@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Осиё цивилизациялари ўртасидаги мулоқот: маданий алмашинув, тарихий меросни ўрганиш, туризм ва ёшлар

 2019-05-16 11:33:14   |     Просмотров: 4655

Аввал хабар берганимиздек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари Пекин шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё мамлакатлари цивилизацияларига бағишланган биринчи анжуманда иштирок этмоқдалар.

15 май куни анжуманнинг тантанали очилиш маросимида табрик сўзи билан ХХР Раиси Си Цзиньпин иштирок этди. Хитой раҳбари Осиё давлатлари цивилизацияларнинг замонавий дунёдаги роли ва ҳиссаси, Осиё мамлакатларининг умумий тарихи ва маданиятларини ўрганишнинг аҳамияти, шунингдек, Осиё ва инсоният учун ягона келажак қуришда маданий асосни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Си Цзиньпиннинг сўзларига кўра, Осиё халқлари ўтган минг йиллар давомида жуда катта маданий мерос тўплай олишган. Қадим замонлардан буён улар ўзаро мулоқот қилиб келганлар. Инсониятнинг бебаҳо маданий мероси мисолларидан бири Самарқанд шаҳри - цивилизацияларнинг тарихий чорраҳаси ҳисобланади.

Тадбирнинг юқори мартабали меҳмонлари қатори, шунингдек, Камбоджа, Греция, Сингапур, Шри-Ланка ва Арманистон етакчилари, халқаро ташкилотлар, шу жумладан, ЮНEСКО раҳбарлари иштирок этди.

Бир вақтнинг ўзида бошланган олтита форумлар доирасида жаҳоннинг 47 мамлакати ва ҳудудларидан ташриф буюрган 1500дан ортиқ экспертлар, шу жумладан давлат раҳбарлари, вазирлик ва идоралар, академик доиралар ва таҳлил марказлари, жамоат ва халқаро ташкилотлар етакчилари иштирок этди. Тадбир давомида Осиё маданиятлари ўртасидаги маданий мулоқотнинг долзарб масалалари ҳамда келажаги умумий ҳамжамият қуриш, шунингдек тараққиётнинг асосий омили сифатида халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари форум доирасида Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Глобал стратегия миллий институти томонидан ташкил этилган сессиясида иштирок этдилар. Тадбир 130дан ортиқ етакчи таҳлил марказлари, давлат идоралари вакиллари ҳамда маданият арбобларини бир жойга тўплади.

Сессияда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов сўзга чиқиб, Осиё давлатларининг умумий ҳудуди ер майдонининг 30 фоизини, унда ёшаётган аҳоли эса дунё аҳолисининг 60 фоизини ташкил этишини таъкидлаб ўтди. Қитъа глобал иқтисодий ўсишнинг янги ҳаракатлантирувчи воситаси бўлди. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2018 йилда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисмидан кўпроғи Осиё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бироқ, қитъа мамлакатлари бугунги кунда жиддий иқтисодий қийинчиликлар, барқарорлик ва хавфсизлик соҳасидаги муаммоларга дуч келмоқда.

Шу муносабат билан, минтақалараро мулоқотни ривожлантириш, минтақа халқлари бирлигига кўмаклашиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш, Осиёда узоқ муддатли тинчлик ва фаровонликка эришиш, шу жумладан, маданий, тарихий хилма-хиллик ва мамлакатлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, тарихда нафақат савдо функциясини, балки илм-фан, техника ва санъат ютуқлари бўйича доимий равишда билим ва ғоялар алмашинишига ҳиссасини қўшган умумий меросимиз бўлмиш Буюк Ипак йўлидир.

Туризм маданиятлараро мулоқот ва тарихий алмашинувни самарали йўлга қўйишда муҳим омили бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистонда сайёҳлик, жумладан, ички туризм иқтисодиётнинг истиқболли соҳаларидан бири саналади. Ўтган икки йил давомида 50дан ортиқ мамлакатлар учун 30 кунлик визасиз режим тадбиқ этилди, электрон виза тизими, янги визалар турлари - талабалар, тиббиёт, ватандошлар ва бошқалар турдаги янгиликлар жорий этилди. Этник, экологик ва зиёрат туризмлари ривожланмоқда.

Мунозаралар давомида умумий тақдирга эга инсониятнинг шаклланиши ва ривожланишида таҳлил марказлари янада фаол иштирок этишлари, умумий мақсадларга эришишда интеллектуал жиҳатдан қўллаб-қувватлашлари кераклиги таъкидланди. Минтақадаги ақл марказлари ҳамкорликда тадқиқотлар, тренинглар ва мунтазам мулоқотлар ўтказишлари, янада яқинроқ алоқаларни ўрнатишлари зарурлиги таъкидланди.

Осиё цивилизациялари орасидаги мулоқотни йўлга қўйишда ва уларнинг меросини сақлаб қолишда ёшларнинг ўрни катта ҳисобланади. Қитъада ёш авлоднинг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини оширувчи, фаол фуқаролик позициясини шакллантирувчи, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги турли лойиҳаларни амалга оширувчи миллий, ҳудудий ва халқаро ташкилотлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳим ҳисобланади. Осиё цивилизацияларининг маданий ва тарихий мероси ҳақида ёшларни кенг хабардор қилиш умумий келажакка эга бўлган жамиятни қуришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15–22 май кунлари Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида Осиё мамлакатлари билан мулоқотга бағишланган биринчи анжуман бўлиб ўтмоқда. Асосий мавзу — “Осиё цивилизацияси ва келажаги умумий ҳамжамият барпо этиш”. Анжуман доирасида 110дан ортиқ турли тадбирлар, шу жумладан форумлар, давра суҳбатлари, икки ва кўп томонлама музокаралар ўтказилади. Энг ёрқин тадбирлар сифатида 30 мингга яқин меҳмонлар иштирокида бўлиб ўтадиган Осиё маданияти карнавали, Осиё цивилизацияси ҳафталиги ҳамда гастрономик фестивалларни айтиш мумкин.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати