@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларни амалга оширишда секторлараро мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик экспертлар нигоҳида

 2023-11-15 19:01:00   |     Просмотров: 1624

Маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Бу борадаги ютуқлар, тажрибалар, халқаро дастурлар жорий йилнинг 16 ноябрь куни давлат органлари, парламент, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида очиқ муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилди. Уларнинг энг муҳими, шубҳасиз, давлат бошқаруви билан боғлиқ маъмурий ислоҳотлар ҳисобланади.

Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларнинг янги босқичи 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниши билан боғлиқ. Кейинчалик Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилинди. Концепцияда назарда тутилган чора-тадбирлар натижасида, давлат органларининг соҳага оид бўлмаган вазифаларини қисқартириш ҳамда уларнинг фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали мазкур органлар тузилмаси ўртача 15 фоизга мақбуллаштирилди, шунингдек, 26 та давлат органлари ва ташкилотларида 40 та раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилди.

2022 — 2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури ишлаб чиқилиши билан барча республика ижро этувчи ҳокимият органларининг қарийб 5 минг функциялари хатловдан ўтказилди, 500 га яқин такрорланадиган, ўз аҳамиятини йўқотган ҳамда амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган функциялар аниқланди.

2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сони 61 тадан 28 тагача, шу жумладан, вазирликлар сони 25 тадан 21 тагача қисқартирилди.

“Ўзбекистонда самарали маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш учун секторлараро мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик” мавзуидаги тадбирда сўзга чиққанлар маъмурий ислоҳотлар соҳасидаги ютуқлар тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш ва ушбу йўналишда дастурларни биргаликда амалга ошириш учун кенг жамоатчиликни жалб қилиш механизмларига тўхталди. Давлат бошқаруви соҳасини ислоҳ қилишда самарали мулоқот ва аҳолининг иштироки бўйича мавжуд муваффақиятли амалиётлари, фуқаролик жамиятини самарали маҳаллий бошқарув жараёнига жалб қилиш тажрибалари билан бўлишди.

Жорий йилда ўтказилган конституциявий ислоҳотлар доирасидаги маъмурий ўзгаришлар, давлат хизмати ва давлат секторида кадрлар бошқарувини ислоҳ қилиш, маъмурий ислоҳотлар доирасида коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам маърузалар қилинди. Уларда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасидаги идоралараро ҳамкорлик, жараёнларга фуқаролик жамиятини жалб қилиш ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик масалаларига урғу берилди.

Шунингдек, маъмурий ислоҳотларда бизнес ҳамжамиятининг иштирок этиш имкониятлари, учраётган муаммолар, давлат-хусусий шериклик шаклидаги ўзаро муносабатлар муҳокама қилинди.

Муҳокама якунида экспертлар ва маърузачиларнинг қуйидаги тавсиялари зарурий дея баҳоланди:

- барча манфаатдор томонларнинг фикрларини, шу жумладан Ўзбекистондаги халқаро агентликларнинг стратегияларини ҳисобга олган ҳолда давлат бошқаруви соҳасини ислоҳ қилиш жараёнлари ва усулларини таҳлил қилиш;

- самарали давлат бошқаруви соҳасидаги дастурларни ижро этишда жамоатчилик иштироки улушини кенгайтириш орқали ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан хабардорликни ошириш;

- самарали мулоқот ва давлат бошқаруви секторини ислоҳ қилишда жамоатчилик иштироки учун мавжуд муваффақиятли амалиётларни инвентаризация қилиш ва давлат, хусусий, нодавлат секторлар ўртасидаги мулоқотни такомиллаштириш;

- сунъий интеллект, рақамли платформалар каби маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, бюрократик жараёнларни қисқартириш;

- фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни соддалаштириш.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) “Самарали бошқарув” дастури доирасида ташкил этилган ушбу очиқ мулоқот Фуқаролик жамияти ҳафталигининг асосий тадбирларидан бири бўлди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати