзбекистон журналистларини қайта тайёрлаш маркази ҳамда Ибн Сино жамоат фонди вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Иштирокчилар замонавий ҳаёт шароитида камҳаракат турмуш тарзи ва нотўғри овқатланиш инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганини таъкидлаб, соғлом одатларни тарғиб қилиш долзарб масалага айланганини айтиб ўтишди. Ўзбекистон ҳам, бошқа кўплаб мамлакатлар сингари, юқори қон босими, қандли диабет ва юрак-қон томир касалликлари каби касалликларнинг кўпайишига дуч келмоқда. Бу турмуш тарзи ўзгариши, яъни жисмоний фаолликнинг пасайиши, ёғ, шакар ва туз миқдори кўп бўлган маҳсулотларнинг рационда устунлик қилиши ҳамда стресс даражасининг юқорилиги билан боғлиқ.

Шу боис, аҳолига тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва зарарли одатлардан воз кечишнинг зарур эканлигини тушуниш муҳимдир. Фақат ўз танаси ва соғлиғига онгли муносабат орқали умр давомийлигини ошириш ва миллат фаровонлигига эришиш мумкин.

Тадбир доирасида «Юксалиш» ҳаракати ва Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти ўртасида 2025 йил учун ҳамкорлик меморандуми ва мақсадли иш режаси имзоланди.

Мақсад – Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ташаббусларини амалга ошириш. У қуйидагиларни ўз ичига олади:

• «Фуқаролик жамияти ҳафталиги» доирасида соғлиқни сақлашга бағишланган форумлар, давра суҳбати, маҳорат дарсларини ташкил этиш;
• аҳоли ўртасида сўровномалар ўтказиш;
• ҳамкорликдаги лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Маълумот учун: Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 6 сентябрдаги 156-сонли фармонига мувофиқ ташкил этилган. Институтнинг асосий вазифалари соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва юқумсиз касалликларнинг олдини олиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва зарарли одатларга қарши курашишдан иборат. Шунингдек, институт соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича илмий асосланган таклифларни тайёрлаш билан шуғулланади.

Меморандум Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Соғлом инсон – соғлом миллат» ғоясини миллий ҳаракатга айлантириш ташаббусига жавоб беради. Бу Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти ва «Юксалиш» ҳаракати ҳамкорлиги соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни янада кучайтиришга ёрдам берувчи муҳим қадамдир.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати