@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Конституция ислоҳоти: жамиятнинг демократик ривожланиши асослари

 2022-06-27 18:18:00   |     Просмотров: 1852

Жорий йилнинг 27 июнь куни парламент, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, миллий ва халқаро экспертлар давра суҳбати форматида конституциявий ислоҳотларнинг муҳим жиҳатларини жамиятнинг демократик ривожланиши контекстида муҳокама қилдилар.

Унда иштирок этган Халқаро нотижорат ҳуқуқ маркази (ICNL) вице-президенти Наталья Боржелли ўз нутқида фуқаролик жамияти шаклланиши, унинг конституциявий асосланишида қонунчиликни такомиллаштиришга ва дунё тажрибаларига эътибор қаратди.

Фуқаролик жамияти институтлари ролини конституциявий даражада ошириш ҳақида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов сўз юритди. Юридик фанлари доктори, профессор Лола Саидова конституциявий ислоҳотларнинг миллий ва хориж тажрибаси нуқтаи назари билан таққослама таҳлилни тақдим этди.

Таъкидлангандек, Ўзбекистонда халқ билан мулоқот, мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги очиқлиги ва масъулияти давлат аппарати фаолиятининг муҳим шартлари сифатида белгиланди. Бугунги кунда ушбу жараён мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим, айниқса, аҳолини қизиқтирган масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлашувлар ўтказиш мажбуриятини аниқ белгилаш ташаббуси сифатида давом эттирилди ва ривожлантирилди.

Ўзбекистон фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларида иштирокини кенгайтириш, сиёсий институтларни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш ғояси тарафдоридир.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган  демократик ислоҳотлар – биз учун ягона тўғри йўлдир, жамиятнинг ўзи эса мамлакатдаги ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисидир, деган тамойилнинг тасдиғидир.

Бундан ташқари, маърузачилар ижтимоий сиёсатнинг янги парадигмаларини ишлаб чиқишда киритилаётган ўзгаришларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтдилар. Чунки  ушбу масалаларнинг кун тартибига олиб чиқилиши давлатнинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор вазифаларини кўрсатиб беради. Иштирокчилар жамоатчиликни ўз фуқаролик бурчини намоён этган ҳолда Бош Қомусимиз лойиҳаси умумхалқ муҳокамаларида фаол қатнашишга чақирди, зеро конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир фуқарога тааллуқли экани таъкидланди.

Конструктив муҳокамалар якунида келгусида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини конституцион-ҳуқуқий мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Тавсиялар Конституциявий комиссияга тақдим этилади.

Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти томонидан USAIDнинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури кўмагида ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати