@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Экологик дипломатиянинг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди

 2022-09-28 18:21:00   |     Просмотров: 1649

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ташаббуси билан “ШХТнинг Самарқанд саммити якунлари ва экологик дипломатиянинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда сенаторлар, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, Экоҳаракат, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати масъуллари, профессор-ўқитувчилар, талаба ёшлар, экология соҳасида фаолият олиб бораётган ННТ вакиллари, фаол экологлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, ШҲТ Самарқанд саммити муносабатлар тоборо кескинлашиб бораётган, тарқоқ дунёда инсоният олдида турган мураккаб муаммоларни ҳал этишга, ўзаро мулоқотга, тинчликни таъминлашга, глобал миқёсда огоҳликка, ҳамкорликка чақиргувчи катта ва муҳим тарихий воқеликдир. 

Давра суҳбатида ШҲТ Саммити кун тартибида экологик муаммоларга эътибор қаратилгани, давлат раҳбарининг ШҲТ Иқлим кенгашини тузиш таклифи  борасида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Ушбу механизм “яшил” тараққиёт, чўлланиш ва тупроқ таназзулига қарши курашиш, экологик лойиҳалар, шу жумладан, Оролбўйи учун инновацион ечимлар ва молиявий маблағлар жалб қилишга кўмаклашиши айтиб ўтилди.

Боз устига қурғоқчилик йил сайин авж олаётган, ҳар йили миллионлаб унумдор ерлар қишлоқ хўжалиги айланмасидан чиқиб кетаётган, энергия танқислиги ортаётган, табиий ресурслар туби кўриниб қолаётган, биологик хилма-хиллик қисқараётган, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари яққол намоён бўлаётган бир даврда бундай кенг қамровли тузилмага эҳтиёж мавжуд.

Таъкидланганидек, Иқлим кенгаши минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш соҳасида сиёсий ечимларни амалга ошириш, атроф муҳитни муҳофаза қилишда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ривожланиш дастури ва стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, экология соҳасида етакчи экспертлар иштирокида илмий-амалий форумларни ташкил этиш каби масалаларда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.

Иштирокчилар бугунги кунда дунёда энергия ресурсларига бўлган талабнинг ошаётганлиги, углеводород хомашёси захираларининг камайиб бораётганлиги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш миқёсини янада кенгайтириш, “яшил” иқтисодиётни кенг татбиқ этиш давр талаби эканлигини алоҳида қайд этди.

Айни вақтда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, шу жумладан, Орол фожиаси салбий оқибатларини камайтириш ва Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ва экологик жиҳатдан қайта тиклаш нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун муҳим аҳамият касб этади.

Қайд этилганидек, мамлакатимиз атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш борасида дунё ҳамжамиятига ўрнак бўлиб келган.  Ўзбекистон ШҲТга раислик даврида Париж битими доирасида 2030 йилга қадар парник газларни атмосферага чиқаришни қисқартириш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга содиқ эканлигини, шу муносабат билан “яшил” технологияларни кенг жорий этиш ва “яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳалар, жумладан, қуввати 100 мВт-га тенг Нурота ва Нуробод қуёш станцияларини ишга тушириш орқали шахсий намуна кўрсата олди.

Шунингдек, “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича мамлакатимизда муҳим қадамлар ташланди. 2019 йил октябрь ойида “2019-2030-йилларда Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси” қабул қилинди. Ўзбекистонда 2026 йилга бориб қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қувватини 8000 МВтга етказиш орқали қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш салмоғини 25 фоизга етказиш назарда тутилган бўлиб, бу йилига 7 млрд куб метрдан ортиқ табиий газни тежаш, атмосферага 12 млн тоннадан зиёд иссиқхона газлари чиқишининг олдини олиш имконини беради.

Давра суҳбатида талаба ёшлар томонидан “Ижтимоий масъулиятли бизнес яшил иқтисодиётни ривожлантириш омилларидан бири”, “Иқлим ўзгариши оқибатларининг Марказий Осиё минтақаси ва Ўзбекистонга таъсирини камайтиришда экодипломатиянинг роли”, “Самарқанд саммити якунлари ёшлар нигоҳида” каби йўналишларда тақдимотлар қилинди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар экология соҳасидаги лойиҳаларни кўпайтириш, ёшларнинг инновацион ишланмаларини қўллаб-қувватлаш зарурлигини алоҳида қайд этди. Ёшлар экологик барқарорликни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилишда барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини илгари сурди.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати