"Юксалиш" ҳаракати - фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида олти йил
"Юксалиш" ҳаракати бу йил олти ёшга тўлди.
Бизнинг ҳаракатимиз 78 мингдан зиёд аъзолар ҳамда 800 дан ортиқ НТТ ни бирлаштиради. Ҳаракатнинг халқаро тармоғи 350 дан ортиқ таҳлилий марказ ва халқаро экспертларни қамраб олган.
Олти йил давомида 3 мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилди, жумладан, 1 200 та турли даражадаги учрашув, 4 та Фуқаролик жамияти ҳафталиги, 100 дан зиёд форум ва конференциялар, 400 та жамоатчилик муҳокамаси, 170 та семинар, 140 та тренинг, 200 та жамоатчилик эшитуви ва 50 та ижтимоий акция ўтказилиб, жами 800 мингдан ортиқ аҳоли қамраб олинди.
2019–2024 йилларда ҳаракат Ўзбекистондаги етакчи фуқаролик ташаббуслари марказига, шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиёдаги энг йирик халқаро альянсларга аъзо бўлган ягона таҳлилий марказга айланди. Улар орасида: CIVICUS, WANGO (Жаҳон нодавлат ташкилотлари ассоциацияси) ва ADA (Осиё тараққиёт альянси) мавжуд.
Aсосий ташаббуслар
"Юксалиш" ҳаракати фаолияти давомида бир қатор муҳим ташаббусларни амалга оширди:
Экологик лойиҳалар: "Бир миллион дарахт" акцияси доирасида мамлакат бўйлаб 3 778 138 туп манзарали ва мевали дарахт экилди.
Ҳуқуқий ёрдам: "Нотариуслардан бепул маслаҳатлар" акциясида 600 нафар нотариус иштирок этиб, 6 800 нафар фуқарога бепул юридик кўмак кўрсатди.
Жабрланганларга ёрдам: "Салом, Сардоба, биз биргамиз!" акцияси доирасида 10 дан ортиқ юк машинасида кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди, 561 миллион сўм маблағ жабрланганлар ўртасида тақсимланди.
Тоза ичимлик суви: "Ҳаёт улаш" акцияси орқали чекка ҳудудлардаги 22 минг фуқаро тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Донорликни ривожлантириш: "Биз – донорлар!" аксияси доирасида 57 ташкилотдан мингдан ортиқ иштирокчи жалб қилиниб, 700 литрдан ортиқ донорлик қони йиғилди.

Жамоатчилик назорати ва ислоҳотлар
Олти йил давомида "Юксалиш" 600 дан ортиқ мониторинг ўтказиб, 3 500 та обйектни ўрганди. Шу жумладан: кўп қаватли уйларнинг сейсмик хавфсизлиги, ипотека субсидияларининг ажратилиши ва бошқа долзарб масалалар таҳлил қилинди.
"Юксалиш" кенг кўламли ахборот кампаниясини олиб бормоқда:
– 300 дан ортиқ видеоролик тайёрланиб, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилди.
– 57 мингдан ортиқ ахборот материали эълон қилинди.
– ОAВда 650 дан ортиқ мақола чоп этилди.
– Марказий ва ҳудудий телеканалларда 1 500 дан ортиқ интервью эфирга узатилди.
– 710 та инфографика ва 420 та баннер яратилди.
– 20 та брошюра нашр этилди.
– Шунингдек, Ҳаракат томонидан "Ўзбекистонда демократия" номли ойлик ахборот бюллетени ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилиб, 350 дан ортиқ халқаро эксперт ва дипломатларга етказилади.
"Юксалиш" 2019, 2021, 2023 ва 2024 йиллардаги сайлов кампанияларига ҳам ахборот кўмагини кўрсатиб, изоҳли инфографика ва видеороликларни тақдим этди.
Келажакка режалар
"Юксалиш" ҳаракати Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ривожланишига қаратилган ташаббус ва ғояларни илгари суришда давом этади. Демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, очиқ мулоқотни ривожлантириш ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолини ўзгариш жараёнларига жалб этиш кабилар шулар жумласидан.
Ҳаракат, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, маданий алмашинувни кенгайтириш ва қардош халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади.
"Юксалиш" Ўзбекистон вилоятлари ва жаҳон мегаполислари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, қолаверса, мамлакатнинг халқаро майдондаги мавқейини ошириш учун халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилишга интилади.
Энг муҳим вазифалардан бири – давлат тили мақомини мустаҳкамлаш, ўзбек тилини ривожлантириш ва уни дунё миқёсида оммалаштиришдир.
Бундан ташқари, "Юксалиш" жамоатчилик назоратини қўллаб-қувватлаб, фуқаролик ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ёшларнинг давлат бошқаруви ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида иштирокини оширишга хизмат қилади. Ислоҳотлар жамоатчилик фикри ва экспертлар таҳлили асосида амалга оширилиб, уларнинг самарали татбиқ этишга ёрдам берилади.
Ҳаракат Янги Ўзбекистонда "эшитувчи давлат" концепциясини амалга оширишга интилган ҳолда, мамлакатда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигини қўллаб-қувватлайди.