@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракати вакили Римда ўтган экологик конференцияда иштирок этди

 2023-02-27 17:58:45   |     Просмотров: 2922

23-24 февраль кунлари Италиянинг Рим шаҳрида юздан ортиқ делегатлар атроф-муҳит ва сув ресурслари соҳасида Европа Иттифоқи ҳамда Марказий Осиё ҳамкорлиги бўйича юқори даражадаги 7-конференцияда иштирок этиш учун йиғилди.

Унда Марказий Осиё мамлакатлари, Европа Иттифоқи, Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг вазирлари, вазир ўринбосарлари, юқори даражали дипломатлари, халқаро молия институтлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.

Конференцияда Марказий Осиё минтақасида “яшил” ўтишни тезлаштириш ва “яшил” инвестицияларни рағбатлантириш бўйича муаммолар ва имкониятларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда сув, атроф-муҳит, иқлим ўзгариши ва барқарор ўсиш билан боғлиқ қатор стратегик ва амалий масалалар муҳокама қилинди. Марказий Осиё учун сув-энергетика муҳимлиги ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Жумладан, фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари иштирокидаги сессияда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бош координатори Саида Мустафоева нодавлат сектори нуқтаи назаридан Марказий Осиё минтақасининг “яшил” ўтиш жараёнини жадаллаштириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги асосий вазифалари ва имкониятлар ҳақида гапирди. Хусусан, Марказий Осиё аҳолиси кескин ҳаво ҳарорати, қурғоқчилик, сув тошқини, ҳосилнинг нобуд бўлиши ва ҳоказоларнинг салбий оқибатлари хавфига тобора кўпроқ дучор бўлаётганини, бу йўналишда нодавлат нотижорат ташкилотлари унчалик кўп эмаслигини, мавжуд экологик дастурлар ва лойиҳаларда иштирок этишда ёшлар фаол эмаслигини қайд этди. Фуқаролик жамияти институтлари учун йирик экологик грант дастурлари етарли эмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Шу билан бирга, Ҳаракат вакили Ўзбекистонда бир қанча муҳим лойиҳалар бошлангани ҳақида тўхталиб ўтди. Улардан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳақида маълумотлар берди.

Тадбир иштирокчилари 2019—2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқлангани, банклар жисмоний ва юридик шахсларга имтиёзли “яшил” кредитлар беришни бошлагани, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тармоқлараро энергия тежаш жамғармаси томонидан тест режимида “energiyamarket.uz” платформаси ишга туширилгани, унда исталган киши нафақат қуёш панеллари ёки сув иситгичларини харид қилиши, балки харид учун компенсацияни ҳам ҳисоблаши мумкинлиги ҳақида ҳам бохабар қилинди.

Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳрида ўтказилган (2019 йил) аввалги конференциядан кейинги фаолиятга баҳо берилди, конференциянинг 2023—2025 йилларга мўлжалланган устувор йўналишлари муҳокама қилинди ҳамда Марказий Осиёдаги иқлим ўзгариши ва сув ресурслари, атроф-муҳит соҳасидаги сиёсий мулоқотни кучайтириш ва салоҳиятни ривожлантириш бўйича амалий ишларни бошлашга келишиб олинди.

Маълумот учун: Тадбир “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” атроф-муҳит ва сув ресурслари соҳасида ҳамкорлик платформаси шафелигида ўтказилди. Мезбон томон Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги бўлди.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати