@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Янги Ўзбекистон орзуси: Ислоҳотларнинг биринчи босқичи натижалари ва истиқболдаги вазифалар

 2022-07-29 09:34:00   |     Просмотров: 2165

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллиги олдидан

Ўзбекистон 2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари билан кенг кўламли эврилишлар йўлини босиб ўтди. Мамлакат ичида бўлганидек, хорижда ҳам янги Ўзбекистон ва олти йил аввалги Ўзбекистон сифат кўрсаткичлари бўйича иккита буткул ўзгача ҳодиса экани борасида экспертлар фикрларида ўхшашлик бор.

2022 йилда Ўзбекистон нафақат замонавий жаҳон тенденциялари ютуқларини қабул қиладиган ва мослаштирадиган, балки ўзи ҳам камида минтақавий кун тартибини шакллантирганча юзага чиқадиган ҳаракатчан, янгиликларга очиқ ҳамда дунё ҳамжамиятининг доимий равишда ривожланиб борувчи аъзоси эканини намоён этмоқда. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт фалсафасини бирмунча ёрқин намоён қиладиган тўртта йўналишни ажратиб кўрсатиш мумкин.

МАРКАЗИЙ ОСИЁ — ЎЗБЕКИСТОН ТАШҚИ СИЁСАТИНИНГ АСОСИЙ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ

Ислоҳотларнинг эътироф этилган дастлабки ютуғи Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатлар шиддат билан юксалиши бўлди. Мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан муносабатларида янги давр бошланди ва бу шунчалар қисқа муддатда амалга ошдики, ҳатто дипломатия санъати дарсликларига киритиш ҳам мумкин.

Тожикистон билан муносабатлардаги силжиш Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолаш билан мустаҳкамланди. Энг муҳими, сиёсий силжиш оддий одамларга ижобий таъсир кўрсатди, чунки фуқароларнинг сафари ва инсонпарварлик алоқаларини енгиллаштирувчи визасиз тартиб киритилди. Ўзбек-тожик чегараларини аниқ белгилаш ва делимитациялаш, шунингдек, сувдан фойдаланиш масалалари бўйича конструктив мулоқотда сезиларли ўзгаришларга эришилди.

Қирғизистон билан Стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация имзоланди. Томонлар чегараларни белгилаш ва Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон йўналиши бўйича транзит автомобиль ва мультимодал юк ташишни ташкил этиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштирди. Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўллари қурилиши лойиҳаси бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда, бунинг амалга оширилиши транзит юк ташишнинг кескин ўсишига хизмат қилади. Сувдан фойдаланиш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик ривожланмоқда. Бунга Жалолобод туманида Ўртатўқай (Косонсой) сув омборидан давлатлараро фойдаланиш тўғрисида тузилган битим мисол бўлади.

2016-2022 йилларда Қозоғистон билан муносабатларда қардошлик ва аҳил қўшничилик алоқалари тубдан янги босқичга кўтарилиб, янада мустаҳкамланди. 2021 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация имзоланган эди. Мазкур ҳужжатда томонларнинг Олий давлатлараро кенгаш, Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлари кенгашини таъсис этиш нияти ифодаланган.

Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил апрель ойида Ашхободга ва Туркманистоннинг янги Президенти Сардор Бердимуҳамедовнинг 2022 йил июль ойида Тошкентга ташрифи давомида Туркманистон билан эришилган келишувлар дўстлик, аҳил қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожланмоқда.

Ўзбекистон сиёсатининг янги Марказий Осиё вектори ҳақида гапирганда, улар сифат жиҳатидан яхшиланишининг бир қанча индикаторларини таъкидлаш мумкин. Марказий Осиё мамлакатлари Ўзбекистонга сайёҳлик мақсади билан ташриф буюрувчи фуқаролар орасида изчил биринчиликни эгаллайди.

Ўзаро савдо-сотиқнинг ўсиши асосий индикаторлардан бири бўлиб хизмат қилди. Пандемияга қадар 2017-2019 йилларда Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан ташқи савдо айланмаси 2,05 дан 3,367 миллиард долларга, Қирғизистон билан 0,25 дан 0,829 миллиард долларга, Тожикистон билан 0,237 дан 0,497 миллиард долларгача ва Туркманистон билан 0,177 дан 0,541 милиард долларга ошди. Жами товар айирбошлаш ҳажми 5,234 миллиард долларни ташкил этди. Бу Марказий Осиёни ўша пайтда Ўзбекистоннинг етакчи ташқи савдо шериклари орасида Хитой ва Россиядан кейин учинчи ўринга олиб чиқди. Охирги йилларда яратилган ижобий асосни эътиборга олган ҳолда яқин келажакда Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг энг йирик экспорт-импорт йўналишига айланишини башорат қилиш мумкин.

Минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланишини минтақа давлатлари ўртасида ишонч ортиб бориши кўрсаткичи, деб ҳисоблаш тўғри бўлади. Буни Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг БМТ, МДҲ ва ШҲТ каби халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлиги тасдиқлаб турибди.

БМТ Бош Ассамблеясининг бир овоздан маъқулланган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси бунга ибратли мисол бўла олади. Резолюция ташаббуси Ўзбекистонга тегишли бўлиб, Қозоғистон, Тожикистон ва Турманистонни киритган ҳолда 50 та давлат унинг ҳаммуаллифи сифатида чиқди.

Шавкат Мирзиёевнинг минтақаларни бирлаштириш даражасини кескин ошириш имконини берган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари форматини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси давлатимиз раҳбарининг бу йўлдаги мақтовга сазовор хизмати бўлди. Бундай учрашувларнинг тўрттаси 2018 йили Нур-Султонда, 2019 йили Тошкентда, 2021 йили Туркманбошида ва 2022 йили Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтди. Бу учрашувларда Марказий Осиё учун долзарб турли муаммолар, кўп томонлама ҳамкорликка устунлик берувчи масалалар муҳокама қилинади.

ИНСОН КАПИТАЛИГА ИНВЕСТИЦИЯЛАР — УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ПОЙДЕВОРИ БЎЛАДИ

Ислоҳотларнинг инсон тафаккурини ўзгартиришга йўналтирилгани уларнинг муҳим таркибий қисми сифатида юзага чиқади. Инсон капитали сифати ҳар қандай модернизация ва иқтисодий муваффақиятнинг энг муҳим пойдеворидир. Бироқ бунинг ортида қуруқ формула ва мулоҳазалар эмас, аввало, асосида стратегик ғоялар туради. Ўзбекистон Президентининг Учинчи Ренессанс ғояси улардан бири.

Унинг моҳияти шундан иборатки, бир томондан, қачонлардир замонавий Ўзбекистон ҳудуди ўз билимларини бошқа цивилизация ва халқларга берган жаҳон илмий, маданий ва маънавий тараққиёт маркази бўлгани тўғрисидаги хотира яшайдиган ўтмишга, маънавий-тарихий илдизларга, миллий ўзликни англаш ва маданиятнинг чуқур қатламларига мурожаат қилади. Бундай интеллектуал гуллаб-яшнаш даврлари биринчи “маърифат” Ренессанси (IX-XII асрлар) ва иккинчи “темурийлар” Ренессанси (XIV-XV асрлар) бўлган. Бошқа томондан, Учинчи Ренссанс ғояси ҳозир ва келажакка қаратилган. Дунёда халқлар иқтисодиёти ва фаровонлигини, уларнинг XXI асрдаги рақобатбардошлигини белгилаб берадиган ахборот-коммуникация соҳасидаги илғор билимлар асосида янги илмий-техник инқилоб кечмоқда. Ўзбекистон учун бу чорлов ва айни вақтда глобал тараққиёт авангардига киришнинг тарихий имкониятидир. Бироқ унинг асосларидан бири таълим тизими бўлиши зарур бўлган тикланишнинг учинчи даври доирасидагина юзага чиқади.

Модомики, узоқ муддатли мақсад аниқ бўларкан, унда таълим ислоҳоти мувофиқ равишда тизимли характер касб этди. Биринчи навбатда, мактабгача таълимга юқори эътибор қаратила бошланди, чунки айнан болалик даврида билимга муҳаббат, маънавий ва эстетик тасаввурларга муҳим асос жойланади. Бу мақсадларга эришиш учун 2017 йили Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди ва 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Қабул қилинган қарорлар натижасида 2020 йилга келиб болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш 2015 йил кўрсаткичларига солиштирганда кескин ортди.

Президент 2020 йил декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2023 йил якунига қадар мактабгача таълимга қамровни 75 фоизгача ошириш мақсадини қўйди. Бюджетдан ажратилган 600 миллиард сўм субсидияга 2 мингта нодавлат болалар боғчаси ташкил этилиши режалаштирилган. Бу соҳада хусусий сектор улуши ҳам 25 фоизгача ўсиши кутилмоқда. Бунда жисмоний имконияти чекланган болалар учун мактаб ва мактабгача таълимга бепул тайёргарлик тизимига алоҳида эътибор қаратилади.

Параллел равишда мактаб таълими сифатини ошириш бўйича кейинги чора-тадбирлар кўрилмоқда. 2022 йилдан методологик, институционал, инфратузилмавий характердаги бир неча йўналишларни ўз ичига оладиган мактаб таълими тизимини ислоҳ қилишнинг янги босқичига старт берилди. Биринчидан, бу янги методикалар асосида ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва уларни мамлакат минтақалари ҳамда ҳар бир тумандаги мактабларнинг 20 фоизига татбиқ этиш дастуридир. Молиялаш ҳажми 100 миллион доллар қилиб белгиланган. Шунингдек, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мақомини ошириш ва уларнинг даромадларини кўтариш юзасидан чора-тадбирлар ҳам кўрилади. Ислоҳотлар мактаб директорларига ҳам дахлдор — янги ўқув йилидан бошлаб уларни сертификатлаш тизими киритилади, шу асосда бу лавозимга номзодлар сараланади. Иккинчидан, мактабларни таъминлаш ва уларни замонавий компьютер технологиялари, юқори тезликдаги интернет билан жиҳозлаш муаммолари ҳал қилинади. Учинчидан, замонавий давр талабларини инобатга олган ҳолда 193 та таълим муассасаси негизида табиий ва аниқ фанлар йўналиши бўлган мактаблар ташкил этиш режалаштирилган. Тўртинчидан, мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилашнинг янги концепцияси ишлаб чиқилади.

Мамлакатимиз пойтахти ва ҳудудларида интеллектуал қобилиятларни максимал даражада очиб бериш мақсадида ёш истеъдодларни аниқлаш, уларни кўп тармоқли илғор таълим муҳитига интеграциялашга ихтисослашган Президент мактаблари пайдо бўлаётгани алоҳида эътиборга молик. Бундан ташқари, охирги йилларда Ўзбекистонда нодавлат мактабларнинг ривожланган тармоғи пайдо бўлди.

Ёш авлоднинг олий махсус таълим олишга ўсиб бораётган истаги фонида олий таълим тизими жиддий ўзгаришларни бошидан кечирмоқда. 2020 йилда Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш учун ариза беришнинг энг юқори кўрсаткичи — деярли 1,5 миллион абитуриент қайд қилинди.

Олий таълим тизимида барча учун тенг ва сифатли таълимни тақдим этиш, шунингдек, гендер тенглик тамойиллари фаол татбиқ этилмоқда, олий таълим муассасаларига киришда кам таъминланган оилалардан бўлган қизлар учун грантлар миқдори икки баробар оширилди. Бундан ташқари, давлат университетларига академик ва бошқарувда мустақилликни тақдим этиш чора-тадбирлари бажарилди. Ҳозирча 35 та университет академик ва молиявий мустақилликни олди, бу рўйхат кенгайиб боради.

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН — ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТ

Ислоҳотларнинг фарқли жиҳати уларнинг яққол ифодаланган ижтимоий йўналгани, инсонга, унинг эҳтиёжларига яқинроқ бўлишга интилиши, одамларнинг тез ўзгариб бораётган ижтимоий-иқтисодий шароитларга мослашишига кўмаклашиш, ижтимоий-иқтисодий шароитлар ва самарали ижтимоий ҳимоя тизимини яратишдан иборат.

Айнан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтган йилларда узоқ йиллар тақиқланган камбағаллик муаммоси жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилди ва кўп ҳолларда мамлакатнинг ижтимоий сиёсати стратегиясини белгилай бошлади. Давлатимиз раҳбари илк бор бу мавзуга ўзининг 2020 йил 24 январда парламентга Мурожаатномасида тўхталиб, аҳолининг кам таъминланган қатлами умумий аҳоли миқдорининг 12-15 фоизини ёки 4-5 миллион кишини ташкил этишини таъкидлади.

Айнан шу вақтдан бошлаб камбағалликни қисқартириш муаммосини ҳал қилишга мажмуавий ёндашувларни ишлаб чиқиш бошланди. Даставвал, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими пайдо бўлди. Ўз навбатида, Давлат статистика қўмитаси мамлакатда камбағаллик чегарасини аниқлашда кўрсаткич ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда роль ўйнайдиган уй хўжаликларини ўрганиш натижалари бўйича аҳолининг энг кам истеъмол харажатларини ҳисоблашни бошлади. Бундан ташқари, Жаҳон банки ва БМТ экспертлари билан ҳамкорликда ўрта ва узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартириш мақсадларини аниқлаш учун 2021-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 27 февралдаги видеоселектор йиғилишидаги қуйидаги фикри камбағаллик билан курашишга мажмуавий ёндашув моҳиятини яққол тасвирлайди: “Камбағалликни қисқартириш иш ҳақи ёки нафақалар миқдорини ошириш, оммавий кредитлар беришни англатмайди. Аввало, аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш, молиявий саводхонлигини ошириш, аҳолини тадбиркорлик билан шуғулланишга ундаш, инфратузилмани, таълим ва даволаш сифатини яхшилаш, манзилли кўмак бериш тизимини жорий этиш зарур”.

Камбағалликни қисқартириш муаммосини айнан шундай тушуниш бугунги кунда янги иш ўринларини яратиш, ходимлар малакасини ошириш, ўзининг кичик ёки оилавий тадбиркорлигини бошлаш истагини маълум қилган одамларни касбга ўргатиш ва қўллаб-қувватлашга эътибор қаратадиган, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, ҳокимликлар юритадиган фаолият бўйича қабул қилинадиган чора-тадбирлар мантиғини белгилайди.

Мажмуавий ёндашув аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини манзилли қўллаб-қувватлашни ҳам ўз ичига олади. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни яратиш, ягона ижтимоий реестр орқали муҳтожларга ёрдам кўрсатиш каби ташаббусларни алоҳида таъкидлаш керак. Кўрилган чора-тадбирлар шарофати билан ижтимоий пенсия ва нафақа олувчи оилалар миқдори икки баробар ошди.

Ижтимоий давлатни одамлар учун қулай яшаш муҳитини, ривожланган маҳаллий инфратузилмаларни яратмай ва фуқароларни арзон уй-жой билан таъминламай туриб тасаввур қилиб бўлмайди. Охирги йилларда Ўзбекистонда бу йўналишларда жуда кўп ишлар қилинди. “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурларини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Ўзбекистон Президенти бу дастурларнинг ижтимоий мезони тўғрисида бундай деди: “Агар маҳалла обод қилинса, бутун мамлакат обод бўлади. Агар маҳалла ўзгарса, бутун жамият ўзгаради”.

Шунингдек, ислоҳотлар давомида кам таъминланган фуқароларни турар жой билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бу ижтимоий тенгсизлик муаммоларини ҳал қилиш билан боғлиқ вазиятга ижобий таъсир кўрсатади.

Арзон уй-жой дастури доирасида нафақат шаҳар ва қишлоқларда фаол янги уйлар қурилмоқда, имтиёзли ипотека кредитлари ҳам тақдим этилмоқда. 2021 йил 1 мартдан Ўзбекистонда кам таъминланган ва турар жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқаролар учун субсидия бериш бўйича хизматлар иш бошлади.

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ — ДАВЛАТ ИСЛОҲОТЛАРИНИНГ СИЁСИЙ ВЕКТОРИ СИФАТИДА

Замонавийлашиш, ижтимоий-иқтисодий ва илмий силжишни мақсад қилган жамиятни инсон ҳуқуқлари ва либерал эркинликларнинг ҳақиқий ташувчиси бўлган масъулиятли фуқарони шакллантирмай туриб тасаввур қилиш қийин. Шу муносабат билан Ўзбекистон ислоҳотларида аввал бошданоқ жамият ҳаётининг барча жабҳаларини либераллаштиришга катта эътибор қаратилгани тўғри йўлдир.

Биринчи навбатда, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилди. Бу “ҳокимият масофаси” деб аталадиган йўлни қисқартиришни англатади ва ислоҳотларни умумхалқ томонидан қўллаб-қувватлаш, фуқароларни муҳокама жараёнлари, ғоялар ва таклифларни юзага келтириш, қарор қабул қилишга бевосита таъсир кўрсатиш жараёнларини муҳокама қилишга жалб этиш имконини берди. Бу, моҳияти бўйича, замонавий ўзбек жамияти учун унда сақланувчи улкан ижодий имкониятни юзага чиқаришда янги тажриба бўлди.

Кейинги йилларда халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришилди, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар кўринишидаги эркин ахборот майдони пайдо бўлди. Буларнинг барчаси замонавий демократиянинг ўзига хос хусусиятларидан биридир.  

Давлатимиз раҳбари 2022 йил 27 июнь куни матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида сўз ва ОАВнинг қадр-қиммати ҳамда аҳамиятини алоҳида эътироф этиб, биз қураётган ҳуқуқий демократик давлатда сўз ва матбуот эркинлиги ҳамиша Конституция, қонунлар ва Президент ҳимояси остида бўлишини қайд этди. Шунингдек, ОАВ ходимлари қонуний фаолиятини эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш демократик ислоҳотларга қарши чиқиш ва Ўзбекистон нуфузига зарар етказиш сифатида баҳоланиши таъкидланди. Президент депутатларга ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини яратиши ва олиб бораётган ишлари юзасидан маълумотни жойлаштириши тўғрисида мурожаат қилди ва ҳокимларга ижтимоий тармоқлардаги саволларга ҳар куни жавоб бериш вазифасини қўйди.

Ислоҳотларнинг энг муҳим ютуқлари орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилгани, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг ратификация қилиниши, экстремизмда шубҳа қилинаётганлар “қора рўйхат”дан чиқарилиши, прописка тизими ислоҳ бўлиши ва фуқаролик бериш тартиби соддалаштирилишини келтириш мумкин. Ўзбекистоннинг тан олинган ютуғи Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ўзбекистон 2021 йили пахтачиликда ишлаб чиқариш циклидан мажбурий ва болалар меҳнатини йўқ қилишга муваффақ бўлди”, деб эълон қилгани, натижада Cotton Campaign коалицияси ўзбек пахтасидан ўн йиллик глобал бойкот олиб ташланганини эълон қилиши, шу билан Ўзбекистон тўқимачилик тармоғига кийим-кечак ва ритейлерларнинг етакчи жаҳон брендлари кириб келиши учун шароит яратилгани бўлди.  

Мамлакатда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилингани ва Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилгани инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ютуқдир. Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида аёлларнинг фаол иштироки ортиб бормоқда. Парламент сайлови якунлари кўрсатишича, хотин-қизлар барча сайланган депутатларнинг 32 фоизини ташкил этди.

ХУЛОСА

Бугун мамлакатимизда ислоҳотлар жадаллашди ва Ўзбекистон янги тараққиёт йўлига қадам қўйди. Бу, ўз навбатида, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маърифий-маънавий муҳит такомиллашиб, серқирра бўлиб бораётганини англатади. Шундай экан, жараёнларни узлуксиз таҳлил қилиш, зарур ҳолларда ўзгартириш киритиш, бошқарувни такомиллаштириш ва ривожланишнинг янги манбаларини креатив тарзда аниқлаш долзарб вазифага айланади.

Шунинг учун Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилиниши ва конституциявий ислоҳотлар ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган эҳтиёждир. Шунингдек, асосий концепти “инсон – жамият – давлат” бўлган ислоҳотлар фалсафасининг кейинги эволюцияси табиий кўринади.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги асосий мақсад ҳар бир фуқаронинг миллати, тили ва динидан қатъи назар, унинг қонуний манфаатлари ва фаровонлиги таъминланадиган, келгусида эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш амалга ошириладиган халқ ва инсонпарвар давлатни яратиш ҳисобланади. Бу мақсад “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси, шунингдек, давлат органлари ишининг асосий тамойили бўладиган қонун устуворлиги ва адолатли ижтимоий сиёсат тамойиллари асосида жамиятни маънавий ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ. Янги йўналишда аввалгидек биринчи ўринда эътибор иқтисодиёт, хусусий тадбиркорлик, инсон капиталини ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилади.

Бу каби ислоҳотлар жамиятимизнинг янги қиёфасини шакллантириш, биз танлаган йўл ортга қайтмас тус олганини амалда исботлаш имконини бермоқда.

Бир сўз билан айтганда, олдимиздаги олий мақсадларни амалга оширишнинг ижобий натижаларини ҳар бир юртдошимиз яқин йилларда ўз ҳаётида ҳис қилиши табиий, албатта.

Бобур БЕКМУРОДОВ,

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси