@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Хоразм вилоятида жамоатчилик мониторинги натижалари

 2024-12-27 10:48:12   |     Просмотров: 2043

2024 йилнинг 6-7 май кунлари Хоразм вилоятидаги “Юксалиш” ҳаракатининг ҳудудий бўлинмаси вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда ЁСТЗ ташкил этиш бўйича ташаббусларни амалга ошириш ҳолатини мониторинг қилди.

Ушбу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилдаги № ПК-5088-сонли қарори асосида олиб борилди. Вилоятда жами 26,6 гектар ер майдони ЁСТЗлар учун ажратилган.

Боғот туманида ЁСТЗ учун 5 гектар ер ажратилган. Ҳозирги кунга келиб, зонада 18 та лойиҳа жойлаштирилган, аммо ҳеч қайси лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланмаган. Зона электр ва газ таъминоти билан таъминланган, лекин ичимлик суви ва канализация тизими мавжуд эмас. Зонага олиб борувчи йўллар қониқарсиз ҳолатда.

Қўшкўпир туманида ЁСТЗ ҳудудида 4 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Улардан иккита лойиҳа тугалланмаган қурилиш босқичида, биттаси эса фундамент босқичида қолмоқда. Зона электр ва газ таъминоти билан таъминланган, лекин ичимлик суви ва канализация тизими йўқ, йўллар таъмирталаб.

Хонқа туманида режалаштирилган 31 та лойиҳадан фақат биттаси ишга туширилган, бири фундамент босқичида, яна бири эса тугалланмаган ҳолатда. Электр ва газ таъминоти мавжуд, аммо ичимлик суви ва канализация тизими йўқ. Йўллар таъмирланмаган.

Урганч тумани (Чоткўпир қишлоғи) ЁСТЗ учун 1 гектар ер ажратилган бўлиб, зонада 17 та лойиҳа жойлаштирилган. Уларнинг умумий қиймати 8,05 миллиард сўмни ташкил қилади, ҳозирда 13 та лойиҳа амалга оширилаётган бўлса, 4 таси тўхтатилган. 108 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Электр ва газ таъминоти мавжуд, аммо ичимлик суви ва канализация тизими йўқ, йўллар таъмирга муҳтож.

Барча ЁСТЗларда умумий муаммолар мавжуд бўлиб, улар ичимлик суви ва канализация тизимининг йўқлиги, лойиҳаларни амалга оширишда паст суръатлар ва инфратузилма йўлларининг қониқарсиз ҳолати билан боғлиқ. Бу омиллар зоналарнинг ривожланишини жиддий сустлаштирмоқда.