@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Олий таълимда ва акушерлик амалиётида ноҳалоллик ва коррупция хавфи омиллари ўрганилди

 2023-12-01 20:14:00   |     Просмотров: 2533

1 декабрь куни Тошкентда олий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ноҳалоллик ва коррупция хавфини баҳолаш бўйича олиб борилган тадқиқот натижаларининг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тадқиқот 2020 йилдан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) ҳамкорликда амалга ошириб келаётган “Аксилкоррупция лабораторияси” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2023 ва 2024 йилларда амалга ошириш бўйича  “Йўл харитаси”да “Юксалиш” ҳаракати томонидан таълим, соғлиқни сақлаш, коррупцияга қарши курашиш соҳаларида жамоатчилик назоратини кучайтириш, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш белгиланган. Шу асосда жорий йилда бир вақтнинг ўзида 2 та тадқиқот ўтказилди:

  • “Олий таълим муассасалари талабаларининг билимини баҳолашда ноҳалоллик ва коррупция омиллари”;
  • “Акушерлик амалиётида ноҳалоллик ва коррупция омилларини баҳолаш”.

Бугунга қадар Олий таълим муассасаларида ўтказилган тадқиқотга республикамизнинг барча ҳудудларидан – 14 та шаҳардаги 16 та ОТМ қамраб олинди. Ўрганишларга турли гуруҳ респондентлар – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, ОТМ ректорлари, проректорлари, деканлар, ўқув бўлими, комплаенс-назорат бўлими ва таълим сифати бўлими бошлиқлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадқиқотчилар, жами 200 га яқин киши жалб қилинди. Улар ўртасида ижтимоий сўровлар, интервьюлар ташкил қилинди.

Сўровларнинг 74.4 фоиз иштирокчиси талабаларнинг ўзлаштиришини баҳолашда ва аввалги қўйилган баҳони яхшилашда ўқитувчиларга таъсир ўтказиш мавжуд, деб ҳисоблайди. 19.4 фоизининг фикрича, кредит-модуль тизимидаги ташкилий камчиликлар коррупцияга омил бўлмоқда.

Респондентлар гуруҳларининг аксарияти (76,7 фоиз) коррупциявий хатти-ҳаракат ташаббускорлари, асосан талабалар, 34,3 фоизи эса ўқитувчилар, деб ҳисоблайди. Яна 25,4 фоизи талабларнинг қариндошлари ҳам ташаббус кўрсатади, деган фикрда.

Сўровларда деярли 28 фоиз респондент стипендияни кўпроқ олиш учун қўйилган паст баҳони юқори баҳога ўзгартиришга талабалар томонидан босим бўлишини кўрсатиб ўтган.

Омиллар:

  • Талабаларнинг юқори миқдордаги стипендияга қизиқиши оралиқ имтиҳонларни топширишда коррупциявий хатти-ҳаракатлар қилишига сабаб бўлмоқда
  • HEMIS (таълим жараёнини онлайн тарзда бошқариш имконини берувчи ахборот тизими) платформасида ўқитувчи томонидан киритилган шахсга доир маълумот деканат ҳамда талабалар учун очиқ. Демак, платформадаги маълумотларни учинчи шахснинг ҳам кўра олиш ва унга ўзгартиришлар кирита олиш эҳтимоли бор
  • Аксарият ОТМларда ва умуман республикада талабаларнинг мустақил ишини плагиатликка текширувчи ахборот базаси йўқлиги Интернет-плагиатликни келтириб чиқармоқда
  • Олий таълимда кредит-модул тизими тўлиқ жорий этилмаганлиги ва ушбу фаолиятни тартибга солувчи қонуности ҳужжатларининг йўқлиги сабабли, ҳар бир ОТМ бу тизимни ташкил қилишга ўз имкониятлари ва ваколатларидан келиб чиқиб ёндашмоқда. Бу ҳам талабалар билимини баҳолашга нисбатан ноҳалол муносабатда бўлиш хавфини келтириб чиқармоқда.

“Акушерлик амалиётида ноҳалоллик ва коррупция омилларини баҳолаш” мавзусидаги тадқиқотга республикамизнинг 7 та ҳудудидаги 21 та туғруқхона жалб этилди. Унда 400 га яқин киши иштирок этди. Респондетларнинг турли гуруҳлари – Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, туғруқхоналар бош шифокорлари, акушер-гинекологлар, неонатолог, анестезиолог-реаниматологлар, терапевтлар, акушер ва ҳамширалар, туғруқдаги аёллар, уларнинг қариндошлари ўртасида муҳокамалар, интервью ва анкета сўровлари  ташкил этилди.

Дастлабки натижалар шуни кўрсатдики, коррупциявий хавф омиллари, биринчи навбатда, давлат туғруқхоналари учун бюджет маблағлари ва жиҳозларнинг етишмаслиги, бюджет маблағларининг марказий ва маҳаллий туғруқхоналар ўртасида тенг тақсимланмаслиги билан боғлиқ. Шунингдек, тиббиёт ходимларига кам иш ҳақи тўланиши ва ортиқча иш юкламаси ҳам асосий омиллардан биридир.  

Ўрганишга жалб этилган туғруқдаги аёлларнинг 8.4 фоизи ва туғруқдаги аёллар қариндошларининг 8.8 фоизи Перинатал марказлардаги қабулларга норасмий тўловлар қилгани маълум бўлди.

Туғруқни қабул қилганда “чин дилдан” бериладиган совғалар (пул, буюм ва ҳк.)га терапевт, неонатологларнинг 70 фоизи, акушер-гинеколог, анестезиолог ва қариндошларнинг 60 фоизи,  ҳамшираларнинг 50 фоизи ижобий қарайди.

Шунингдек, туғруқхоналардаги тиббиёт ходимлари ва фармкомпаниялар ўртасидаги ноҳалоллик омиллари ўрганилганда, 10 фоиз шифокор туғруқхона маъмурияти ва фармкомпаниялар ўртасида келишув бор, деб ҳисоблайди. 24 фоиз тиббиёт ходимининг фикрича, фармкомпаниялар билан ҳамкорлик уларнинг умумий даромадларини оширади. Суҳбатлашилган туғруқдаги аёллар қариндошларининг бари (100 фоизи) бирор дори етишмаса, шифокорлар қўлларига ёзиб беришларини тасдиқлади.  

Ушбу тадқиқотларнинг якуний натижалари, муҳокамада тегишли соҳа экспертларининг билдирган фикрлари, таклиф ва тавсиялари инобатга олинган ҳолда, 2024 йилнинг бошида эълон қилиш режа қилинди.

Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) ҳамкорлигида ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати