Хоразм вилояти ҳокимига "Юксалиш" ташаккурномаси топширилди
"Юксалиш" умумиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Хоразм вилояти ҳокими Фарход Эрманов билан учрашди. Учрашувда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини ҳудудда амалга оширилиши борасида давлат ва нодавлат секторлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳаллий даражадаги қарорларни қабул қилиш жараёнларига кенг жамоатчиликни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳаракатнинг Хоразм вилоят бўлинмаси барча давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда, саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда фаолият олиб бориши, бунда аввало, фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ННТлар ва фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, ҳокимлик вакилларига аҳолининг таклиф ва тавсияларидан келиб чиқиб, янги ғоялар тақдим этиб бориши қайд этилди.
Учрашув якунида вилоят ҳокимига Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни амалга ошириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги самарали фаолияти учун "Юксалиш" УМҲ номидан ташаккурнома топширилди.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати