@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Hisense Award “Shaharsoz 2022” битирув малакавий ишлар танлови эълон қилинди

 2022-08-09 16:19:41   |     Просмотров: 1993

Ўзбекистонда ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшларда инновацион тафаккурни шакллантириш, фан-техникага бўлган қизиқишини ва интеллектуал салоҳиятини ошириш борасида турли дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Ушбу йўналишга ҳисса қўшиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ҳам бир қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Улардан бири шаҳарсозлик бўйича архитектура ва муҳандислик соҳасида таълим олаётган талабалар учун Hisense Award “Shaharsoz 2022” битирув малакавий ишлар танловидир. Танлов “Юксалиш” ҳаракати қошида ташкил этилган “Шаҳарсозлик тўлқини” ташаббуси ва Хитойнинг Hisense компанияси билан ҳамкорликда ўтказилади.

Мақсад — архитектура, муҳандислик-қурилиш факультетлари битирувчиларининг малакавий ишлари сифатини ошириш, соҳадаги энг яхши бўлажак мутахассисларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш.

Жорий йилнинг 9 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ташкилотчилар томонидан танлов расман эълон қилинди.

Танлов ташаббускори – 2021 йил “Юксалиш” УМҲ қошида ташкил этилган “Шаҳарсозлик тўлқини” ёш архитекторлар ва лойиҳаловчилар бирлашмаси. Танловнинг бош ҳомийси ва ҳамкор ташкилотчиси – Хитойнинг Hisense компанияси.

Ғолиблар тўрт йўналиш бўйича аниқланади: архитектура, шаҳарсозлик, конструкция, муҳандислик. Ғолибларнинг ҳар бири 10 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ҳамда ҳомийлардан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Аризаларни 2022 йил 17 сентябрга қадар юбориш сўралади. Якуний натижалар 2022 йил 10 октябрда эълон қилинади.

Маълумот учун: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошидаги “Шаҳарсозлик тўлқини” ташаббуси маҳаллий архитекторлар ва лойиҳаловчиларни бирлаштириш, уларнинг архитектура-қурилиш соҳасидаги янгиликлари, илғор ғоялари ва лойиҳалари, якдил фикрларини тарғиб қилиш мақсадларига қаратилган. Унинг мақсад ва вазифалари:

  • Ўзбекистон шаҳарсозлиги ривожига илғор таъсир кўрсатишга қодир нуфузли бирлашма ташкил этиш;
  • Ёш архитекторлар ва лойиҳалаштирувчиларнинг касбий салоҳиятини намоён этиш учун имкониятлар яратиш;
  • Архитектор/лойиҳалаштирувчи касбининг мақоми ва жозибадорлигини ошириш.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати