@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракатининг 2023 йилдаги фаолияти сарҳисоби

 2023-12-31 13:03:59   |     Просмотров: 3030

Бу йил “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фаолиятини бошлаганига беш йил бўлди. Жорий йилда ҳам Ҳаракат ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, янги-янги ташаббусларни илгари сурди, бир қанча ижтимоий лойиҳаларни амалга оширди, долзарб масалаларда чақириқлар қилди, ҳамкорлик йўналишини кенгайтирди, хайрия ишларини давом эттирди.

Аъзоларимиз 60 мингга яқинлашди

Шу йилнинг ўзида “Юксалиш” ҳаракатига 40 мингдан зиёд ҳамюртларимиз – давлат органлари, жамоат ташкилотлари, ёшлар вакиллари, хориждаги ватандошлар, тадбиркорлар, маҳалла фаоллари ва умуман Ватани равнақига бефарқ бўлмаган оддий фуқаролар аъзоликка қабул қилинди. Улар мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчиларидир, биз эса уларни бирлаштиришни мақсад қилганмиз.

Халқаро ташкилотлар билан қўшма лойиҳалар

Жорий йилда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, ЮНИСЕФ болалар жамғармаси, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Евроосиё жамғармаси, KOICA, Латвия ташқи ишлар вазирлиги, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги (BMZ)нинг 2 млн долларга яқин грантларини жалб қилди.

Ҳаракат томонидан қатор ижтимоий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан бири “Ижтимоий ҳимояга муҳтож, қийин вазиятда қолган ва ногиронлиги бўлган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий инклюзияси” лойиҳасидир. Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги (BMZ) молиявий кўмагидаги ушбу лойиҳа ҳамкорлари – Германиянинг Solidaritätsdienst International e.V. (SODI) нодавлат нотижорат ташкилоти ва Тошкент шаҳар “Умидворлик” маркази. Мақсад – қийин вазиятда қолган 18-35 ёшдаги ёшларнинг фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишда, шахсий ва касбий салоҳиятини рўёбга чиқаришда имкониятларини кенгайтириш орқали турмуш сифатини яхшилаш. Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида Ёшлар учун ижтимоий марказ ташкил этилди. Марказда ижтимоий ходим, психолог, ҳуқуқшунос, IT-тренер, бизнес-маслаҳатчи, ҳунарманд хизматлари бепул кўрсатилмоқда.

Латвия ташқи ишлар вазирлиги молиявий кўмагида ва Латвия маҳаллий бошқарув органлари ассоциацияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш бўйича барқарор сиёсатни режалаштириш” лойиҳаси ишга туширилди. Қўшма лойиҳа маҳаллий давлат ҳокимияти органлари салоҳиятини кучайтириш, иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш ва қарорлар қабул қилиш жараёнига жамоатчиликни жалб қилиш орқали Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, мослашиш бўйича барқарор сиёсатни режалаштиришга қаратилган. Лойиҳа учун Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари танлаб олинди.

Яна бир лойиҳа АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштириладиган "Марказий Осиёдаги ижтимоий инновациялар" дастури доирасида Евроосиё жамғармаси кўмагида долзарб мавзуларда туркум жамоатчилик муҳокамаларини ўтказишга қаратилган. Бугунгача "Ташаббусли бюджет" маблағлари тақсимланишида фуқаролар иштироки, Ўзбекистонда ижтимоий масъулиятли бизнес, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини таъминлашдаги муаммолари муҳокамалари ўтказилди.

“Имкониятларни кенгайтириш” лойиҳаси эса “АРГО” фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (Қозоғистон), “Аёллар ягона келажак учун” халқаро жамғармаси ((WECFI) билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. 2023—2025 йилларга мўлжалланган лойиҳа гендер сиёсатини ривожлантириш бўйича конструктив мулоқотни ривожлантириш, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш орқали қарорлар қабул қилиш жараёнида фаол иштирокни кенгайтириш, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашда фуқаролик жамияти, хотин-қизлар ташкилотлари салоҳиятини кучайтириш орқали глобал ва миллий Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга ҳисса қўшишга қаратилган.

Шунингдек, ўтган йилларда бошланган лойиҳалар давом эттирилди. Жумладан, “Юксалиш” ҳаракати, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг молиявий кўмагида республикамизнинг 6 та ҳудудида амалга оширилаётган “Болалар ва ёшлар учун маҳаллий бошқарув” ташаббуси ғолиб шаҳарларни эълон қилди. Бўстон, Янгибозор ва Қўқон шаҳарларига ўз ҳудудидаги болалар ва ёшларнинг фаровонлигини яхшилаш бўйича тадбирларни амалга ошириши учун 30 минг АҚШ доллари миқдорида қўшимча маблағ тақдим этилди. Йил давомида Ишчи гуруҳ мониторинг олиб борди. Лойиҳа якунида чора-тадбирлар режаларини муваффақияти амалга оширган шаҳарларга “Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар” мақоми берилади.

Халқаро юристлар комиссияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш” (EQUAL) лойиҳаси доирасида Инсон ҳуқуқлари ёзги мактаби ташкил этилди. Унда миллий ва халқаро тренерлар иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш борасидаги, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти учун энг яхши амалий воситалар билан илғор ва долзарб маълумотларни тақдим этди.

Ислоҳотларга кўмаклашдик

Ҳаракат мамлакатда бўлиб ўтадиган ҳар қандай йирик сиёсий тадбирларда муҳим ва кенг қамровли вазифаларни амалга ошириб келади. Хусусан, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастури лойиҳасида кенг жамоатчилик манфаатларига дахлдор вазифалар алоҳида инфографика шаклида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.  Турли доираларда 50 дан зиёд жамоатчилик муҳокамалари, давра суҳбатлари ташкил этилди.

Давлат дастури ва ҳудудларни ижтимоий иқтисодий комплекс ривожлантириш дастурлари, шунингдек, Президент  ҳужжатлари ижроси юзасидан ҳар ойда барча масъул идора ва вазирликлардан маълумот ва ахборотлар йиғиб олиниб, бандларнинг уз муддатида ва лозим даражада бажарилиши юзасидан 182 та мониторинг тадбирлари ўтказилди, 500 дан ортиқ турли хил объектлар ўрганилди. 2023 йил 1 декабрь ҳолатига Давлат дастурида белгиланган 258 та вазифадан 198 тасининг ижроси таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказишга кўмаклашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида 6 та йўналишда фаолият олиб борилди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг моддалари бўйича мазмун- моҳияти иллюстрациялаштирилган интерактив форматдаги 24 та видеоматериаллар, 15 та махсус анимацион видео-ролик,  30 та электрон форматдаги постерлар тайёрланди. Конституция нормаларини мавзу ва йўналишлар бўйича туркумлаган тарзда ўзбек ва рус тилларида 14 турдаги флайер ва буклетлар тайёрланиб, 1,54 млн дона нусхада чоп этилди.

Ҳаракат томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари номзодларининг дастурларини кенг жамоатчиликка таништириш ва бўлиб ўтган дебатларни ёритишга кўмаклашиш мақсадида 20 та инфографика ва бошқа медиа материаллар тайёрланди. Президентликка номзодлар вакиллари теледебатларининг қизиқарли қисмларидан лавҳалар ҳам кенг тарқатилди.

Форумлар ва тадқиқотлар ўтказдик

“Юксалиш” ҳаракати фуқаролик жамияти йўналишида фаол ишлади. 2023 йилда миллий ва минтақавий даражада 2 та форум ўтказилди:

  • “Фарғона водийсида дўстлик кўприклари” Марказий Осиё ёшлар форуми (июль);
  • Аёллар ННТлари форуми (август).

Анъанавий “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” 4 кун мобайнида 13 та ҳудудда ташкил этилди. 22 та мавзудаги форумлар, очиқ муҳокамалар, давра суҳбатлари, тақдимот ва тақдирлаш тадбирларида вазирлик ва идоралар, маҳаллий бошқарув органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, экспертлар, фаол фуқаролар ва оммавий ахборот воситаларининг 2 мингдан зиёд вакиллари иштирок этди. Бу гал ичимлик суви таъминотидан тортиб, ижтимоий масъулиятли бизнес, ногиронлик ва гендер тенглик, маъмурий ислоҳотларгача долзарб масалаларга эътибор қаратилди.

Ўзбекистондаги воқеа-ҳодисалар, қонунчиликдаги янгиликлар, ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятига оид шарҳларни ёритиб борувчи “Ўзбекистонда демократия” ойлик электрон ахборотномасининг жорий йилда ҳам 12 та сони  ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланиб, эълон қилинди.

“Грантлар ва стажировкалар” Telegram канали юритилмоқда. Унга нафақат маҳаллий, балки хорижий донорлар эълон қилган грантлар ҳақида ахборотлар жойланмоқда.

2020 йилдан Ҳаракат ҳузурида фаолият юритаётган “Аксилкоррупция лабораторияси” лойиҳаси доирасида бирдан 2 та тадқиқот ўтказилди. Бири “Олий таълим муассасалари талабаларининг билимини баҳолашда ноҳалоллик ва коррупция омиллари” (республикамизнинг барча ҳудудларидан – 14 та шаҳардаги 16 та ОТМ қамраб олинди) мавзусида бўлса, иккинчиси, “Акушерлик амалиётида ноҳалоллик ва коррупция омилларини баҳолаш” (республикамизнинг 7 та ҳудудидаги 21 та туғруқхона жалб этилди) мавзусида бўлди. Тадқиқотларнинг якуний натижалари тегишли соҳа экспертлари иштирокида муҳокама қилинди.

Шунингдек, “Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик йўлида трансчегаравий ва кўптомонлама мулоқот” лойиҳаси доирасида  “Оммавий ахборот воситаларида экстремизм ва терроризм масалаларига оид масалаларни тўғри ёритишга оид”  журналистлар учун йўриқнома ҳамда мактабларда фойдаланиш учун “Буюк ипак йўли бўйлаб дўстлик ва тинчлик учун” номли ўқитувчилар учун қўлланма ишлаб чиқилди.

“Аҳолига ёрдам” лойиҳаси доирасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари турмуш шароитини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллалар ва маҳаллий ҳокимликларни сафарбар қилиш бўйича амалий қўлланма тайёрланди.

Хайрли ишлар – алоҳида йўналишимиз

Ҳаракат фаолиятининг алоҳида йўналиши бу — хайрия акциялари ва ижтимоий кампаниялар. Жумладан, шу йилнинг кузида “Ҳаёт улаш” акциясига старт берилди. Акция доирасида Ўзбекистоннинг чекка маҳаллаларидаги 40 мингга яқин аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсад қилинган. Бугунгача Хоразм, Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги олис маҳаллалар аҳолиси обиҳаётдан баҳраманд бўлди. Сурхондарё вилоятида ҳам қудуқ қазиш ишлари якунланди, тез орада ҳамюртларимиз тоза ичимлик суви билан таъминланади. Акция доирасида келиб тушган ва сарфланган маблағлар тўғрисидаги барча маълумотлар Hayotulash.uz saytida ҳамдa @hayotulash Telegram каналида доимий эълон қилиб борилмоқда.

Мана тўрт йилдирки, Ҳаракат томонидан “Бир миллион дарахт” акцияси ўтказиб келинади. Бу вақт давомида ҳар баҳор ва куз мавсумларида республикамиз бўйлаб 4 миллионга яқин дарахт кўчатлари экилди. Жорий йилда пойтахтдаги 5 та ижтимоий аҳамиятли объектлар –  “Адиблар хиёбони”,  Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва пойтахтдаги 3 та мактаб  ҳудудларида “яшил майдон”лар ташкил қилинди. Жами 150 га яқин дарахт ва бута кўчатлари ерга қадалди.

Кузатувчиларимиз кўпайди

2023 йилда Ҳаракатнинг ижтимоий тармоқлардаги канал ва саҳифаларида 15 мингга яқин пост ва материал жойлаштирилди, 210 тага яқин инфографика, 120 тадан ортиқ баннер, 80 тага яқин видео ва анимацион ролик, 2 та китоб, 4 та брошюра тайёрланди. 250 дан ортиқ материал босма ва электрон ОАВда эълон қилинди. Ижтимоий тармоқлардаги умумий қамров қарийб 86,3 млнни ташкил этди.

Йил давомида республика ва маҳаллий телеканалларда Марказий аппарат томонидан 40 га яқин (телекўрсатувларда экспертлар иштироки, интервью, репортаж), ҳудудий бўлинмалар томонидан 310 га яқин чиқишлар қилинди (интервью ва лавҳа). 3 та анимацион ролик тайёрланиб, “Ўзбекистон24”, “Севимли ТВ”, “Менинг юртим” телеканалларида намойиш этилди.

2023 йилнинг апрель ойидан “Daily Politics” ахборот канали ишга тушди. Унда ҳафталик хабарлар инглиз тилида тайёрланиб, халқаро ҳамкорларга тақдим этиб борилмоқда. Йил давомида 90 га яқин видеоянгилик, 60 дан ортиқ инфографика шаклидаги маълумот жойланди.

Халқаро ташкилот мақомини олдик

Бу йил “Юксалиш” ҳаракати ўз фаолиятини нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақаси даражасида кенгайтиришга, халқ дипломатиясини ривожлантиришга интилди. Хусусан, Туркий дунё давлатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлида Ҳаракат ташаббуси билан Ўзбекистоннинг икки шаҳри – Қўқон ва Термиз ҳамда Туркиянинг икки шаҳри – Баликесир ва Шахинбей қардош шаҳарларга айланди.

Ҳаракат Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Барқарор ривожланиш маркази,  АҚШнинг “Eurasia Foundation Inc.” давлат жамоат бирлашмаси билан ҳамкорлик Меморандумларини имзолади.

2023 йилда Ҳаракатнинг Туркия давлатида илк хорижий ваколатхонаси ташкил этилди. Халқаро ҳамкорлик имкониятларини янада кенгайтириш, ривожланишнинг янги босқичига чиқиш учун "Юксалиш" ҳаракати халқаро ташкилот мақомини олди.

Биз 2024 йилда Ўзбекистондаги ислоҳотларни хорижий мамлакатларда тақдимотларини ўтказишни, хорижий жамоат ва нодавлат доиралар, институтлар билан ҳамкорликни кучайтиришни мақсад қилганмиз.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати