“Юксалиш” ҳаракати халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиради
13 декабрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов АҚШ элчихонасининг халқаро наркотикларга қарши кураш ва ҳуқуқни қўллаш фаолияти департаменти директори Жек Андерсон ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти директори Мьюша Север билан учрашди.
Бобур Бекмуродов меҳмонларга ташкилотнинг 2022 йилдаги фаолият йўналишлари ва режалари ҳақида маълумот бериб, ҳар бир лойиҳа бу — жамоадаги янги мутахассислар, янги методологиялар, янги моделлар ва ёндашувлар эканлигини таъкидлади. Истиқболдаги асосий мақсад — халқаро нодавлат нотижорат ташкилотга айланиш. Келгуси йилда Коррупцияга қарши курашиш лабораторияси фаолиятини давом эттириш, ННТлар мактабини Марказий Осиё ННТлар академияси даражасигача кенгайтириш режалаштирилган.
Мулоқот давомида томонлар ахлоқ ва коррупцияга йўл қўймаслик мавзусида фуқаролик таълимининг илғор тажрибасини жорий этишга келишиб олишди.
"Юксалиш" УМҲ давлат органларининг тезкор экспертизаларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, қабул қилинаётган қарорлар самарадорлигини ошириш мақсадида қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш учун оператив платформалари (Prompt Expertise Platform) – лаборатория (лойиҳа) ташкил этиш заруриятини кўрмоқда. Бундан ташқари, парламент, етакчи идоралар ва маҳаллий ҳокимлик раҳбарлари учун миллий ва халқаро тадқиқотларнинг мунтазам каталогини яратиш, тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Жек Андерсон АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида ҳам, Вашингтоннинг ўзида ҳам Ўзбекистон сиёсати ва қарашларида сезиларли ўзгаришлар, жамиятдаги эркинлик ва ошкораликни ҳис этаётганини қайд этди. АҚШ ҳукумати Ўзбекистонни ривожланишнинг турли йўналишлари бўйича кенг танловга эга давлат сифатида кўради. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси департаменти, хусусан, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш, суд-тиббиёт экспертизаси, қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш, адлия тизимини ислоҳ қилиш каби соҳаларда иш олиб боришни режалаштирган.
– Депортаментимиз асосан, жиноят ҳуқуқи билан, USAID эса маъмурий ҳуқуқ билан шуғулланади, – дейди Ж. Андерсон. –Ва биз кўряпмизки, "Юксалиш" ҳаракати томонидан таклиф этилган ғоялар кўпроқ давлат ва жамият бошқаруви жиҳатларига тегишли бўлиб, USAID билан ҳамкорлик янада самаралироқ кўринади. "Минтақавий мулоқот" халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда эса биз коррупцияга қарши ташаббусларни амалга ошириш устида ишлаяпмиз. Бу йўналишда ҳам Ҳаракат билан ҳамкорликни давом эттиришимиз мумкин.
Шунингдек, учрашувда ёшлар ва кекса авлод вакилларининг ҳукуматдан ва ислоҳотлардан кутаётганлари бўйича тадқиқот олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати