@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Фарғонадаги Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик гуруҳи ҳисобот йиғилишини ўтказди

 2022-09-20 15:34:00   |     Просмотров: 1016

2022 йилги Давлат дастурида 1 сентябрь ҳолатига 25 та банднинг 34 та вазифалари белгиланган бўлиб, амалда уларнинг 30 таси тўлиқ бажарилган, 3 та вазифа ижроси бажарилмоқда, 1 та вазифа бажарилмаган. Шунингдек, “2022—2026 йилларда Фарғона вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмиш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”даги ҳудудий дастурида белгиланган 105 та банддан 43 тасининг муддати етиб келган, амалда эса 38 та банд ижроси тўлиқ бажарилган, 4 тасининг ижроси бажарилмоқда, 1 тасининг муддати узайтирилган. Қолган 62 та банднинг ижроси давом этмоқда...  

Ушбу маълумотлар 20 cентябрь куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган Давлат ва Ҳудудий дастурларнинг 1 сентябрь ҳолатига вилоятдаги ижроси юзасидан Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик гуруҳининг ҳисобот йиғилишида қайд этилди.

Маълум қилинишича, Ҳудудий дастурда фойдаланишдан чиқиб кетган 25 минг гектар майдонини ўзлаштириш режалаштирилган. Бу мақсадда 105 та тик суғориш қудуқларини қазиш, 244 км электр тармоқларини тортиш, 33 та сув насосларини ўрнатиш, 189 км суғориш тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, 96 км ички зовурларни тозалаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Бироқ белгиланган вазифалар тўлиқ амалга оширилмаган.

Шунингдек, Ёзёвон ва Бағдод туманларида ҳосилдорликни ошириш ҳисобига 3000 гектар паст рентабелли пахта ва ғалла майдонларини чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига ажратиш бўйича Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш ва тасдиққа киритиш белгиланган бўлишига қарамай, фақат ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиб, қарор лойиҳаси тайёрланмаган.

Фарғонадан етишиб чиққан, халқ меҳрини қозонган санъаткорларнинг номларини абадийлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарорини ишлаб чиқиш белгиланган. Маданият бошқармаси томонидан бугунги кунда яшаб ижод қилаётган халқ артистлари, профессор ва устоз санъаткорлар иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, йиғилиш ўтказилган. Лекин вилоятда етишиб чиққан улуғ санъаткорлар рўйхати шакллантирилган бўлса-да, Ҳукумат қарори чиқарилмаган.

Йиғилиш якунида келгусида Ҳудудий дастурнинг ўз муддатларида бажарилиши кечикаётган ҳамда тўлиқ бажарилмаётган бандларнинг ҳолатини жамоатчилик гуруҳи аъзолари иштирокида жойларга чиқиб ўрганиш таклифи билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 март куни Фарғона вилояти Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик гуруҳи тузилди. Шу кунгача жамоатчилик гуруҳининг 21 нафар аъзолари иштирокида бир нечта жамоатчилик мониторинглари, жамоатчилик эшитувлари  ўтказилиб, аниқланган масалалар Халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашларида муҳокама қилинди.

Қувасой шаҳри ва Қува туманида Давлат дастуриининг 8 та бандлари ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинглар, ўтказилиб, ҳокимликларнинг масъул соҳа вакилларига таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шунингдек, 23-25 август кунлари Вазирлар Маҳкамасининг “2022-2026 йилларда Фарғона вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмиш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”ги қарорининг 31-бандига асосан умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга оид вазифалар ижроси ўрганилди. Ўрганиш натижасида умумтаълим мактабларининг зарур мебель жиҳозлари билан  таъминланмаганлиги, спорт заллари лойихага киритилган, лекин Молия вазирлиги томонидан зарур маблағлар ажратилмаганлиги аниқланди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси