@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Экспертлик сўрови: инклюзив бошқарув — ислоҳотлар самарадорлигининг муҳим омили

 2022-12-30 14:05:24   |     Просмотров: 3630

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фуқаролик жамияти, бизнес, экспертлар ва журналистлар вакилларининг 2022 йилда Ўзбекистонда юз берган асосий ўзгаришлар ва 2023 йилда нималарни кутаётгани ҳақида фикрини билиш мақсадида сўров ўтказди.

Сўровда 155 нафар жамоат арбоблари, сиёсатчилар, журналистлар, блогерлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бизнес ва академик ҳамжамият вакиллари иштирок этди. Масалан, сиёсатшунос-экспертлар Камолиддин Роббимов, Фарҳод Толипов, Юрий Саруханян, инсон ҳуқуқлари бўйича юрист Дилфуза Қуролова, журналистлар ва блогерлар Никита Макаренко, Муҳрим Аъзамхўжаев, Фармон Тошев, Анора Содиқова, Дима Қаюм, Ақидахоним ва бошқалар. Иширокчиларга ҳар бир тақдим этилган саволлар жавобларини 3 тагача танлаш, шунингдек, бошқа, яъни ўз вариантини киритиш имкони берилди.

Респондентларга кўра, мамлакатимизда 2022 йилдаги энг муҳим ўзгаришлар учлиги қуйидагича:

1)    Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишлари учун 7 йил муддатга таълим кредитлари  ажратилгани — 54,8 %;
2)    Давлат бюджети ҳисобидан хусусий секторда ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш жорий этилгани — 38,1 %;
3)    Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1-4 синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилгани — 38,1 %.

Айрим респондентлар хотин-қизларга фоизсиз таълим кредитлари бериш амалиётининг жорий этилиши келажакда хотин-қизларнинг молиявий мустақиллигини ошириш, умуман, иқтисодий зўравонлик ҳолатларини камайтириш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги роли ва ўрнини оширишда муҳим омил бўлишини таъкидлаган.

«2023 йилда қандай ислоҳотларни кутяпсиз?» деган саволга респондентларнинг ярми (49,7%) «Коррупцияга қарши аниқ ва амалий чоралар билан курашиш» деган жавобни танлаган. Сўров иштирокчиларининг 41,9 фоизи «Одил судловга эришиш даражаси оширилиши»ни, 39,4 фоизи «Энергетика тизимини қайта кўриб чиқилиши»ни истайди. Энг кўп танланган жавоблар орасида ижро ҳокимиятининг ҳисобдорлигини ошириш ҳамда ҳокимларни сайлаш амалиётини жорий қилиш ҳам бор.

Сўров иштирокчилари энергетика соҳасини ислоҳ қилиш, жумладан соҳада шаффофликни ошириш, бозор механизмларига босқичма-босқич ўтиш тадбиркорликни янада фаол ривожлантириш ва саноат ўсиши учун туртки бўлишини қайд этган.

Аксарият респондентлар «Ўзбекистонда ислоҳотлар самарадорлигини оширишда қайси омиллар бирламчи бўлиши керак?” деган саволга жавоб берар экан, асосий эътибор давлат бошқарувининг инклюзивлигига, фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларида иштироки даражасини оширишга қаратилишига урғу беришган.

Жумладан сўралганларнинг 64,5 фоизи ислоҳотлар самарадорлигини оширишда «қарор қабул қилишда жамоатчилик иштироки», 55,5 фоизи «давлат органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлиги», 54,8 фоизи «кучли жамоатчилик назорати»ни бирламчи омиллар деб ҳисоблайди. Шунингдек, салоҳиятли ва ижодий фикрловчи ижрочиларнинг бўлиши, давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш, ислоҳотлар ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш ҳам муҳимлиги айтилган.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати