@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Фактчекинг, танқидий тафаккур, медиасаводхонлик: янги медиамактаб нималарни ўргатади?

 2025-02-26 11:42:44   |     Просмотров: 2584

26-27 феврал кунлари Тошкентда "Юксалиш" ҳаракати ва Европа Иттифоқи ОAВ вакиллари ва блогерлар учун медиамактаб ўтказади.

Тадбир Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Медиатаълим ва фактларни текшириш: танқидий тафаккур ва ахборот саводхонлигини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган.

Икки кун давомида 27 нафар ёш журналист ва блогер медиасаводхонлик, танқидий тафаккур ва фактчекингга оид кўникмаларни эгаллайди. Шунингдек, улар дезинформтасияни аниқлаш усулларини ўрганиб, ОAВнинг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги ролини тушуниб етади. Бундан ташқари, иштирокчилар тажриба алмашиш, касбий маҳоратини ошириш ва материалларини танлов асосида эълон қилиш имкониятига эга бўладилар.

Рақамли технологиялар тез суръатда ривожланаётган шароитда медиасаводхонлик ва фактларни текшириш муаммолари тобора долзарб бўлиб бормоқда. Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларнинг оммалашуви ишончли ахборот билан бирга сохта хабарларнинг ҳам тез тарқалишига сабаб бўлмоқда, бу эса жамоатчилик фикрига сезиларли таъсир ўтказади. Шундай шароитда танқидий тафаккурни ривожлантириш ва маълумотларни текшириш кўникмаларини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этади.

“Биз ушбу медиамактаб орқали Ўзбекистонда профессионал ва масъулиятли медиа жамиятини шакллантиришга ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз. Ишончимиз комилки, бу ерда ҳар бир иштирокчи нафақат янги билим ва кўникмаларга эга бўлади, балки келгуси фаолияти учун илҳом, янги ҳамкорлик алоқалари ва профессионал ривожланиш имкониятларини топади”, – Aскар Маматханов, "Юксалиш" ҳаракати раис ўринбосари — ижрочи директор.

“Юксалиш” ҳаракати 2021-йилдан бери медиасаводхонликни ривожлантириш бўйича ташаббусни амалга оширмоқда. Ушбу йўналишдаги асосий ишлардан бири журналистлар ва блогерларни қўллаб-қувватлашга қаратилган медиамактаблар бўлди. Уларнинг мақсади – бошловчи журналист ва блогерларга ахборот оқимларини таҳлил қилиш, манипулясияларни аниқлаш ва дезинформасияга қарши курашиш бўйича билим бериш.

"Европа Иттифоқи дезинформацияга қарши курашишга содиқ ва Ўзбекистон билан ўз тажрибасини улашишга тайёр. Бу жараёнга ОAВ мустақиллигини мустаҳкамлаш, журналистик терговларни қўллаб-қувватлаш, фактларни текшириш ташаббусларини илгари суриш ҳамда ОAВнинг ўзини ўзи тартибга солишини рағбатлантириш киради. Фуқаролик жамияти ҳам бу саъй-ҳаракатларда муҳим рол ўйнайди", — Тойво Клаар, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси.

Тўрт йил ичида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги медиамактабларда 150 тингловчи таҳсил олди. 2025 йилда ушбу дастур давом эттирилади ва янги иштирокчиларга медиасаводхонлик бўйича муҳим воситаларни ўрганиш имконияти берилади.

Медиамактаб якунида битирувчиларга сертификатлар топширилади.