“Юксалиш” ҳаракати БМТнинг коррупцияга қарши Конвенцияси ижроси бўйича Фуқаролик жамияти коалициясига қўшилади
12—16 июнь кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан Австрия пойтахти Вена шаҳрида ўтказилган БМТнинг коррупцияга қарши Конвенцияси амалга оширилишини кузатиш гуруҳининг 14-сессиясида иштирок этди.
Ташриф доирасида делегация, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун кузатувлар жараёни натижалари ва техник кўмак кўрсатишдаги эҳтиёжлар юзасидан ташкил этилган брифингда қатнашди, халқаро ташкилотлар ва “ақл марказлари” вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Хусусан, 15 июнь куни “Юксалиш” ҳаракати раиси БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг сиёсат таҳлили ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими директори Жан-Люк Лемахе билан учрашди. Томонлар ўз ташкилотлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг натижалари ҳамда истиқболдаги режалари ҳақида маълумот алмашди.
Учрашувда таъкидланишича, жорий йилнинг июль ойида Самарқандда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташаббуси билан Марказий Осиё Аксилкоррупция хаби ишга туширилади ва Ўзбекистон мезбон давлат сифатида ўзгаришларнинг локомотиви бўлади. “Юксалиш” ҳаракати Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Словениянинг “Минтақавий мулоқот” ХННТ билан ҳамкорликда амалга ошираётган “Аксилкоррупция лабораторияси” лойиҳаси ҳам юқори баҳоланди. Халқаро экспертларнинг фикрича, ННТлар томонидан шу каби тадқиқотлар олиб борилиши давлатнинг бу борада амалга ошираётган ишларида юқори сифатни таъминлайди.
Учрашув якунида БМТ бошқармаси вакиллари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг БМТнинг коррупцияга қарши Конвенцияси ижроси бўйича Фуқаролик жамияти коалициясига қўшилиш ташаббусини қўллаб-қувватлади, бу йўналишда ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати