@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қозоғистон ННТлари вакиллари билан учрашув

 2023-12-18 18:11:00   |     Просмотров: 2399

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Саида Мустафоева жорий йилнинг 18 декабрь куни “Қозоғистон Фуқаролик Иттифоқи” нодавлат уюшмаси таклифига биноан мамлакат нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашди.

Маълумот учун: “Қозоғистон Фуқаролик Иттифоқи” нодавлат секторини ривожлантиришга кўмаклашиш, Қозоғистонда ННТлар фаолияти самарадорлиги ва сифатини ошириш, жамоатчилик ташаббусларини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитларни яратиш, Қозоғистон жамияти, бизнес тузилмалари, халқаро ташкилотлар ва давлат ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш, ННТлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида таъсис этилган.

Учрашувда “Қозоғистон фуқаролик альянси”, “Қизилўрда вилояти нодавлат нотижорат ташкилотлари альянси”, “Жамбил вилояти фуқаролик альянси”, “Чимкент шаҳри фуқаролик альянси”, “Олмаота шаҳри фуқаролик альянси” вакиллари ҳамда Қозоғистон маданият ва ахборот вазирлигининг Фуқаролик жамияти қўмитаси Жамоатчилик кенгаши масалалари бошқармаси раҳбари иштирок этди.

С.Мустафоева Ҳаракат ўз фаолиятини нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақаси даражасида кенгайтириш мақсадида минтақа мамлакатларининг фуқаролик жамияти ва “ақл марказлар”и билан биргаликда ишлаётганини, қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилаётганини қайд этди. Хусусан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қозоғистон Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси билан биргаликда амалга оширилган “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури ҳақида маълумот берди. Дастур доирасида давлат идоралари ва муассасалари ҳузурида 5 та пилот Жамоатчилик кенгашлари танлаб олинган, уларнинг салоҳиятини кенгайтириш учун услубий ва амалий ёрдам кўрсатилган, халқаро тажриба асосида ташкилий ривожлантирилган.

Маҳаллий ННТларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “ННТлар мактаби” лойиҳаси ҳамда ёшлар, тадбиркорлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари билан ишлашга қаратилган бошқа лойиҳаларга тўхталиб ўтилди. Ҳаракат томонидан минтақа фуқаролик жамияти фаоллари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик фикри етакчилари иштирокида Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми ташкил этилиб, ўтган йили Форумни тузилма сифатида ташкил этиш ташаббуси илгари сурилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.

Қозоғистонлик вакиллар айнан Жамоатчилик кенгашлари салоҳиятини ошириш, жамоатчилик назоратини, жамоатчилик мониторингини ўтказиш, ижтимоий буюртмаларни бажариш, туман/шаҳар ҳокимларини сайлаш, волонтёрлар билан ишлаш борасида ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, ННТлар, ёшларга оид лойиҳаларга қизиқиш билдирди.

Учрашувда нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорлиги орқали қардош мамлакатларимиз ўртасида ўзаро англашувни ривожлантириш, икки халқлар ўртасида дўстлик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Якунда томонлар ҳамкорлик механизмларини, таклифларни ишлаб чиқиш, яқин истиқболдаги қўшма тадбирлар “Йўл харитаси”ни тузишга келишиб олди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати