@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Конрад Аденауэр номидаги жамғарма раиси Ўзбекистондаги ННТлар ва Ёшлар парламенти вакиллари билан учрашди

 2022-09-01 15:16:43   |     Просмотров: 1850

Жорий йилнинг 30 августидан Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғарма раиси, профессор Норберт Ламмертнинг Ўзбекистонга ташрифи бошланди. Ташриф мақсади — Жамғарманинг Марказий Осиёдаги фаолияти ҳамда Ўзбекистондаги, минтақадаги ислоҳотлар жараёни билан танишиш.

Ташриф доирасида жорий йилнинг 1 сентябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида германиялик меҳмонларнинг юртимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда Ўзбекистон ёшлар парламенти аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди. “Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг роли ва ривожланиши” мавзусидаги тадбирда Конрад Аденауэр номидаги жамғарма раиси Н.Ламмерт ҳамда Жамғарманинг Европа ва халқаро ҳамкорлик Бош бошқармаси бошлиғи, Бош котиб ўринбосари Герхард Валерс иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Қайд этилганидек, Мустақилликнинг ўтган йилларида Ўзбекистон билан Конрад Аденауэр жамғармаси ўртасида ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорлик алоқалари шаклланди ва изчил ривожланиб бормоқда. Ҳозирги кунга қадар Жамғарма мамлакатимизда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда иқтисодиёт, экология, таълим, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш, давлат идоралари ҳамда нодавлат ташкилотлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича турли қўшма лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Жамғарма раиси тажриба алмашиш ва ташрифларни ташкиллаштириш амалиётини давом эттириш орқали ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. “Зеро, жамғарманинг асосий мақсади мустаҳкам ҳамкорлик орқали ҳар бир мамлакатни эркин ва мустақил ривожланишига кўмаклашишдан иборат”, - деди Н.Ламмерт.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов 2019 йилда Ҳаракат ҳамда К.Аденауэр номидаги жамғарманинг Тошкентдаги Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига  мувофиқ, ҳамкорликдаги фаолият режаси ишлаб чиқилганини таъкидлади. Салкам тўрт йилдан буён икки ташкилот томонидан фуқаролик форумлари, халқаро экспертлар иштирокида анжуманлар, ҳудудларда Давлат дастурларининг ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик эшитувлари, журналист ва блогерлар учун тренинглар ўтказиб келинмоқда. Жорий йилда йирик минтақавий халқаро лойиҳаларни амалга ошириш кўзланган. Бу эса Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Маълумот учун: Конрад Аденауэр жамғармаси 1955 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг Германияда 16 та минтақавий бўлинмалари фаолият кўрсатади. Жамғарманинг хориждаги ваколатхоналари ҳозирда 120 дан ортиқ мамлакатларда турли лойиҳаларни йўлга қўйган. Жамғарма фаолиятининг асосий тамойиллари эркинлик, адолат ва ҳамжиҳатлик ҳисобланади. Унда асосий эътибор инсоннинг ҳуқуқ ва жамият олдидаги мажбуриятларини шакллантиришга қаратилган. Бу ижтимоий адолат, эркин демократия ва барқарор бошқарувнинг асоси ҳисобланади.

К.Анденауэр жамғармаси Ўзбекистонда ўз фаолиятини 1994 йилда бошлаган. Жамғарманинг Марказий Осиёдаги расмий вакили Ронни Хайне.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати