Тадқиқот болаларни мактабга қабул қилишда шаффофлик ва бюджетдан молиялаштириш муҳимлигини кўрсатди
2021 йилнинг декабрь ойида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) билан ҳамкорликда амалга ошираётган “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадқиқот натижалари маълум қилинди.
Лойиҳа мақсади — экспертлик лабораторияларини ташкил этиш ва республика миқёсида коррупциявий хавф-хатарларни ўрганиш, тадқиқотларга кенг жамоатчиликни жалб этиш.
Тадқиқотга 14 та вилоятдаги 114 та мактабдан жами 4 920 нафар респондент, шу жумладан, 114 нафар мактаб директори, 1 563 нафар бошланғич синф ўқитувчиси, 3 243 нафар ота-она қамраб олинди. Натижалар бўйича бир-бирига узвий боғлиқ бўлган 5 та асосий коррупциявий хатарларнинг омиллари аниқланди.
Лойиҳа ва унинг таҳиллари ҳақида ташаббускорлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари фикр билдирди:
Бобур Бекмуродов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси:
— Бундай тадқиқотлар қарор қабул қилувчи органларга жамоатчиликнинг ҳақиқий овозини етказа олиши, жойларда ишларнинг ҳақиқий манзараси ва ҳолатини кўрсата олиши билан аҳамиятлидир. Улар эксперт тажрибасига асосланган тайёр тавсияларни олиш ва мақсадли аудиториянинг тасдиқланган эҳтиёжлари асосида иш кўриш имконини беради. Сўровлар давомида респондентлар нафақат мактабга қабул ва бошланғич таълим, балки олий таълим, педагог кадрлар малакасини оширишдаги муаммоларни ҳам тилга олишди, мактабгача таълим ва мактаб таълими ўртасидаги боғлиқлик суст эканлигини қайд этишди. Тадқиқот мактабга қабул қилишда коррупция ёки этикага зид хатти-ҳаракатларга олиб келадиган коррупциявий хавф-хатар омилларини баҳолашга ёрдам берди. Бу йўналишда болаларни таълим муассасаларига қамраб олиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш ва бюджетдан маблағ ажратиш муҳим омил бўлмоқда. Илғор дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, замонавий технологиялар ва очиқ маълумотлар тизимларидан фойдаланиш коррупция хавфини сезиларли даражада камайтириши мумкин. Агар Ўзбекистон таълим тизимини шаффоф қилишга эриша олса, бу бошқа муҳим тармоқлар учун намуна ва ютуқ бўлади.
Мьюша Север, “Минтақавий мулоқот” ХНТ директори (Словения):
— “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати катта кўламдаги тадқиқот олиб борди, у нафақат пойтахтдаги мактабларни, балки републиканинг барча вилоятларини қамраб олди. Тадқиқот натижалари мактабгача таълим, маҳалла ва соғлиқни сақлаш тизими билан ҳам ўзаро ҳамкорликда фаолият юритиш заруратини кўрсатмоқда. Ўзбекистон раҳбарияти таълимни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб, маблағлар ажратишидан хабардормиз. Мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этар экан, демак, таълим олишга талаб ҳам жуда юқори. Янги Ўзбекистоннинг устувор вазифаларидан бири ҳам таълим соҳасида трансформация, шу жумладан мактаб тизимида ўқитувчилар учун ҳам, ўқувчилар учун ҳам яхши бўладиган ўзгаришлар қилишдир. Ушбу лойиҳа “Юксалиш” сингари нодавлат ташкилотлар мамлакат ривожи учун аҳамиятли лойиҳаларни кенг миқёсда амалга ошира олишини кўрсатди.
Умида Тўхташева, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари:
— Лойиҳада нодавлат нотижорат ташкилотлари коррупцияга қарши курашиш жараёнларининг фаол иштирокчиси бўлиши ва яхши натижалар кўрсата олиши яққол намоён бўлмоқда. Танланган мавзу жуда долзарб ва деярли мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига тааллуқли. Ушбу тадқиқот тизимли қоидабузарликларни аниқлаш ва экспертлар иштирокида жаҳон амалиётидан келиб чиққан ҳолда тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берди. Лойиҳа шунга ўхшаш тадқиқотларни бошлаши мумкин бўлган бошқа ННТлар учун ҳақиқий намуна бўлиши мумкин. Бу йўналишдаги ишлар, ишончим комилки, давом этади ва таълимнинг бошқа соҳаларини ҳам қамраб олади. Ҳозирги натижалар, таклиф ва тавсиялар эса келгусидаги лойиҳалар учун асос бўлади.
Рустам Каримжонов, Ўзбекистон халқ таълими вазири ўринбосари:
— Бундай тадқиқотларни ўтказиш учун бизда ресурслар бор, лекин чуқур таҳлиллар ёрдамида холис баҳо беришнинг иложи йўқ. Ягона тизимда ишлаётганимиз учун қуйида ишлаётган ходимлардан ҳақиқат эшитиш қийин. 2019—2020 йилларда халқ таълими тизимидаги мавжуд вазиятни ўрганиш бўйича тадқиқот олиб борилган, ўшанда 50 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Жараёнларни оптималлаштириш давом этмоқда. 2021 йилда биринчи марта 900 та мактабда (умумий мактабларнинг қарийб 10 фоизи) 1-синфга онлайн қабул ташкил этилди, бу эса ота-оналар учун мактабга келиб, ҳужжат топширишига зарурат қолдирмади. 2022 йилда мамлакатимиздаги барча мактабларда онлайн қабулни ташкил этишни режалаштирганмиз. Ўрганишда кўтарилган муаммолар ва натижада ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялардан келгуси беш йилга мўлжалланган мактаб таълимини ривожлантириш Миллий дастурини ишлаб чиқишда фойдаланилади.
Хушнудбек Худайбердиев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари, ҳуқуқшунос, блогер:
— Давлат ва жамиятни ислоҳ қилиш учун бундай сўровлар, тадқиқотлар зарур. Чунки одатда, бирор давлат муайян стратегик қарорлар қабул қилади, ихтисослашган идоралар раҳбарларининг дунёқараши, соҳани қандай тушунишидан келиб чиққан ҳолда ҳужжат ва дастурлар ишлаб чиқади. Бунинг учун, биринчи навбатда, фундаментал тадқиқотлар, илмий асослар ва ижтимоий сўровномалар керак, деб ўйлайман. Шу каби тадқиқотларни олий таълим соҳасида ҳам олиб боришни таклиф қиламан. Ҳеч кимга сир эмас, бу тизимда коррупция оғриқли нуқта ҳисобланади. Хорижлик мутахассисларнинг таклиф ва тавсиялари асосида олиб борилаётган бундай илмий асосланган тадқиқотлар олий таълим муассасалари тизимида жуда зарур.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати