@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўш давлат университети қошида Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази очилди

 2021-10-20 15:32:00   |     Просмотров: 2343

20 октябрь куни Қирғизистоннинг Ўш давлат университети қошида  Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги ваколатхонаси, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси вакиллари, университет раҳбарияти, педагоглар, ёшлар иштирок этди.  

Ўш давлат университети қошидаги Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиёда тинчлик ва бағрикенглик учун кўп қиррали мулоқот” лойиҳаси доирасида ташкил этилган иккинчи Марказдир. Биринчи Марказ жорий йилнинг февраль ойида Фарғона давлат университетида очилган эди.

Марказда самарали ишлаш, жумладан ёшлар, давлат ва жамоат тузилмалари салоҳиятини ошириш учун барча шароитлар яратилган. Марказ Фарғона водийсида трансчегаравий салоҳиятни ва мулоқотни ривожлантириш, мунозара муҳитини яратиш технологияларини илгари суриш ва жалб қилинган мутахассислар малакасини ошириш учун турли тадбирлар, услубий ва ўқув базаси бўлишга хизмат қилади. Яқин келажакда Хўжанд шаҳрида (Тожикистон) яна бир Марказ очиш режалаштирилган.

Марказлардаги барча тадбирлар тинчлик, бағрикенглик ва кўп миллатлиликни ривожлантириш, барқарор ривожланишга интилаётган ёшлар учун гендер тенглик устун бўлган жамиятни барпо этишга қаратилган. Хусусан, Ўшдаги Марказ фаолияти доирасида талабалар, ўқитувчилар, университет раҳбарияти ва барча манфаатдор томонлар учун бир қатор минтақалараро баҳс-муҳокама мусобақалари, мунозара клублари, ҳудудий ёшлар эксперт форумлари ва бошқа тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.

  — Сифатли, шу жумладан ноодатий таълим олиш ёш авлоднинг билими ва малакасини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли, Марказнинг очилиши яхши қўшничилик ва тинчлик ўрнатиш усуллари ва платформаларни яратишда катта аҳамиятга эга, бу ерда ёшларнинг ўзи жамият ҳаётидаги ўзгаришларнинг агенти сифатида иштирок этади, - деди Ўш давлат университети ректори Кудайберди Кожобеков.

— Ўш давлат университети қошида ҳам яна битта Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази ташкил этилгани қувонарли. Ёшлар тенгдошлари билан бемалол мулоқот қилиши, фикр ва тажриба алмашиши учун Фарғона ва Ўш шаҳарларидаги Марказлар ўртасида алоқа ўрнатилди. Бу эса трансчегаравий ташаббуслар, фуқаролик жамияти институтлари ва ёшлар имкониятларини янада оширишга ёрдам беради. Марказлар таълим ва ахборот дастурлари, лойиҳалари ва материалларини ишлаб чиқишнинг ўзига хос хабга айланади, - деди “Юксалиш” УМҲ ижрочи директори Асқар Маматхонов.

Эслатиб ўтамиз, “Марказий Осиёда тинчлик ва бағрикенглик учун кўп қиррали мулоқот” лойиҳаси Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилмоқда ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан учта мамлакатдаги ҳамкорлари — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), “BIOM” экологик ҳаракати (Қирғизистон) ҳамда “Гендер ва тараққиёт” жамоат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга оширилмоқда.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати