@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Иқлим ўзгариши масалалари Сурхондарё вилоятида муҳокама қилинди

 2024-07-31 09:27:47   |     Просмотров: 1975

Сурхондарё вилоятида “Иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва қарор қабул қилиш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини ошириш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди

23-26 июль кунлари Сурхондарё вилоятида фуқаролик жамиятини институтлари, давлат идоралари ҳамда жамоатчилик ташкилотлари мутахассислари ҳамда ёшлар иштирокида семинар бўлиб ўтди.

Иқлим ўзгариши ҳозирги вақтда инсоният олдида турган энг муҳим муаммолардан биридир. Глобал исиш, чўлланиш, иқлим зоналарини ўзгариши экотизимга жиддий таъсир кўрсатадиган иқлим ўзгаришининг оқибатларидан фақат бир нечтасидир. Иқлим ўзгариши саноатлаштириш, қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланиш ва ўрмонларни кесиш каби инсон фаолияти билан бевосита боғлиқдир. Иқлим ўзгариши сабабларини ҳал қилиш ва унга мослашиш чораларини кўриш келажак авлодлар учун атроф-муҳит барқарорлигини таъминлаш  муҳим вазифадир.

“Юксалиш” ҳаракати Латвия маҳаллий бошқарув органлари ассоциацияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш бўйича барқарор сиёсатни ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳа мақсади – маҳаллий давлат ҳокимияти органлари салоҳиятини кучайтириш, иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари бўйича жамоатчиликни хабардор қилиш ва уларни қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб этиш.

Тренинг давомида иқлимшунослик ва иқлим ўзгариши асослари, барқарор келажакка мослашиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш каби мавзулар кўриб чиқилди. Иқлим ўзгаришига оид қонун ҳужжатлари таҳлили ўтказилди. Иштирокчилар адвокатлик стратегияси ва вилоятдаги иқлим ўзгариши таъсирининг сценарийларини ишлаб чиқдилар.

минтақадаги иқлим ўзгариши таъсирининг режалаштирилган сценарийлари.

Бундан ташқари лойиҳа доирасида қўйидаги ишлар амалга оширилди.

  • мақсадли ҳудудларда экологик муаммолар, маҳаллий иқлим ўзгариши ва унинг хавфини баҳолаш мақсадида экспертлик мониторинги ўтказилди. Натижалар асосида мақсадли ҳудудлар учун иқлим ўзгаришига мослашиш режалари ишлаб чиқилмоқда
  • Латвия ва Ўзбекистон экспертлари ҳамкорлигида “Иқлим ўзгаришига мослашиш ва маҳаллий режаларни амалда қўллаш учун услубий тавсиялар” қўлланмаси ўзбек ва рус тилларида ишлаб чиқилди.

Лойиҳа Латвия Республикасининг ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

«Юксалиш» ҳаракати матбуот хизмати