@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қозоғистон халқаро тараққиёт агентлиги – KazAID раҳбарияти билан учрашув

 2022-05-19 11:36:00   |     Просмотров: 1707

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов жорий йилнинг 19 май куни Самарқандда ташкил этилган Марказий Осиё ННТлари академияси майдонида Қозоғистон халқаро тараққиёт агентлиги (KazAID) бошқарув раиси Дастан Еулекенов билан учрашди.

Б.Бекмуродов "Юксалиш" ҳаракатининг мақсад ва вазифалари билан таништирар экан, ташкилот ўз фаолиятини нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақаси даражасида кенгайтиришни, янада самарали, инклюзив ҳамкорлик учун минтақа мамлакатларининг фуқаролик жамияти ва "ақл марказлар"и билан биргаликда ишлашни мақсад қилганини қайд этди.

Дастан Еулекенов KazAID ҳақида гапирар экан, агентлик фаолияти Қозоғистоннинг ҳамкор-мамлакатлар билан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, илмий алоқаларни ривожлантиришга, минтақавий ҳамкорликка ва минтақавий муаммоларни ечишга кўмаклашишга қаратилганини таъкидлади. Агентлик "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорлик қилишдан ҳам манфаатдор эканини билдирди ҳамда ўзаро англашув меморандумини имзолашни таклиф қилди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик механизмларини, таклифларни ишлаб чиқиш, яқин истиқболдаги қўшма тадбирлар "Йўл харитаси"ни тузишга келишиб олди.  

Маълумот учун: Қозоғистон халқаро тараққиёт агентлиги (KazAID) Қозоғистон Республикасининг 2014 йил 10 декабрдаги "Тараққиётга расмий ёрдам тўғрисида"ги Қонунига, Қозоғистон ҳукуматининг 2020 йил 15 декабрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Ташкилот мақсадларига Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон тараққиётига расмий ёрдам кўрсатиш, Қозоғистонни минтақавий ва халқаро муносабатлар тизимига янада интеграция қилиш, тинчликни, минтақавий ва глобал хавфсизликни мустаҳкамлаш киради. KazAID Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги қошида фаолият юритади.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати