@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Мониторинг: Мактаблар янги ўқув йилига ўз вақтида шай бўлмаслиги сабаблари нимада?

 2023-09-25 17:02:00   |     Просмотров: 3092

Мамлакатимизда Тараққиёт стратегияси доирасида 2026 йилга қадар 1,2 млн янги ўқув ўрнини яратиш мақсад қилинган. Бу мақсадга эришиш йўлида биргина 2022 йилнинг ўзида 791 та мактабларда қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 120 минг янги ўқувчи ўрни яратилди. Шунингдек, 2023 йилга мўлжалланган давлат дастурида 237 та янги намунадаги мактаблар қурилиши орқали 76 минг янги ўқувчи ўрни яратилиши белгиланган. Бу мақсадлар мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилган ислоҳотлар долзарблигини сақлаб қолаётганини кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг август ойида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан республика бўйлаб танлов асосида 122 та мактабда 2023/2024 ўқув йилига тайёргарлик ишлари жамоатчилик мониторинги тартибида ўрганилди. Мониторинг давомида мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, синф хоналарининг жиҳозланганлишига доир ишлар аҳволи ўрганилди. 

Мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги юзасидан ўрганилган 57 мактабда барча қурилиш-таъмирлаш ишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилган ҳолда янги ўқув йилига шайлиги маълум бўлди.

65 та мактаб янги ўқув йилига тўлиқ тайёр эмаслиги аниқланди

Шу билан бирга, ўрганилган 65 та мактаб янги ўқув йилига тўлиқ тайёр эмаслиги маълум бўлди. Мазкур мактабларнинг 10 таси зарур жиҳозлар билан таъминланмаган бўлса, 55 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган. Улардан 12 тасида қурилиш, 32 тасида реконструкция ва 11 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Мисол учун, Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида жойлашган 14-умумтаълим мактабида 330 ўринга мўлжалланган янги ўқув биносини қуриш ишлари якунига етказилмаган. Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида жойлашган 31-умумтаълим мактабида реконструкция ишлари якунига етказилган бўлса-да, зарур жиҳозлар ва ускуналар билан таъминланмаган. Самарқанд вилояти Пахтачи туманида жойлашган 21-умумтаълим мактабида реконструкция ишлари амалга оширилганлигига қарамасдан мактабнинг иситиш тизимлари авария ҳолатида эканлиги ва мактаб ошхонасида атиги 70 ўринга мўлжалланган жиҳозлар мавжудлиги аниқланди. Сирдарё вилояти Гулистон туманида 28-умумтаълим мактабида 240 ўринли янги бино ва спорт залини қуриш ишлари янги ўқув йили бошланишига қадар якунланмаганлиги аниқланди. Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида жойлашган 336-умумтаълим мактабининг янги биносини қуриш учун “Ягона буюртмачи хизмати” ИК томонидан пудратчи ташкилотга зарур маблағлар ўз вақтида ажратилмаганлиги сабабли қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

Мактабларда янги ўқувчи ўринларини яратиш ва мавжудларида шароитни яхшилашга қаратилган чораларнинг ўз вақтида бажарилмаслигига кўп ҳолларда қурилиш ташкилотлари ишларни белгиланган муддатларда бажармаслиги, тендерлар кеч ўтказилиши ва молиялаштириш чўзилиб кетиши сабаб бўлмоқда.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати