Экологик тоза маҳсулотга эга бўлишнинг ҳуқуқий асослари
Маълумки, табиат билан жамият ўртасидаги узвий боғлиқлик табиатнинг умумий қонуниятларига мос ҳолда, ўзаро тенг мувозанатда бўлишини тақозо этади.
Акс ҳолда турли салбий оқибатларни келтириб чиқариб, ер юзидаги барча тирик мавжудотнинг мувозантига хавф солади. Шу сабабдан, Конституцияда табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан оқилона ва мақсадли фойдаланиш, инсон экологик хавфсизлигини таъминлаш лозимлиги алоҳида белгиланган.
Конституция нормаларини татбиқ қилиш асносида мавжуд амалдаги экологик қонун нормалари инсон манфаатларига тааллуқли бўлган қисмлари, яъни инсон саломатлигига даҳлдор бўлган масалаларни ўз ичига олгани билан мустаҳкамланади. Албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилади каби норма ушбу мақсадга эришиш фуқароларга қулай табиий атроф-муҳит яратиб беришни ҳам тақазо этади. Фуқаролар нормал ва соғлом ҳаёт кечиришлари, соғлом турмуш тарзини амалга оширишлари, меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун уларни ўраб турган атроф табиий муҳит – ўрмонлар, атмосфера ҳавоси, сув, ўсимлик дунёси, тупроқ ва бошқа экологик қийматга эга бўлган ҳудудлар тоза ҳамда инсон соғлиғига зарарли таъсир этмайдиган ҳолатда бўлиши лозим.
Умуман олиб қарайдиган бўлсак, Конституция, давлатнинг асосий қонуни сифатида экологик қонунчиликни вужудга келиши, яъни шаклланиши, ривожланиши ва такомиллашувида юридик база сифатида экологик муносабатларни тартибга солишда асосий ролни амалга оширади. Бундан ташқари, конституциявий қоидалар унинг институтларини шакллантиришга, ижтимоий муносабатлар доирасини белгилаб бериш ҳамда ушбу муносабатлар асосини мустаҳкамлайди ва тартибга солади. Шунинг учун, конституцион нормаларнинг экологик ҳуқуқ билан тартибга солинадиган предмет соҳасини аниқлаш жараёнида таркибий ва ташкилий хусусиятга эга бўлган ҳал қилувчи ролга эга эканлигини эътироф этишимиз мумкин бўлади.
Авваллари табиатни муҳофаза қилиш қонунчилик нормалари моҳиятига мувофиқ инсон манфаатлари давлат ҳамда унинг органларининг манфаатлари асосида, унга бўйсунган ҳолда таъминланиши каби принцип устувор бўлган. Ушбу аснода эса, табиат бойликларидан фойдаланиш муҳим жиҳат, атроф муҳитни муҳофаза қилиш эса кейинги ўринларда ҳал қилиниши эътироф этилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бунда фуқаролар соғлиги ва ҳаёти иккинчи даражада қолдирилганлиги ҳудди шундай инсонларнинг қулай атроф-муҳитда яшашига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ҳам энг сўнги даражадаги масала сифатида қаралганлиги барчамизга аён.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирда атроф табиий муҳитини муҳофаза этишга бағишланган конституцион нормаларнинг барча қоидалари амалдаги қонунлар билан тўла ва ҳар томонлама ривожлантирилган десак муболаға бўлмайди. Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни 12-моддасида аҳоли ўз саломатлиги ва келажак авлодининг соғлиғи учун қулай табиий муҳитда яшаш, ўз саломатлигини атроф-муҳитнинг зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, табиатни муҳофаза қилиш бўйича жамоат бирлашмаларига бирлашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга оид ахборотларни талаб қилиш ҳамда олиш каби ҳуқуқлари кафолатланган.
Бу борада мамлакатимизда экология соҳасида тадқиқотлар олиб бораётган мутахассисларнинг эътирофича, инсон экологик ҳуқуқларининг иқтисодий моҳияти шундан иборатки, уларнинг амал қилиши пировард натижада кишиларнинг моддий аҳволи янада яхшиланиши ва саломатлигига хизмат қилади. Экологик ҳуқуқлари таъминланган кишиларни моддий чиқимларсиз яшаши ва “кам ҳаражатли” атроф муҳит сифатига эга бўлишлари мумкин.
Шунингдек, Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги БМТ Конвенцияси (Орхус конвенцияси, Орхус шаҳри, Дания, 1998 йил 25 июнь) муқаддимасида, ҳар бир инсон соғлиги ва фаровонлиги учун қулай бўлган атроф муҳитда яшаш ҳуқуқига эга эканлиги эътироф этилган.
Шу аснода, юртбошимиз томонидан имзоланган 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясига мувофиқ атроф табиий муҳит ҳолатининг сифатини яхшилаш мақсадида 2030 йилга қадар амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ичида глобал экологик муаммоларни ҳал этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва республиканинг ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариши соҳасида Ўзбекистон Республикасининг Орхус конвенциясига қўшилиши мақсадга мувофиқлигини қайд этилганини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бу эса ўз навбатида инсоннинг ўз саломатлиги ва фаровонлиги учун қулай атроф муҳитга эга бўлиш, атроф муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш, иштирок этиш ва одил судловга эришиш ҳуқуқини таъминлаш тизимини такомиллаштириш имкониятини яратади.
Бу борада хорижий мутахассислардан профессор М.М. Бринчукнинг нуқтаи назарига асосан инсон экологик ҳуқуқларини ҳуқуқий тартибга солиш даражасига қараб иккига, яъни асосий ва бошқа ҳуқуқларга ажратади. Жумладан, асосий ҳуқуқларга – ерга бўлган хусусий мулк ҳуқуқи, қулай атроф муҳитга бўлган ҳуқуқи, атроф муҳитнинг ҳолати тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқи, атроф муҳитнинг салбий таъсири натижасида фуқароларнинг соғлигига ёки мулкига етказилган зарарни ундиришга бўлган ҳуқуқ, тиббий ёрдамга бўлган ҳуқуқ, соғлиққа бўлган ҳуқуқ кабилар.
Юқоридаги фикрларга қўшилган ҳолда қўшимча равишда инсонларнинг экологик тоза маҳсулотга эга бўлиш ҳуқуқини ҳам асосий ҳуқуқлар тоифасига киритилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлаймиз. Зотан, ҳозирда инсонларнинг табиатдан моддий ва бошқа истеъмол ашёлари сифатида фойдаланиши кўлами кенгайиб бормоқда.
Шунингдек, экологик тоза маҳсулот тушунчаси юридик адабиётларда турлича талқин қилинган. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан нашр этилган, кўплаб экологик атамаларни ўз ичига олган “Ўзбек-рус ва инглиз экологик изоҳли луғати”да ёзилишича, экологик тоза маҳсулот - тегишли экологик сертификатда белгилаб қўйилган талаб ва шартларига тўла-тўкис жавоб берадиган маҳсулотдир. Инсонларнинг экологик тоза маҳсулотга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш экологик нормативларни ўрнатиш, экологик стандартлаштириш ва сертификатлаштириш орқали амалга оширилади.
Маълумки, экологик сертификатлаштириш мамлакатимизда янги жараён ҳисобланади. Унда маҳсулот ва хизмат сифати амалдаги қонунларда ҳамда ўрнатилган давлат стандартларида истемолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи, атроф муҳит муҳофазасини таъминлашга қаратилган талаблар белгиланади ва истемолчиларнинг ҳаёти ҳамда соғлигига нисбатан мажбурий экологик сертификатлартириш ўтказилади. Ушбу сертификатлаштиришнинг асоси эса экологик меъёр, яъни экологик норматив ҳисобланади.
Қолаверса, экологик сертификатлаштиришнинг муҳим аҳамияти шундан иборатки, унинг мақсади экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф табиий муҳит объектларини ифлосланишдан ва камайиб кетишдан муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш ҳисобланади ва у атроф муҳитни муҳофаза қилиш механизмларидан бири эканлиги муҳим жиҳатидир. Экологик сертификатлаштириш фуқароларнинг тоза экологик маҳсулотларга эга бўлиш ҳуқуқини амалга оширишнинг алоҳида кафолатидир.
Агарда, экологик сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш масаласини ҳал этилса, бир мунча ижобий ўзгаришга эришган бўлар эдик. Жумладан, ички истеъмол бозорида экологик хавфли маҳсулотларни пайдо бўлиши олди олинади, экологик жиҳатдан хавфсиз ускуна, технология ва жараёнларни татбиқ қилинишига замин яратилади. Қолаверса, мамлакат иқтисодиётини халқаро бозорга инеграциялашуви жараёни юз беришини гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги 435-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тартиби тўғрисида Низом”га мувофиқ экологик маркировкалаш тартиботидан ўтмасдан ва маҳсулотни экологик хавфсизлик белгиси билан маркировкалашга сертификат мавжуд бўлмаганда товар, маҳсулотнинг тавсифида ва номланишида, тенг равишда рекламада экологик хавфсизлик белгисидан фойдаланиш, маҳсулотнинг экологик хавфсизлигига тегишли бирон-бир хоссаларини кўрсатиш, шунингдек, «экологик тоза», «экологик хавфсиз», «экологик қулай» деган ёзувлардан фойдаланиш тақиқланади.
Хориж тажрибасига таянадиган бўлсак, Европа давлатларида экологик сертификатлаштириш жуда кенг ривожланган бўлиб, унда айниқса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мажбурий экологик сертификациялаштириш азалдан жорий этилганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Унда маҳсулотларга қўйилган экологик белгилар ва улар тўғрисида маълумотлар матбуотда эълон қилинади, ҳамда экологик белгилар эса миллий мувофиқлик белгисини тўлдириб турувчи мезон сифатида эътироф этилган.
Шу сабабдан, атроф табиий муҳитни мукаммал муҳофаза қилиш мақсадида экологик меъёрлашга оид қонунчилик нормаларини қайтадан ишлаб чиқиш, айниқса янги қабул қилинаётган Экология кодексида ушбу нормаларнинг мустаҳкамланиши, қолаверса, Конституцияда экологик тоза маҳсулотга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш бугунги кун бозор иқтисодиёти муносабатлари талабларидан келиб чиқиб, аниқ белгилаш лозим деб ҳисоблаймиз.
Бу эса ўз навбатида бир қатор ҳуқуқий ва ташкилий чораларни амалга оширишликни тақазо этади, жумладан: истеъмолчилар ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмоли маҳсулотларининг сифати тўғрисида маълумот олишлари учун кенг имкониятларни яратиш, жамоатчиликни ушбу соҳада экологик экспертизани ўтказишда фаол иштирок этишини таъминлаш лозим. Экологик жихатдан тоза ҳамда сифатли маҳсулот ишлаб чиқарган тадбиркорлик субъектларига имтиёзли равишда кредитлар ёки субсидиялар ажратилишини таъминлаш ҳам ҳозирги куннинг энг муҳим масалаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Мазкур масалалар юзасидан ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар талайгина.
Нариман Ражабов
Тошкент давлат юридик университети
“Экология ҳуқуқи” кафедраси
профессори, ю.ф.д.