@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жамоатчилик эшитуви: Аҳолига транспорт хизматларини кўрсатишда амалга оширилган ишлар, ютуқлар ва муаммолар

 2023-11-22 14:25:00   |     Просмотров: 2550

Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, муаммо ва камчиликлар юзасидан жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

Унда, сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Жамоат транспорти аҳолининг узоғини яқин қилиб, харажати ва вақтини тежайдиган, ҳаёт сифатини кўрсатадиган муҳим ижтимоий хизмат. Юртимизда бу хизматдан кунига 10 миллиондан ортиқ йўловчи фойдаланади.

Эшитувда дастлаб Транспорт вазирлиги масъуллари соҳада амалга оширилган ишлар ҳолати билан таништирди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида жамоат транспортларининг оралиқ интерваллари қисқартирилди, замонавий янги метро бекатлари ишга туширилди, автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этилди ҳамда автоматлаштирилган тўлов тизимлари жорий этилди. Шунингдек:

  • Бугунда автомобиль транспортида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 4 минг 50 та тадбиркорлик субъекти бор. 179 мингта автотранспорт воситаларида йўловчи ташилмоқда
  • Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия билан халқаро йўналишларда 22 та автобусларнинг мунтазам қатнови йўлга қўйилган
  • Ўтган 10 ойда республика бўйлаб 101 та янги қатнов йўналишлари ташкил этилди
  • 1169 та янги автобуслар сотиб олинди. Яна 100 та электробус олиб келиниши режалаштирилган
  • Пойтахт жамоат транспорти учун 1000 дона замонавий автобус харид қилинди. Улар иситиш, совутиш тизими билан, ногиронлиги бўлган шахсларга мослаб жиҳозланган
  • Автобусларнинг ҳаракат нуқтасини кузатиш мақсадида “Toshkent transporti” мобил иловаси ишга тушурилди
  • 2023 йил 1 ноябрдан аҳолига қулай тарифлар жорий қилинди. Электрон тўловлар оммалаштирилмоқда.

Ўтган вақт давомида халқаро ва маҳаллий ҳаво йўналишларида йўловчи ва юкларни ташиш сертификатига эга бўлган “Qanot sharq”, “Panorama airways”, “Humo air”, “Centrum air”, “Silk avia”, “Asia Union Airlines” ва “Tashkent air” каби авиакомпаниялари ташкил этилди ҳамда халқимизга хизмат кўрсатишни бошлади.

Шу билан бирга, соҳадаги муаммо ва камчиликларга тўхталиб ўтилди.

— Жамоат транспорти ривожланиши, қулай бўлиши ва вақтида ҳаракатланиши керак. Лекин бу борада жиддий муаммолар бор, - деди “Юксалиш” ҳаракати раиси, депутат Бобур Бекмуродов. — Масалан, яқин йилларда ички туризм оммалаштирилиши натижасида халқимиз бошқа шаҳарларга саёҳатга чиқишни, зиёратларга боришни ўрганганди. Темирйўл чипталари нархи оширилиши ёки чипталар танқислиги бунга салбий таъсир кўрсатди. Тошкентдан Бухорога бормоқчи бўлган одам сафарини бир ой олдин режалаштириши керак бўляпти. Кассада чипта йўқ, лекин “таниш-билиш” қилинса бор. Бундай ҳолатлар давлатга, тизимга нисбатан адолатсизлик туйғусини уйғотади. Шаҳарлараро автобус қатновлари масаласи ҳам бор. Одамлар асосан, темирйўл ва ҳаво йўллари орқали қатнамоқда. Мингта автобус сотиб олингани бу – фрагментал қадамлар. Бироқ муаммоларни вазирлик ва идоралар қандай қилиб ечмоқчи, стратегияси борми? Бир йилдан кейин, беш йилдан кейин нима бўлади? Ресурслар чекланиб бораётган бир даврда жамоат транспортини қандай ривожлантириш мумкин? Ҳозир, назаримда, шу саволларга жавоб топиш ҳам энг катта муаммо.

Жамоатчилик эшитувида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ масъуллари ҳозирда 6 та тезюрар поезд харид қилиниши бўйича шартномалар имзоланиш арафасида эканлигини маълум қилди. Аммо бу йилига 8 мингтага ошиб бораётган Ўзбекистон аҳолиси учун етарли эмаслиги, соҳага нега инвесторлар жалб қилинмаслиги юзасидан эътирозлар билдирилди.   

Ўзбекистон истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси маълумотларига кўра, транспорт хизматларини кўрсатишларда камчиликлар бўйича аҳоли томонидан 252 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг аксарияти Термиз, Урганч, Нукус йўналишларидаги поездларда хизмат сифати пастлиги, вагонларнинг ачинарли аҳволи ҳақида бўлмоқда. Тезюрар поездлардагина хизмат сифати яхши ташкил этилгани, бироқ оддий аҳоли тезюрар поездлардан кам фойдаланиши таъкидланди.

Мутасаддилар бунга жавобан шаҳарлараро қатнов учун 30 та электропоездлар олиб келиниши режалаштирилганини, шунда хизмат сифати ҳам ошишини айтди.

Эшитувда яна бир долзарб масала – Тошкент шаҳрида кузатилаётган тирбандликлар ҳам муҳокама қилинди. Тирбандликларнинг олдини олиш жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш билан боғлиқ. Ўтган йилнинг ноябрь ойида 470 минг йўловчи ташилган бўлса, ҳозирда улар 1 млнга яқинлашган. Тирбандликлар фақат автобусларни сотиб олиш билан чекланмаслиги, инфратузилмани ҳам ривожлантириш, йўлларни мослаштириш кераклиги қайд этилди.

Маълумотга кўра, бугун Тошкент шаҳрида 3,5 млн доимий ҳаракатланадиган аҳоли бўлса, яна 1,5 млн аҳоли вилоятлардан кириб чиқади. Кун давомида пойтахтда ўртача 1 млнга яқин авторанспорт воситаси ҳаракатланмоқда. Таҳлилларга кўра, битта енгил автомобиль 3 та йўловчини, битта автобус ўртача 580 та йўловчини ташимоқда. Метрода кунлик йўловчилар сони 275 мингдан 650 мингга ошган.

Тадбирда иштирок этган фаоллар томонидан мутасаддиларга жамоат транспортларида автоматлаштирилган тўлов тизимлари Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳудудларида жорий этилмагани, Тошкент шаҳридаги бекатлар тадбиркорларга берилишини тартибга солиш кераклиги, шунингдек, автобусларда, автошоҳбекатларда ногиронлиги бўлган шахслар учун чиқиш мосламаларининг ўрнатилмаганлиги юзасидан саволлар берилди.

Муҳокамалар якунида аҳолига транспорт хизматларини янада такомиллаштириш учун зарур чоралар кўрилиши бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати