@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қорақалпоғистонда Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватловчи жамоатчилик гуруҳи Давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси ҳолатини муҳокама қилди

 2022-09-16 17:54:09   |     Просмотров: 1295

Жорий йилнинг апрель ойида Қорақалпоғистон Республикасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экспертлар ва маҳалла фаолларидан иборат, 21 нафар таркибда Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватловчи жамоатчилик гуруҳи ташкил этилган эди.

15 сентябрь куни мазкур жамоатчилик гуруҳи аъзолари,  фуқаролик жамияти институтлари иштирокида 2022 йилги Давлат дастурининг 1 сентябрь ҳолатига ижроси бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.

“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширилиши белгиланган 5 та йўналиш, 40 та мақсад ва 107 та банддан иборат Ҳудудий дастур қабул қилинган. Ҳудудий дастурда жами 107 та банд бўйича аниқ муддатлар асосида 157 та вазифа қўйилган.

Таъкидланганидек,1 сентябрь ҳолатига 67 та банд бўйича 79 та вазифа бажарилиши кўзда тутилган бўлиб, тадбирда масъул вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган ҳамда очиқ манбалар орқали эълон қилинган ахборот ва маълумотлар таҳлил қилинди. Қайд этилишича, 60 та вазифа ижроси таъминланган, 17 та банд бўйича 19 та вазифа ижро жараёнида. Яъни ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган ва норматив ҳужжатлар кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун тегишли идораларга киритилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги "2022 — 2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарори қабул қилинган. Мазкур қарорда ҳудудларда аҳоли билан ўтказилган учрашувлар давомида билдирилган таклифлар ва аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этишга қаратилган ҳамда амалий тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланган. Унда жами 68 та банд бўйича вазифалар ижроси кўзда тутилган. Шу вақтга қадар белгиланган 24 та вазифанинг ижроси таъминланган бўлиб, 6 та вазифанинг ижроси бўйича бугунги кунда ишлар давом этмоқда. 3 та банди (яъни 35, 36 ва 48- бандлар) муддатидан олдин бажарилган.

Хусусан, 2022 йил апрель-июнь ойларида Шуманай туманида Туркманистон Республикаси билан чегара ҳудудда “Эркин савдо зонаси”ни ташкил этиш белгиланган  (21-банд). Бу бўйича “Мамый” ОФЙ ҳудудида 20 гектар ер майдони танлаб олинган ва лотларга бўлинган.

2022 йил июнь ойига қадар “Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти” ғояси асосида Қорақалпоғистонда 20 та экспортчини очиқ танлов асосида саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш белгиланган (22-банд). Бу бўйича 10 та корхона экспорт фаолиятини кенгайтириш учун 18,9 млрд сўмлик айланма маблағга эҳтиёж билдирган. Шундан 5 та корхонага 13,5 млрд сўмлик кредит маблағи ажратилган ҳамда 3 та корхонадан 2 млрд 100,0 млн сўмлик айланма маблағни тўлдириш учун ҳужжатлар қабул қилинган, 2 та корхонанинг аризаси рад этилган.

2022 йилнинг апрелига қадар Нукус шаҳри ва Тахиатош туманида жами 71 та кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминоти тизими объектларини янгидан қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш, 60 та кўп квартирали уйларга иссиқлик ўлчов асбобларини ўрнатиш, бу ишларга республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан 10 878,6 млн сўм ажратиш кўзда тутилган  (31-банд). Шундан Нукус шаҳридаги 23 та кўп квартирали уйларнинг ички иссиқлик тизимларини реконструкция қилиш ишларига 2 246,0 млн сўм, Тахиатош туманида эса 48 та кўп қаватли уйнинг ички иссиқлик тизимларини таъмирлашга 2 862 млн сўм ажратилди.

Жамоатчилик муҳокамасида иштирокчилар ҳар бир йўналишда вазифаларнинг бажарилиши ҳолати бўйича фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, фаолиятини янада  жонлантириш бўйича келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Эслатиб ўтамиз, Давлат дастурларида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг ижроси бўйича Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватловчи Жамоатчилик гуруҳи аъзолари иштирокида шу йилнинг апрель-август ойларида 3 та жамоатчилик мониторинги ва  2 та жамоатчилик эшитувлари ўтказилди. Ўрганишлар натижалари, таклиф ва тавсиялари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ҳамда тегишли ташкилотларга тақдим этилиб борилди. 

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси  ҳудудий бўлинмаси