@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ёшлар салоҳияти ва ишга жойлашишдаги қийинчиликлар: иш берувчилар фикри

 2025-02-10 16:17:36   |     Просмотров: 2720

Инсон капиталини ривожлантириш мамлакатнинг муваффақиятли иқтисодий ўсиши ва ижтимоий фаровонлигининг асосий омили ҳисобланади. Бу тушунча нафақат таълим даражаси ва касб кўникмалари, балки саломатлик сифати, мотивация, инновацион тафаккур ва ўзгараётган шароитларга мослашиш қобилиятини ҳам ўз ичига олади.

Ўзбекистонда меҳнат бозорини ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2024 йилнинг бошида инвестицион лойиҳалар ва саноатни ривожлантириш доирасида беш миллион кишининг ишга жойлашиши учун шароит яратиш режалаштирилган эди. Бундан ташқари, тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида “Ёшлар дафтари” тизими жорий этилди. Шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб «Ишга марҳамат» мономарказлари, касбий таълим марказлари, қисқа муддатли курслар фаолияти йўлга қўйилган. Президент томонидан тилга олинган стратегик мақсадлардан бири яқин уч йил ичида камбағаллик даражасини 11%дан 7%га тушириш бўлиб, амалга оширилаётган ишлар шу мақсадга хизмат қилади.

Иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётни модернизация қилиш бўйича мураккаб ёндашув мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади, фуқаролар фаровонлигининг ўсишига ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.


"Юксалиш" ҳаракати иш берувчиларнинг ёш мутахассисларни ишга қабул қилиш бўйича фикрини ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказди. Ушбу таҳлил ёш мутахассисларни тайёрлаш ва иш билан таъминлаш соҳасида мавжуд муаммолар ва имкониятларни тушунишга ёрдам беради.

Google Forms платформасидан фойдаланган ҳолда ўтказилган сўровнома кичик ва ўрта бизнес вакиллари, фермер хўжаликлари, давлат идоралари, ННТ етакчилари ва раҳбарларини қамраб олди. Унда 23 ёшдан 55+ ёшгача бўлган 828 киши қатнашди. Респондентлар сони Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги аҳоли сонига мутаносиб равишда тақсимланди.

Сўровнома турли ёш гуруҳларини қамраб олган бўлиб, ёш кадрлар билан ҳамкорлик қилиш тажрибасини турли нуқтаи назарлардан кўриб чиқиш имконини беради. Иштирокчиларнинг кўпчилиги, яъни 67% – 25 ёшдан 45 ёш оралиғидаги фуқароларни ташкил этади. Катта ёшли гуруҳ вакилларининг салмоқли улуши (45–55 ёш – 24,6% ва 55+ ёш – 8,4%) уларнинг жараёндаги фаол иштироки ва ёш мутахассислар билан ишлашда катта тажрибага эга эканлигини кўрсатди.

Респондентларнинг 47,5%и эркаклар, 52,5%и аёллар бўлиб, сўровнома Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олди.

Респондентларнинг фаолият соҳалари

Иштирокчиларнинг 41,5% давлат муассасаларида ишлайди, бу давлат секторининг асосий иш берувчи ва кадр ташаббуслари манбаи сифатидаги ролини таъкидлайди. Кичик ва ўрта бизнес ҳам катта улушни эгаллайди – 22,5%, йирик бизнес вакиллари эса – 5,2%ни ташкил этади. Бу ёш мутахассисларнинг хусусий сектордаги ривожланиш ва инновациялар учун аҳамиятлилигини кўрсатади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари 14,6%ни, фермер хўжаликлари эса 6,5%ни, бошқа соҳа вакиллари – 9,7%ни ташкил этади. Улар ҳам мослашувчанлик ва янги ёндашувларга бўлган эҳтиёжни таъкидлаган ҳолда ёш мутахассисларни фаол жалб қилишади.

Иш берувчилар қандай камчиликларни кўряпти?

Иш берувчиларнинг тахминан учдан бир қисми – 27,8% – кадрлар томонидан ОТМда олинган базавий билимлар етарли эмаслигини таъкидлайдилар. Бу таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш ва талабаларни амалиётга кўпроқ йўналтириш зарурлигини кўрсатади.

Мустақил ривожланишга бўлган мотивациянинг пастлиги – 29,3% иштирокчи томонидан яна бир муаммо сифатида белгиланган. Сўров натижаларидан маълум бўлишича, раҳбарларнинг 8,7%и мустақил профессионал ривожланишга ҳаракат қилмайдиган, 8,1% - тизимли ва танқидий фикрлай олмайдиган, 4% – мулоқот кўникмалари ва 2,9% лидерлик сифатларига эга бўлмаган ёш кадрларга дуч келмоқда. Бу рағбатнинг йўқлиги ва ўқиш учун шароитнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Респондентларнинг 8,3% ёш кадрларда ахборот технологиялари билан ишлаш бўйича кўникмалар етарли эмаслигини таъкидламоқда. Иштирокчиларнинг 9,9% ёш ходимларнинг чет тилларини билмаслиги ҳақида айтган. Бироқ рақамлаштириш ва глобаллашув шароитида бу зарурий кўникмаларсиз ёш ходимларнинг касбий истиқболлари чекланиши мумкин. Қолган 1% респондентлар бошқа турли хил камчиликларни кўрсатиб ўтган.

Иш берувчилар ёшларга қанча миқдорда маош беришга тайёр?

Аксарият иш берувчилар ёш мутахассисларга тўрт миллиондан олти миллионгача бўлган маошни таклиф қилишга тайёр.

Бу энг кам тажрибага эга ходимлар меҳнати учун тўланадиган пул миқдорини акс эттиради. Респондентларнинг кўпчилиги – 39,4% 4-5 миллион сўм миқдоридаги маблағни иш бошлаш учун мақбул деб билади. Сўралганларнинг 37,9% янги ходимларга 5-6 миллион сўм таклиф қилишга тайёр. Иш берувчиларнинг 11% 6 миллиондан 8 миллион сўмгача маош беришга тайёр бўлса, 6,5% респондент 7-10 миллионгача маблағни иш ҳақи сифатида ажрата олишини айтган. Бироқ юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари кам учрайдиган ҳолатлигича қолмоқда – респондентларнинг фақат 5,2% 10 миллион ва ундан юқори маош тўлашга тайёр. Бу эса ёш мутахассисларнинг иш бошлаган вақтда муносиб иш ҳақи олиш имкониятини чеклайди.

Вазиятни қандай яхшилаш мумкин?

Малакали кадрларни тайёрлашда ёрдам бериши мумкин бўлган асосий йўналишлар сифатида иш берувчилар қуйидагиларни кўрсатган:

  •  46,6% респондент мустақил ривожланиш учун шароит яратиш устуворлигини билдирган;
  •  43,1% респондент фикрича, барқарор иш ҳақи ва мукофот ёки грант каби рағбатлантириш тизими орқали ёш мутахассисларни ушлаб қолиш ва уларнинг ривожланишига ҳисса қўшиш мумкин;
  •  сўралганларнинг 26,3% карьерада ўсиш учун имконият яратиш муҳимлигини таъкидлаган бўлса, 18,7% хорижда малака оширишлар ташкиллаштириш аҳамиятига урғу берган, 23,6% ёш мутахассислар билан ишлаш стратегиясини эътироф этган, 2,2% иштирокчи эса жавоб беришга қийналган.

Онлайн платформалар, шахсий контактлар ва бандликка доир сайтлар иш берувчилар учун ёш мутахассисларни қидиришда асосий манба бўлиб қолмоқда. Сўралганларнинг 37,2% ишга ёллаш жараёнида рақамли технологиялар аҳамиятининг ортиб бораётганини таъкидлаган. Бундан ташқари, 24,6% кадрларни ОТМлар орқали, 21,6% – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги орқали, 13,5% – меҳнат биржасидан, 3,1% бошқа манбалар орқали излашини билдирган.

Сўров натижалари таҳлили асосида тавсиялар:

  1. Таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш ва амалиёт кўникмаларига ҳамда назарияни амалиётда қўллашга урғу бериш зарур. Шунингдек, талабаларга ўқишни тугатгунга қадар компанияларда ҳақиқий иш тажрибасини тўплаш имкониятини берадиган стажировка ва амалиёт дастурларини ишлаб чиқиш муҳим.
  2. Иш берувчилар ходимлар учун ички ўқув ва ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиши, шунингдек, ташқи курслар ва тренингларда иштирок этишни рағбатлантириши мумкин. Бунинг ичига онлайн курслар ва мустақил таълим платформаларида ўқишни ҳам киритиш мумкин.
  3. Рақобатбардош меҳнат шарт-шароитлари билан бир қаторда, ижтимоий ва тиббий имтиёзларни ўз ичига олган таклифлар иш берувчининг салоҳиятини ошириши мумкин.
  4. Иш берувчилар бўлажак кадрларни бозор талабларига тайёрлаш учун олий ўқув юртлари билан фаол ҳамкорлик қилиши лозим. Бу ҳамкорлик тўғрисидаги шартномалар, қўшма дастурлар ва иш берувчиларнинг ўқув жараёнларида иштирок этишини ўз ичига олиши мумкин. Нодавлат ташкилотлар ёш кадрларни тайёрлашда муҳим роль ўйнайди, улар қўшимча ўқув дастурлари ва ресурсларни таклиф қилиши мумкин.
  5. Ёш мутахассислар ўзларини қадрли ва эътиборга лойиқ деб ҳис қилишлари учун ижобий корпоратив маданиятни шакллантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу тавсиялар Ўзбекистондаги иш берувчиларга ёш кадрлар салоҳиятидан самарали фойдаланишда ёрдам беради, уларни замонавий меҳнат бозори талабларига тайёрлайди.

Иш берувчилар ўртасида ўтказилган сўровнома ёш кадрлар билан ишлаш афзаллик ва камчиликларини аниқлади. Асосий муаммолар сифатида билимларнинг етишмаслиги ва мустақил ривожланишга бўлган мотивациянинг камлиги қайд этилган. Шу билан бирга, иш берувчилар барқарор маош ва касбий ўсишга эътибор қаратган ҳолда рақобатбардош иш шарт-шароитларини таклиф қилишга тайёр. Номзодларни танлаш жараёнида рақамли платформалар ва таълим муассасалари аҳамиятини таъкидлаш зарур.

Вазиятни яхшилаш учун таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш дастурларини ишлаб чиқишга сармоя киритиш зарур. Бу ОТМда олинган кўникмалар ва меҳнат бозори талаблари ўртасидаги тафовутни қисқартиришга ёрдам беради.

  “Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати