@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ёшлар қайси касбларни танламоқда?

 2025-01-20 12:00:57   |     Просмотров: 3327

Сўнгги йилларда олиб борилган қатор тизимли ислоҳотлар ёшларнинг сифатли таълим олиши ва танлаган касби ортидан юқори натижаларга эришиши учун янада кенгроқ имконият яратди.

Ўзбекистонда ўтган 2024 йилнинг Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилиниши мамлакатимизда ёш авлоднинг фаровонлиги ва тадбиркорликка қаратилаётган алоҳида эътибордан дарак беради.

“Оилавий тадбиркорлик” дастурлари доирасида ажратилган кредитлар, “Ёшлар дафтари”дан берилган субсидиялар, “Ёшлар саноат зонаси”да ишга туширилган лойиҳалар шулар жумласидан.  Шунингдек, 1,5 минг нафар ёш бизнесини “ноль”дан бошлаб, ҳозирда айланмасини миллион доллардан оширган.

Президентимиз сўнгги етти йил ёшларга имконият яратиш борасида “катта сакраш” даври бўлганини таъкидлагани бежиз эмас. 

Бу вақт оралиғида ёшларнинг иқтидорини кашф қилиш ва салоҳиятини юзага чиқаришга йўналтирилган кўплаб ташаббуслар жорий қилинди. Сифатли таълим олиш, касбий тайёргарлик даражасини ошириш, шунингдек, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Замонавий таълим муассасалари, технопарклар, инновацион марказлар очилиши минглаб ёш йигит-қизларга ўз ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш имконини берди.

Ўзбекистон бугун ёшларга ўз салоҳиятини юзага чиқариш учун кенг имкониятларни тақдим этмоқда. Асосий йўналишлар сифатида таълимнинг очиқлиги, ишга жойлашиш дастурлари, ижодий ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётида иштирок этишни санаб ўтиш мумкин. Бундан ташқари, респондентлар учун имтиёз ва грантлар, ёш фермер ва тадбиркорлар учун дастурлар амал қилаётгани уларнинг иқтисодиётга муваффақиятли интеграциялашувига хизмат қилмоқда.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун шароит яратиш билан бирга ёш авлоднинг кайфияти, қизиқиш ва интилишларини англаш муҳим. Ёшлар  қизиқишлари кўпинча глобал трендларни акс эттиради. Масалан, бугун IT, сунъий интеллект, экология ва барқарор ривожланиш билан қизиқаётган ёшлар сони ортиб бормоқда. Англаш муҳимки, ёшларнинг қизиқишлари бу нафақат маълумот, балки инсон капиталини ривожлантириш калити ҳамдир. Ёшларда ўзларига ёққан иш билан шуғулланиш имконияти бўлса, бу нафақат уларнинг мотивацияси ва иш самарадорлигини оширади, балки мамлакатнинг замонавий тараққиётига ҳам ҳисса қўшади.

“Юксалиш” ҳаракати ёшларнинг касблар ҳақидаги фикрини ўрганиш ва улар нуқтаи назаридан долзарб ҳамда истиқболли мутахассисликларни аниқлаш мақсадида сўров ўтказди.

Тадқиқот натижалари иш берувчи ва ташкилотларга яқин йилларда малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни баҳолашда қўшимча маълумот бериши мумкин. Бу маълумотлар ёш мутахассисларнинг интилишлари ва кутилмаларини ҳисобга олган ҳолда кадрлар сиёсатини такомиллаштиришга ёрдам бериши, шунингдек, уларни жалб қилиш стратегияларини шакллантиришда асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Тадқиқот пойтахт ва марказий шаҳарларда яшовчи 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида онлайн сўров усулида ўтказилиб, унда 1843 киши иштирок этди.

Республиканинг барча ҳудудларидаги шаҳарларнинг қамраб олинганлиги, маълумотларнинг хилма-хиллигини таъминлади ва ёшлар қарашларидаги ҳудудий хусусият ва фарқларни ҳисобга олиш имконини берди. 

Сўровнома саволлари барча иштирокчилар учун аниқ ва тушунарли тарзда тузилган, жами 13 та саволдан иборат. Анкетани тўлдиришга умумий ҳисобда тахминан 10 дақиқа вақт кетган. Бу маълумот сифатини туширмасдан, респондентларга сўровномани тез ва ортиқча қийинчиликларсиз тўлдириш имконини берган. Саволлар мазмуни ёшлар ҳаётининг турли жиҳатларини қамраб олди. Хусусан, уларнинг таълимга бўлган қарашлари, касбий интилишлари, қадриятлари, шунингдек, ишга жойлашиш ва карьера ўсишига бўлган муносабатларини акс эттирган.

Респондентларнинг ҳудудлар бўйича тақсимоти

  • Қорақалпоғистон: 6,9%;
  • Андижон вилояти: 7%;
  • Бухоро вилояти: 7,8%;
  • Жиззах вилояти: 5,8%;
  • Қашқадарё вилояти: 8,7%;
  • Навоий вилояти: 5,7%;
  • Наманган вилояти: 8,3%;
  • Самарқанд вилояти: 9,5%;
  • Сурхондарё вилояти: 5,9%;
  • Сирдарё вилояти: 3,3%;
  • Тошкент вилояти: 7,4%;
  • Фарғона вилояти: 8,7%;
  • Хоразм вилояти: 6,7%;
  • Тошкент шаҳри: 8,3%.

Респондентлар сони Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти аҳолисига мутаносиб равишда тақсимланди. Шу сабабли сўралганларнинг асосий қисми Самарқанд вилоятидан (9,5%), иккинчи ўринда – Фарғона вилояти (8,7%), кейинги ўринларни эса Қашқадарё вилояти (8,7%), Наманган вилояти (8,3%) ва Тошкент шаҳри (8,3%) эгаллаган. Бу маълумотлар ёшларни касбга йўналтиришда турли ҳудудлар аҳамиятини тасдиқлайди.

Касб танлови ва сабаблар

Кўпчилик (89,4%) ўз ихтиёрига кўра танланган мутахассислик бўйича таълим олаётганини айтди, 7,2% эса бунинг аксини маълум қилди. 3,4% бошқа сабабларни кўрсатди.

55% ўз мутахассислигини болаликдаги орзуси сабаб танлаган. Танловга, шунингдек, ота-оналарнинг маслаҳати ва оила аъзолари шу йўналишда ишлаши ҳам жиддий таъсир кўрсатади — 21,9% уларнинг тавсияси бўйича ўқишга кирган. Респондентларнинг жами 11,5% ўз касбини юқори маош сабабли ва карьера қилиши мумкинлиги, 5% эса рақобатнинг камлиги учун танлаган. 6,6% эса бошқа сабабларни кўрсатишган.

Истиқболли иш йўналишлари

Ёшлар учун истиқболли кўринган йўналишлар орасида биринчи ўринда ўз бизнесига эга бўлиш туради (38,6%). Шунингдек, давлат хизмати ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотади (35,7%). Бу вақтда, 6,9%га яқин кам сонли иштирокчи меҳнат миграцияси истиқболлари ва 7,4% хусусий секторда ишлаши ҳақида айтишди.

Умумий респондентлар сонидан 6,8% ўз келажагини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан боғлайди, 4,6% эса ўзини IT-мутахассис, шунингдек, психолог сифатида кўради – бу бандларни сўралганлар мустақил равишда таклиф қилишди.

Ўзбекистонда ишга жойлашиш

Ўз мамлакатида ишлашга оид ижобий муносабат 73,8% респондент томонидан билдирилди. Улар Ўзбекистонда муносиб ўрин топишига ишонади. Бироқ, 19% бу борада мамлакат имкониятларини кенгайтириш лозим деб ҳисоблайди. 7,2% эса бошқа сабабларни кўрсатишган.

Маошга оид кутилмалар

Сўралганларнинг аксарият қисми (49%) ҳар томонлама қулай ҳаёт учун оптимал даромад миқдори 10 миллион сўм ва ундан кўп бўлиши керак, деб ҳисоблайди. 31,9% 8 миллиондан 10 миллионгача, 15,8% эса 4 миллиондан 7 миллионгача ойлик маошни мақбул деб билади. Респондентларнинг 3,3% бошқа миқдорларни кўрсатди.

Ўзбекистонда ишлаш афзалми ёки хорижда?

Респондентларнинг 24,9% хорижда ишлашни афзал деб билади. ёшларнинг ярмидан кўпи (53,2%) ўз юртида ишлашга бел боғлаган. 19,4% жавоб беришга қийналган ва 2,5% бошқа жавобларни беришди. Хорижда ишлашни афзал билганлар орасида асосий сабаблар:

  • 49,5% юқори маош;
  • 47,6% ривожланиш учун хорижда шароитлар яхшироқ эканлиги;
  • 19% жавоб беришга қийналган;
  • 16,4% бошқа сабабларни белгилашди.

Мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун зарур ислоҳотлар

Респондентлар фикрига кўра, мамлакат ривожи учун энг муҳим масала бу иш ўринлари яратилишидир (56,5%). Иккинчи ўринда коррупцияга қарши курашиш (43,4%), шунингдек, бюджет маблағлари назорати (30,1%) ва таълимнинг очиқлиги (30,7%). Шуниси қизиқки, 20,7% га яқин респондент рақамлаштириш ва янги технологияларни жорий қилиш муҳимлигини таъкидлаган.

Бу маълумотлар ёш мутахассислар ўз касби ва жамиятдан нималарни кутаётгани, қолаверса, уларнинг ойлик ҳақидаги фикрларини тушунишга ёрдам беради. Миграция жараёнларини тезлаштирувчи ва янги иқтисодий вазиятларни юзага келтирувчи глобаллашув шароитида ёшларни нафақат қўллаб-қувватлаш, балки улар учун янги имкониятларни ҳам яратиш муҳимлигини англаш зарур. 

Шубҳасиз, замонавий ёшлар ҳар қандай мамлакат келажагини шакллантиришда етакчи ўрин касб этади. Унинг касб фаолиятига оид кайфияти ва кутилмаларини англаш меҳнат бозори ва бутун иқтисодиёт ривожланадиган йўналишлар тўғрисида муҳим хулосалар чиқариш имкониятини беради.

Сўров натижалари келажак тўғрисида қарорлар қабул қилишга оила ва шахсий хоҳишлар кучли таъсир кўрсатишини, моддийлик омилининг аҳамияти эса камроқ эканини тасдиқлайди. Меҳнат шароитларини яхшилаш ва касбий ўсиш учун имконият яратиш ёш мутахассисларни ушлаб қолиш ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши  омили бўлиши мумкин.