@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракати ва Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси ҳамкорлиги: сарҳисоб ва режалар

 2022-12-23 15:59:42   |     Просмотров: 1993

 21 декабрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонасининг 2022 йилдаги ҳамкорлигига бағишланган ҳисобот анжумани ўтказилди.

Унда “Юксалиш” УМҲ томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолати юзасидан ҳисоботлар тингланди, 14 та ҳудудий бўлинмалар томонидан 2022 йилда қилинган ишлар тақдимот қилинди.

Жумладан, йил бошида Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган мақсадларга эришилганлик даражасини баҳолаб бориш мақсадида "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ҳузурида Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилди. Ушбу гуруҳлар томонидан ҳар ойнинг биринчи санасига Давлат дастури ва ҳудудий дастурларнинг бажарилиши таҳлил қилинди. Ҳар ойда муқобил ҳисоботлар эълон қилинди.

Ҳаракат Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 25 июнидан 3 июлига қадар ҳудудларда “Менинг Конституциям” шиори остида жамоатчилик муҳокамалари майдонларини ташкил қилди. Бундан кўзланган мақсад конституциявий ўзгаришларнинг мазмун моҳиятини аҳолининг турли қатламлари орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда фуқароларда ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини оширишдан иборат бўлди. Мазкур жамоатчилик муҳокамаларига 10 мингдан зиёд юртдошларимиз, шу жумладан ўқитувчи-педагоглар, давлат бошқарув органлари ходимлари, тиббиёт ходимлари, илмий доира вакиллари, тадбиркорлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар, талабалар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари жалб этилди. Улардан 1 170 та таклифлар қабул қилинди. Якунда 9 400 га яқин овоз билан Резолюция қабул қилинди.

Республика бўйлаб 149 та жамоатчилик мониторинги, 57 та жамоатчилик эшитуви тадбирлари ташкил этилди. Бунда Ҳаракатнинг Хоразм, Навоий, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах вилоятларидаги бўлинмалар фаолияти самарали баҳоланди.

Йил давомида иккита акция ўтказилди: “Бир миллион дарахт” –  унда 7 500 туп дарахт кўчатлари белгиланган жойларга экилди; “Бепул ҳуқуқий маслаҳат” – 523 нафар фуқаролар қамраб олинди.

Бундан ташқари, “Президент Мирзиёевнинг 100 та ислоҳоти” номли китоб нашр этиш устида иш олиб борилди.

Шунингдек, анжуманда К.Аденауэр жамғармасининг Қирғиз Республикасидаги ҳамкор ННТлар вакиллари билан ўзаро тажриба алмашинди.

Сўнг 2023 йилда Ҳаракат фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш юзасидан таклифлар берилди, иш режаси ишлаб чиқилди. Келаси йилда Марказий Осиё бўйича медиа мулоқот, Марказий Осиё Ёшлар конгресси, Марказий Осиё ННТлар академияси ва Минтақа “ақл марказлари” форуми сингари йирик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Тадбир сўнггида йил якунлари бўйича энг фаол ишлаган, юқори натижаларни кўрсатган Ҳаракатнинг Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳудудий бўлинмалари тақдирланди.

Уларнинг фаолиятини биргина Давлат дастури ва ҳудудий дастурлар ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик эшитувлари мисолида таҳлил қилсак, энг юқори кўрсаткичга эришган Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси йил давомида Боғот, Гурлан, Қўшкўпир, Урганч, Шовот, Хива, Ҳонқа, Янгибозор, Хазорасп туманлари ва Урганч шаҳрида ўрганишлар ўтказган. Натижада бошланғич синф ўқувчиларининг бепул овқат билан таъминланишида мактабларга озиқ-овқатларининг ўз вақтида етказилиши, сақланиши, қадоқланиши бўйича аниқланган камчиликлар бартараф этилган. 1 сентябргача янгидан қурилиши, тўлиқ таъмирланиши керак бўлган 19 та мактабнинг иш жараёнини тезлаштиришга, электр энергиясига уланишига, қўшимча мебеллар билан жиҳозланишига эришилган.

Шу каби натижага Навоий вилояти ҳудудий бўлинмасининг жойига чиққан ҳолда ўтказган мониторинг тадбирларида ҳам эришган: Инвестиция дастурига киритилган 15 та мактабни янги ўқув йилига қадар қуриш, таъмирлаш, жиҳозлашда сусткашликка йўл қўйилгани аниқланиб, танқид қилингач, мактаблар икки ой ичида 100 фоиз фойдаланишга топширилган.

Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси жамоатчилик мониторингларида аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилишига эришди. Жумладан, Ромитан, Қоракўл, Ғиждувон туманларида перинатал марказлари ташкил этилди, иккита туманда ичимлик суви тармоқлари яхшиланди, Когон шаҳрида оилавий поликлиника очилди, 150 нафар талаба хотин-қизларнинг ўқиши учун контракт-шартнома тўловлари тўлаб берилди ва ҳакозо.

Йил сарҳисобига кўра, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Дастурлар ва ҳамкорликни ривожлантириш бўлими лойиҳа менежери Шамшод Юнусов “Энг фаол ходим”, “Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами иштирокини ошириш” лойиҳаси “Энг яхши лойиҳа” дея эътироф этилди.

Умуман, жорий йилда Ҳаракатга 1 044 киши аъзо қилинди. Ҳаракатнинг 19 нафар ходими “Конституциянинг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу жамоа учун катта ютуқ.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати