@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Мамлакат равнақи йўлида ватандошларнинг роли ва аҳамияти”

 2019-06-21 13:37:00   |     Просмотров: 4483

Мазкур мавзудаги маслаҳат учрашуви 2019 йилнинг 21 июнь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мажлислар залида бўлиб ўтди. Унда мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари иштирок этди. Учрашувда бугунги кунда хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасидаги ишларнинг бориши ҳамда иш жараёнида юзага келаётган муаммолар масъуллар иштирокида очиқ муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда ватандошлар, хусусан, хорижда истиқомат қилаётган ва профессионал фаолият олиб бораётган олим ва малакали мутахассислар билан мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мутахассисларни хорижда малакасини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташкил этилди. Ташқи ишлар вазирлигида эса махсус бўлим фаолият бошлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашга қаратилган амалий билимлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида “Буюк Келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилди. Унинг Экспертлар кенгаши бугунги кунда дунёдаги 150 дан ортиқ ватандош-мутахассисларни ягона платформа атрофида бирлаштирмоқда.  

Шу билан бирга, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг фаолият йўналишларидан бири ҳам — чет элдадаги ватандошлар билан мулоқотни йўлга қўйиш, уларни республикадаги кенг кўламли ўзгаришлар жараёнига фаол жалб қилиш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими вакилининг фикрига кўра, вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хориждаги ватандошларимиз томонидан вазирлик номига 60 дан ортиқ таклифлар келиб тушгани, уларнинг 20 дан ортиғи ўзининг амалий ифодасини топгани ҳақида маълумотлар берилди. Шу билан бирга, қатор вазирлик ва идораларда ватандошлар билан ишлаш, шу жумладан “йўл харита”ларини шакллантириш бўйича  муаммолар мавжудлиги таъкидланди. Ватандошлар масаласи билан шуғулланувчи вазирлик ва идоралар ўртасида ягона календарь режасини ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакилининг фикрига қўра, бугунги кунга қадар ватандошлар мавзусига оид 76 та тадбир ўтқазилган бўлиб, мамлакатнинг глобал имижини яхшилашда туризмнинг аҳамияти муҳим экани таъкидланди. Шу билан бирга, ватандошлар масалалари билан шуғулланувчи мутасадди ташкилотлар ўртасида ўзаро маълумот алмашинуви йўқлиги ҳам алоҳида  қайд этилиб,  вазирлик ва идоралар ўртасида мувофиқлаштирувчи орган ташкил қилиш таклифи илгари сурилди.

“Буюк келажак” ХННТ экспертларининг фикрича, ватандошлар масалалари бўйича мутасадди ташкилотларнинг кўплиги муаммога тизимли ёндашувни қийинлаштирмоқда. Халқаро экспертларни ишга таклиф қилиш, уларнинг ойлик маошлари, ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича қатор тизимли муаммолар мавжудлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, юртга қайтган ватандошларнинг жамиятга мослашиш жараёнини тизимли асосда йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди. Хорижий экспертларнинг ойлик маошлари бўйича эса хаққонийлик принципларига асосланган ёндашувнинг зарурлиги таъкидланди.

Чет элда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган ватандошларнинг илмий даражаларини тан олиш масаласи ҳам ҳанузгача кун тартибида долзарб бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан,учрашувда иштирок этган Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти вакили томонидан нострификация масаласини такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар тақдим этилди. 

“Мадад” ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази директорининг сўзларига кўра, Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳрида 1,3 млн ватандошимиз фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 80 фоизи олий маълумотга эга эмас. Ватандошларнинг асосий қисмини ишчи мигрантлар ташкил этишини инобатга олиб, уларнинг ҳуқуқий билимларини кучайтириш, тил кўникмаларини яхшилаш бўйича таклифлар берилди. 

Йиғилиш якунлари бўйича ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш соҳасидаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди. 

“Юксалиш” умуммилий ҳаракати матбуот хизмати