@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракати 2024 йил якунларини эълон қилди

 2025-01-04 08:58:31   |     Просмотров: 2530

«Юксалиш» ҳаракати 2024-йил якунларини эълон қилди 2024-йил «Юксалиш» ҳаракати учун янги ижтимоий ташаббусларни амалга ошириш, акцияларни йўлга қўйиш ва Ўзбекистоннинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда экологик ривожланишига қаратилган қўшма лойиҳалар доирасида ҳамкорликни ривожлантириш йили сифатида ёдда қолди.

Сафимиз 77 минг кишидан ошди

Бу йил бизнинг сафимиз янада кенгайди. Аъзоларимиз сони 77 025 кишини ташкил этмоқда. Улар қаторида давлат органлари, жамоатчилик ташкилотлари, академик доиралар вакиллари, ёшлар, хориждаги ватандошларимиз, тадбиркорлар, санъаткорлар, экспертлар, маҳалла фаоллари бор. Улар мамлакатда рўй бераётган ислоҳотларда фаол иштирок этмоқда, бизнинг вазифамиз эса уларнинг сайъ-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва бирлаштиришдан иборат.

Халқаро ҳамкорлик давом этмоқда

2024-йилда халқаро шериклар билан фаол ҳамкорлик қилишда давом этдик. Йил давомида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Тараққиёт ва ҳамкорлик бўйича Швейцария агентлиги, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), UNICEF, Европа-Осиё фонди, KOICA, Латвия ташқи ишлар вазирлиги ва Германия иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги (BMZ), «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти кабилардан мамлакатимиз ривожи учун 1,5 миллион доллардан ортиқ миқдорда маблағлар жалб қилишга эришилди.

Марказий Осиё миқёсидаги ҳамкорлик кенгайтирилди. Октябрь ойида “Юксалиш” ҳаракати вакиллари Суғд вилоятидаги (Тожикистон) Гулистон шаҳрида “Сирдарё дарёси ўзани иккинчи ёшлар форуми”да иштирок этдилар. Ушбу халқаро майдонда экобирлашмаларнинг муваффақиятга эришиш ҳикоялари тақдим этилди.

Лойиҳалар – рақамларда

  • 20 дан ортиқ халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик амалга оширилмоқда.
  • 3 та шаҳарга болалар ва ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун $30,0 мингдан маблағ ажратилди.
  • 5 та лойиҳа учун $15 минг кичик грантлар тақдим этилди.
  • 2 та ННТлар ва Жамоатчилик сиёсат мактаби ташкил этилди.
  • Оғир вазиятга тушиб қолган ва ногиронлиги бўлган 650 дан зиёд ёшларга бепул ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар берилди, 460 дан ортиқ ёшлар касбга ўқитилди.
  • 21 та тадқиқот ва сўровномалар ўтказилди.
  • 22 та тренинглар ўтказилди.
  • 15 та маслаҳат учрашувлари ўтказилди.
  • 1000+ фуқаролар қамраб олинди.

Йирик акциялар

"Биз - донормиз!" хайрия акцияси илк марта йил давомида ўтказилди. Унинг асосий мақсади – қон банкини тўлдириш ва муҳтожларга ёрдам беришдан иборат. Умумий ҳисобда 827,65 литр қон йиғилди.

Тоза ичимлик суви етказиб борилмаган бир неча ҳудудларда “Ҳаёт улаш” лойиҳаси доирасида ичимлик сувидан фойдаланиш имконияти яратилди. Самарқанд вилояти, Ургут тумани "Қоратепа" маҳаласида 2000 дан ортиқ аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлайдиган қудуқ фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Хоразм вилоятининг Шовот, Хива ва Урганч туманларидаги учта тиббиёт муассасасига фильтрлар ўрнатилиб, қудуқлар ишга туширилди. Натижада 6000 дан ортиқ одам, жумладан, ходимлар, беморлар ва кундалик ташриф буюрувчилар тозаланган ичимлик сувига эришди.

Тошкентда “Биз тоза Ботаника боғи тарафдоримиз!” акцияси ўтказилди, унда 90 га яқин киши, жумладан, мактаб ўқувчилари, талабалар, волонтёрлар ва табиатни асрашга бефарқ бўлмаган бошқа шахслар иштирок этди.

Ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар

Жорий йилда “Ёшлар коррупцияга қарши” лойиҳаси 16 дан 29 ёшгача бўлган ёшларни бирлаштириб, тренинглар давомида уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш имконини яратди.

Нотариал палата ва “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда ўтказилган ҳуқуқий маслаҳат кунлари республика бўйлаб 4000 дан ортиқ аҳолига 200 га яқин нотариус ва юристдан бепул маслаҳат олиш имконияти тақдим этилди.

SODI (Германия) билан ҳамкорликда Тошкентдаги “Умидворлик” маркази томонидан ёшлар ижтимоий марказида ижтимоий ходимлар, психологлар, юристлар, IT-тренерлар ва бизнес-маслаҳатчилар хизматлари бепул тақдим этилди.

Ахборот фаолияти

“Юксалиш” ҳаракати томонидан 2226 та пост ва материал, жумладан, 84 та инфографика ва 104 та видеоролик тайёрланиб, ижтимоий каналлар ва саҳифаларда жойлаштирилди:

  • Ҳаракатнинг расмий веб-сайтига 62 та материал жойлаштирилди;
  • 380 дан ортиқ материаллар – босма ва электрон ОАВда;
  • 370 дан ортиқ интервьюлар – Марказий ва маҳаллий телевидениеда;
  • 5 та мавзуда анимацион ролик – Миллий телеканалларда.

Умумий қамров миқдори 100 миллиондан ортиқни ташкил этган. Жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлган биргина материал – жамоатчилик фикри етакчилари рейтинги 50 дан ортиқ интернет-манбаларда эълон қилиниб, 1,5 миллиондан ортиқ кўришга эга бўлди. Шунингдек, “Давлат бошқарувидаги топ-40та аёл", “ТОП-Жамоатчилик фикри лидерлари” рўйхати эълон қилинди.

2025-йилга режалар

“Юксалиш” ҳаракати келгуси йилда ҳам ўз фаолиятини жадаллаштириб, янги вазифаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. 2024-йил 26-августда қабул қилинган Президент фармонига кўра, эндиликда ҳар йили жамоат кенгашлари фаолияти самарадорлиги баҳоланади. Ушбу тадқиқотлар натижалари “Юксалиш” ҳаракатининг расмий манбаларида эълон қилинади.

Шунингдек, Парламент ва маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари билан ҳамкорликни кучайтириб, жамоатчилик назорати, мониторинг ва ташаббусларни ривожлантириш билан боғлиқ самарадор фаолиятни давом эттирилади ҳамда инновацион ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва оммалаштиришга эътибор кучайтирилади.